Қишки таътил даврида ўқитувчиларга касбий маҳоратларини оширишлари тавсия этилади

Умумтаълим мактабларида қишки таътил кунларидан самарали фойдаланиш, фан ўқитувчилари ўз устида ишлашлари ва касбий маҳоратларини оширишларини ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан махсус дастур ишлаб чиқилди.

Мазкур дастур асосида фан ўқитувчилари 2021 йилнинг 4-9 январь кунлари давомида ўзи фаолият кўрсатаётган мактабларда ўзининг касбий маҳоратини ошириш учун қуйидаги ишлар билан шуғулланишлари тавсия этилади:

✅ иш тажрибаси оммалашган, изланувчан, ташаббускор ва ижодкор ўқитувчиларнинг замонавий дарс ўтиш усуллари билан танишади, иқтидорли ва ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчилар билан ишлаш усулларини устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ тажрибали устозлардан ўрганади;

✅ малака ошириш курсида ўрганган янгиликларини ўқув жараёнида қўллаш, мураккаб мавзуларни осонроқ тушунтириш йўллари, фанга оид турли хил дидактик қуролларни ишлаб чиқишни бошқа фан ўқитувчилар билан муҳокама қилади;

✅ чет тили (инглиз тили)ни ўрганиш бўйича хорижлик мутахассислар томонидан тайёрланган элементар босқич (basic English) бўйича дарсларни томоша қилиб, чет тиллар бўйича саводхонлигини оширади;

✅ ўз фани йўналиши бўйича ўқув режалар, дастурлар, дарсликлардаги ўзгаришларни ўрганиб чиқади, тизимга доир меъёрий, методик ҳужжатлар ва улардаги имтиёзлар билан танишади;

✅ «Кундалик» электрон журнал ва электрон кундалик тизими билан танишиш мақсадида «Кундалик» жамоаси томонидан тайёрланган роликларни, халқаро тадқиқотлар (PISA, PIRLS, TIMSS) бўйича дарслар, «Таълим технологияси», «Тарбия» фани бўйича видеодарсларни томоша қилади;

✅ таълимга оид онлайн-ресурсларда янгилик ва видеодарслар билан танишади, ўз фани бўйича қўшимча маълумотлар тўплайди, замонавий педагогик технологиялар, ўқитиш методларини излаб топади.

✅ 2020-2021 ўқув йилининг 3-чораги давомида тақвим-мавзу режалари асосида ўтадиган дарсларига тайёргарлик кўради, мавзуларга оид қўшимча материаллар тўплайди, тақдимотлар тайёрлайди.

Маълумот учун:

Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ривожлантиришга қаратилган видеодарслар 4-9 январь кунлари соат 14:00дан бошлаб «Онлайн мактаб» рукнидаги телевизион дарслар бериб бориладиган телеканалларда ўзбек ва рус тилларида эфирга узатилади. Эфирга бериш жадвали Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар куни «онлайн мактаб» телеграм каналида бериб борилади.

Baham ko'ring: