Мактаб таъмирига ёрдам ихтиёрий бўлиши керак

Умумтаълим мактабларида ўқув йили якунига етиб бормоқда. Шу боис мактаб маъмурияти синф хоналарини кейинги ўқув йилига тайёрлаш ҳақида ўйлаб, ҳаракатни бошлаши табиий. 

Бу жараён фақат ихтиёрий равишда бўлиши керак. Агарда кимдир ўз фарзандини ўқишига қўшимча шароит яратмоқчи, ниманидир таъмирламоқчи ёки мактабга яна қандайдир ёрдам бермоқчи бўлса уни бемалол қилиши мумкин. Жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини ота-оналар яхши билишади. Лекин ҳаммага бир хил ёндашиб, ота-оналардан мажбурий пул йиғиш ҳолатларини олдини олиш керак. Ҳозирги пандемия шароитида кўпчилик иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалада мактаб маъмуриятидан тўғри ёндашувни таъминлашни сўраймиз. 

Кейинги ўқув йилидан аксарият мактабларда юқори синф ўқувчилари ҳам бошланғич синф ўқувчиларига ўхшаб, ўз синф хоналарида ўқиш имкониятига эга бўлади (аввалги кабинет тизимидек, синфма-синф юрмасдан). Бу эса нафақат синфни таъмирлаш учун кўрсатилган ёрдамни тўғри ишлатилишига, балки кейинчалик ушбу ўқувчилар томонидан ўз синфлари ҳолатини яхши сақлашига ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Бундан ташқари, мактаблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қўшимча маблағ топиши мумкин. Ҳомийлар турли корхона, собиқ битирувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлиши мумкин. Ҳомийлик ихтиёрий тарзда ва қонуний ташкил этилиши лозим. Яъни, пул маблағлари мактаб ҳисобига тушиши ва маблағни сарфланиши бўйича маълумот олиши учун шароит яратилиши керак.

Ҳозирги кунда мактабларда Кузатув кенгашлари фаолият юритмоқда. Кузатув кенгашига ўқувчиларнинг ота-оналари, собиқ битирувчилар, ўқитувчи ва бошқалар сайланиши мумкин. Кузатув кенгаши аъзолари бюджетдан ҳамда қўшимча ишлаб топилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш ваколатига эга.

Baham ko'ring: