Халқ таълими вазири Швейцария элчиси билан ўқувчиларни касбга тайёрлаш тизимини ривожлантириш хусусида фикр алмашди

Халқ таълими вазири Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Константин Оболенски билан учрашди. Учрашувда мамлакатлар ўртасида халқ таълими соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалалар кўриб чиқилди.

Маълумки, Швейцария таълим тизими Европа ва Америка таълимидаги энг яхши анъаналарини ўзида мужассам этган ўзига хослиги билан ажралиб туради.

photo2021-09-2412-08-54-2.jpg

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ушбу учрашувнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Швейцариянинг муваффақиятли тажрибаси мисолида кўмак беришни таклиф этди. Шу билан бирга халқ таълимининг ҳозирги ҳолати, амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар, шунингдек, долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари ҳақида фикр билдирди. Вазир қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, таълим соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини ҳам қайд этди.

photo2021-09-2412-08-54-3.jpg

Муҳокамалар давомида энг муҳим мавзу — ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш тизимини ривожлантиришга эътибор қаратилди. Мазкур соҳага жиддий эътибор қаратилсада, ҳанузгача қатор муаммолар мавжуд бўлиб, соҳани диққат билан ўрганиш зарурлиги таъкидланди.

Асосий муаммо шундаки, халқимизда олий ўқув юртларига ўқишга кирган битирувчилар касб-ҳунарни танлаган ёшларга қараганда кўпроқ муваффақиятга эришади, деган стереотип мавжуд. Вазир таълимнинг ажралмас бўғини сифатида вазирликнинг аҳамиятини, шунингдек, бу стереотипларни ўзгартиришда унинг муҳим ролини қайд этди.

Учрашув доирасида умумий таълим мактаблари ўқувчиларининг касб-ҳунарга қизиқишини жалб этиш учун Швейцария тажрибаси асосида касбга йўналтириш курсларини ташкил этишга келишилди. Шунингдек, касб танлашда гендер тенглик масаласига ечим топиш муҳимлиги таъкидланди.

photo2021-09-2412-08-54.jpg

Элчихона мутасаддилари қизларни мактаб ёшидан АКТга ўргатиш учун тажриба дастурини ташкил қилишни таклиф қилди.

Бу лойиҳани амалга ошириш гендер тенглик мавзусига кўпроқ эътиборни жалб этади. Бу эса қизларга масофадан ўқиш ва бошқа АКТ кўникмаларини ўрганиш, келажакда уйдан чиқмасдан ҳам муносиб даромад топиш имкониятини беради.

Baham ko'ring: