Кўп бериладиган саволлар

Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларига кириш учун қайси фанлардан тест ўтказилади?

ЖАВОБ: Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфларига, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан  ўқувчиларни 5 ва 7-синфга қабул қилиш учун Давлат тест маркази томонидан қуйидаги фанларнинг тегишлилиги бўйича биттасидан тест синовлари ўтказилади: 

✅филология — муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та, жами 30 та тест саволи; 

✅ижтимоий фанлар — муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 20 та, математикадан 10 та, жами 30 та тест саволи; 

✅аниқ фанлар — математикадан 20 та, муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи; 

✅табиий фанлар — математикадан 20 та, муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи; 

✅хорижий тиллар — муассасада таълим олиб бориладиган хорижий тил (инглиз, немис, француз)дан 20 та, она тили ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи;

✅технология — математикадан 20 та, муассасада таълим олиб бориладиган тил ва адабиётдан 10 та, жами 30 та тест саволи.

 Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарорида алоҳида фан йўналишлари кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

*****

Нима сабабдан 9-синф битирувчиларига шаҳодатномаларининг оригинали эмас, унинг нусхаси бериляпти. 11-синфни битирганидан кейин аттестатларнинг оригинали бериладими?

ЖАВОБ: Ўзбекистонда 11 йиллик мажбурий таълим жорий этилгани сабабли, аксарият 9-синф ўқувчлари таълимни ўз мактабида давом эттиради, уларнинг шаҳодатномаларининг оригинали ҳам мактабда сақланади. Агар 9-синфдан кейин ўқувчи бошқа мактабга ёки академик лицейга ўқишга қабул қилинса, ушбу ўқишга кирган таълим муассасаси томонидан берилган маълумотнома (талон) асосида шаҳодатноманинг оригинал нусхаси бериб юборилади. Бу масалада ота-оналар мактаб директорига мурожаат этишлари мумкин.

 11 йиллик мажбурий таълимни тамомлаганидан сўнг эса уларга аттестатлари тантанали равишда топширилади.

*****

Мактаб ўқувчиларига олтин медаль бериш шартлари қандай? 

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 апрелдаги 154-сонли қарори билан умумий ўрта таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби таcдиқланган.

✅ Унга кўра, олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

✅ Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

*****

Умумтаълим мактабларининг 0,5 ставка штат бирлигидаги раҳбарлари (маънавий-маърифий ҳамда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарлари) неча соатгача дарс олиши мумкин ва иш ҳақи қай тартибда тўланади?

ЖАВОБ: Умумтаълим муассасалари раҳбар ходимларига дарс соатларини ажратиш меъёрлари Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида низом” асосида тартибга солинган.

 Ушбу Низомнинг 14-бандига кўра халқ таълими муассасасининг раҳбар ходими томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади ҳамда улар меҳнатига соатбай ҳақ тўланади.

Меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2019 йил 22 апрелда 3157-сон билан рўйхатга олинган Қарор билан тасдиқланган “Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари”га кўра белгиланиб, умумтаълим мактаблари педагог ходимларига ўтган дарси учун соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари тегишли базавий лавозим маошларига нисбатан 1,2 фоизда ҳисоблаб чиқарилади ҳамда унинг таркибига меҳнат таътили ҳақи киритилган.

*****

Мен педагогика университетнинг 3-босқич талабасиман. Айтингчи, мен мактабда дарс беришим мумкинми? 

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисидаги Низом”нинг 8-бандига кўра педагоглик ишини амалга ошириш учун олий таълим муассасасининг 4-босқичида ўқиётган шахслар қўйилиши мумкин.

Сиз 3-босқичида таҳсил олаётганлигингиз учун умумтаълим муассасаларида ўқитувчи сифатида ишлашингиз мумкин эмас.

*****

Мен мактабда пенсия ёшидаги ўқитувчиман, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари агар аттестациядан ўтмасам тоифам туширилишини айтяпти. Айтингчи, шу тўғрими?

ЖАВОБ: Йўқ, нотўғри.  Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг пенсия ёшида бўлган педагог кадрлари аттестацияга ўз хоҳишига кўра жалб этилади. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сонли "Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" ги Қарорига илова билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандида белгилаб қўйилган.

Аттестацияга жалб этилмаган педагог кадрларнинг мавжуд малака тоифалари ва лавозимлари таълим муассасаларида ишлаган даврида сақланиб қолинади.

*****

Кейинги йил ноябрь ойида фарзандим 7 ёшга тўлади, уни 1-синфга берсам бўладими?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг (https://lex.uz/docs/5013007) (2020 йил 23 сентябрь) 9-моддасида: “Умумий ўрта таълим ташкилотларининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади” деб белгилаб қўйилган.

Масалан, келгуси  2021/2022 ўқув йилида 1-синфга чиқадиган болалар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар етти ёшга тўладиган бўлиши, яъни 2014 йилнинг 31 декабрь кунига қадар туғилган бўлишлари лозим.

 Шу ўринда, ота-оналарга фарзандларини мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида мактабгача таълим ва тарбия тизимида 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш тизими жорий этилишини эслатиб ўтамиз. 

*****

Бизнинг мактабда директор ҳар бир ўқитувчидан видеодарслар тайёрлашни талаб қиляпти. Ушбу талаб тўғрими?

ЖАВОБ: Ўқитувчиларга онлайн видео олиш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳеч қандай талаб қўйилмаган. Онлайн мактаб лойиҳаси телеканаллар орқали мактаб дастури бўйича ҳар кун эфирга бериб бориляпти. Мазкур жараёнга 117 нафар педагог жалб қилинган.

*****

Фарзандим бу йил мактабга чиқди, уни мактабга мобиль телефон билан юборсам бўладими?

ЖАВОБ: Юборишингиз мумкин. Фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир ўқувчи ўз телефони чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. 

Бунда ўқувчиларга мактабда телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида сақлаш, телефон ёрдамида атрофдагиларга  зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва  суратларни намойиш қилиш, таълим муассасасида сурат ва видеолар олиб,  кейинчалик тарқатиш тақиқланади.

Шунингдек дарс вақтида:

телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;

телефонни стол устига қўйиш;

мусиқа тинглаш;

сурат ва видео тасвирларни  кўрсатишда телефондан фойдаланиш, тасвирлар кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча ва бошқа хизматларидан фойдаланиш мумкин эмас.

Ўқувчиларга танаффусларда фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга рухсат этилади. 

*****

Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиш учун пул тўлайдиларми?

ЖАВОБ: Меҳнат кодексига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.

Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.

Тиббий кўрикдан ўтиш муносабати билан ходимдан пул ундирилмайди, шунингдек тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

*****

Умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синф ўқитувчиси қайси фанлардан дарс бериши мумкин?

ЖАВОБ: Умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқитувчиси дипломида “Бошланғич синф ўқитувчиси”, “Бошланғич таълим ва тарбиявий ишлар методикаси”, “Бошланғич таълим ва тарбиявий иш”, “Педагогика ва бошланғич синфлар ўқитувчиси” каби ихтисосликлардан бири берилган бўлса, улар умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синфларида “она тили”, “ўқиш”, “тарбия”, “математика”, “атрофимиздаги олам”, “табиатшунослик”, “тасвирий санъат”, “технология” фанларидан дарс бериши мумкин. 

Шунингдек, бошланғич синф ўқитувчисининг дипломида “Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш” ихтисослиги берилган бўлса, улар умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синфларида “она тили”, “ўқиш”, “тарбия”, “математика”, “атрофимиздаги олам”, “табиатшунослик”, “тасвирий санъат”, “технология”, “жисмоний тарбия” фанларидан дарс бериши мумкин. Шу сабабли, бошланғич синф ўқитувчисининг тариф ставкаси ушбу фанлар ҳисобидан тўлдирилиши мумкин.

*****

Магистратурани битирган мутахассис мактабга ишга қабул қилинса, унга нечанчи тоифа берилади?

ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ магистр даражасига эга мутахассисларга, шунингдек олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли педагог кадрларга — иккинчи малака тоифаси ёки катта ўқитувчи лавозими берилади.

*****

Мактабларда телефон воситаларидан фойдаланиш тартиби қандай? 

ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 21 майда “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарор асосида Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи ишлаб чиқилган. мазкур ҳужжатлар таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартибини белгилайди ҳамда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиш, давлат ва жамият манфаатлари йўлида ўқувчи ёшларнинг соғлиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтириш, таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган.

Унга кўра, Таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ўқитувчилар ва бошқа шахслар уяли алоқа воситасини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Телефон фақат махсус ғилофларда, сумка ва портфелларда олиб юрилиши керак. Таълим олувчиларга телефон воситаларни бўйинга осиб юриш, шим ва юбка чўнтакларида олиб юриш, дарс вақтида эса улардан фойдаланиши қатъиян тақиқланади. 

*****

Бир ўқитувчи иккита синфга раҳбар бўлиши мумкинми?

ЖАВОБ: 2007 йилда тасдиқланган таълим муассасасининг синф раҳбари тўғрисидаги низомга мувофиқ, бошланғич синф ўқитувчилари ўзига бириктирилган синфга раҳбар ҳисобланади. 

5-9-синфларда синф раҳбарлари тажрибали ўқитувчилар орасидан таълим муассасаси маъмурияти  томонидан танлаб олиниб, тайинланади.

Бир ўқитувчига фақатгина битта синф раҳбарлиги топширилади.

*****

Бош ўқитувчи малака тоифасига эга коллеж ўқитувчиси мактабга ишга ўтса, тоифаси сақланадими?

ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом»нинг 17-бандига асосан Мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог кадрларининг малака тоифалари ёки лавозимлари мазкур таълим муассасаларининг бир туридан бошқасига ишга ўтганда сақланади. 

Бунда мактабгача таълим ва халқ таълими тизимлари педагог кадрларининг иккинчи малака тоифаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг катта ўқитувчи лавозимига, биринчи малака тоифаси — етакчи ўқитувчи лавозимига, олий малака тоифаси — бош ўқитувчи лавозимига тенглаштирилади.

*****

Мактаб ўқувчилар мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаганида ўқувчиларга қандай чоралар қўлланиши мумкин?

ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамаси қарори ва Халқ таълими вазирлигининг 208-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги низомининг 18-бандига кўра Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

✔️ Огоҳлантириш

✔️ Кундалик дафтарига қайд этиш

✔️ Тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш

✔️ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш

✅ Мазкур низомга кўра ўқувчиларнинг таълим муассасасига мактаб формасида келишларини таъминлаш учун ота-оналар масъул ҳисобланади.

✅ Таълим муассасасида ўқувчилар томонидан мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилиниши таълим муассасаси раҳбарияти, синф раҳбарлари, ёшлар етакчиси ва педагог ходимлар томонидан назорат қилиб борилиши белгиланган.

*****

Фарзандимни бир мактабдан бошқасига ўтказишим мумкинми? Агар мумкин бўлса қандай амалга оширилади?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2015 йил 2 июндаги “Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 13-мҳ-сонли буйруғига (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 17 июнда 2684 рақами билан рўйхатдан ўтказилган) асосан қуйидаги тартибда амалга оширилади:

✅ Фарзанд таълим олаётган мактаб директори номига ариза берилади. Аризада фарзандини бошқа мактабга ўтказиш сабаблари кўрсатилади.

Мазкур ариза бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқиш кўчирилаётган мактабга тақдим этиш учун тегишли шаклда мактабдан кетиш талони берилади.

✅ Ўқиш кўчирилаётган мактаб директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Аризага мактабдан кетиш талони ва яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома илова қилинади.

Ўқиш кўчирилаётган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олинган куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун мактабга келиш талонини бериши лозим.

✅ Фарзанд ўқиётган мактаб директорига мактабга келиш талонини бериш лозим.

Бунда шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Мазкур буйруқ билан ота-оналар таништирилиб, қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

✔️ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

✔️ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;

✔️ўқувчининг тиббий картаси.

✅ Ҳужжатларни ўқиш кўчирилаётган мактаб директорига топшириш лозим. Бунда шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

Ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.

Поделиться в: