Халқ таълими вазирлиги ва АҚШнинг Oracle компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Томонларнинг ўзаро келишувига биноан республиканинг барча ҳудудларидан 30 та умумий ўрта таълим муассасасини Oracle Academy онлайн платформасига уланади. Информатика ўқитувчилари учун тренинглар ташкил этиш, жорий ўқув йилидан вариатив ўқув режа асосида фрилансерлик йўналишида юқори синф ўқувчиларига Java Foundation каби ўқув курсини ўқитишни ташкил этиш назарда тутилган.

Биринчи навбатда жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида пилот мактабларининг 60 нафар информатика ўқитувчилари учун хорижий тренерлар томонидан “Java дастурлаш тили” ҳамда “SQL маълумотлар базаси” йўналиши бўйича онлайн тренинглар ташкил этилади. Тренингни муваффақиятли битирган ўқитувчиларга тренерлик фаолиятига рухсат берувчи тегишли сертификат берилади.

Иккинчи навбатда пилот мактабларнинг компьютер техникаси созлиги ҳамда юқори тезликда кенг полосали интернет тармоғига уланишини шай ҳолатга келтирилади ҳамда ота-оналар ва ўқувчилар билан биргаликда фрилансерлик йўналиши бўйича вариатив ўқув режа ўқитиш жорий этилиши келишилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур курсларни муваффақиятли тамомлаган мактаб битирувчиларининг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган халқаро даражадаги сертификатни қўлга киритиши ҳамда иш шароити, ойлик маоши ва бошқа омиллари маъқул бўлган замонавий касбини эгалланиши таъминланади.

Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги ўз нутқларида ҳам «Мактабни битирган ўқувчи олийгоҳга кириши керак ёки мактаб давридаёқ бирор-бир касб-ҳунарга эга бўлиши шарт» эканлигини таъкидлаб ўтган эдилар, Oracle компанияси билан ҳамкорлик ёшларни келажак касбларга тайёрлаш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.

Ҳозирги кунда вазирлик томонидан CISCO, Microsoft, Autodesk каби етакчи ИТ-компаниялар билан мактаб ўқувчиларни келажак касбларига тайёрлаш масаласида музокаралар олиб борилмоқда.

Baham ko'ring: