Қашқадарёдаги 42-умумтаълим мактаби IT соҳасига ихтисослаштирилди ва замонавий компьютерлар билан жиҳозланди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги 42-умумтаълим мактаби ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабга айлантирилди. Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу мактабга Кореяда ишлаб чиқарилган 15 дона замонавий компьютер жамланмаси тақдим этилди.

Техникаларни топшириш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Бош вазир маслаҳатчиси Олим Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев иштирок этди. Шунингдек, мактабдаги шарт-шароитлар, ўқув жараёни билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Ташриф доирасида «Таълим муассасаларида ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларидан фойдаланиш» мавзусида семинар-тренинг ҳам ташкил этилди.

Рустам Каримжонов вилоятнинг барча туманларидаги мактабларнинг информатика ўқитувчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мавзуга оид:

Халқ таълими вазирлиги вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳнинг Қашқадарёдаги мактабларни кўздан кечириши давомида жами 1 661 та компьютер синфлари мавжудлиги аниқланди, шундан:

• 1 005 таси яроқли,

• 655 таси маънан эскирган,

• 812 тасида компьютер синфига эҳтиёж бор, дея хулоса қилинди.

Baham ko'ring: