Мактабларга ёрдам умуммиллий ҳаракатга айланмоқда: давлат ва маҳаллий бошқарув органи раҳбарлари мактабларни оталиққа олди

Мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимиятлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, шунингдек сектор раҳбарлари халқ таълими тизимида фаолият юритаётган умумтаълим мактабларини оталиққа олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Мазкур йиғилиш баёнига мувофиқ вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимиятлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарларининг оталиққа олиш рўйхати ва уларнинг ўқув муассасаларига ташрифлари режасини тасдиқлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифага масъулиятли ёндашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли топшириғи билан вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимиятлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари халқ таълими тизимида фаолият юритаётган умумтаълим мактабларига оталиққа бириктирилди. Жумладан, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари Тошкент шаҳридаги 302 та умумтаълим мактабини оталиққа олди. Шу билан билан бирга, маҳаллий давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари 119 та мактаб, сектор раҳбарлари 815 та мактабга бириктирилди.

Бириктирилган вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимиятлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари ҳар ой оталиққа олинган мактабларига ташриф буюради. Ташриф доирасида улар “Вазир соати”, “Ҳоким соати”, “Тадбиркор ва банкирлар сабоғи”, “Ҳаёт сабоқлари” каби очиқ дарсларини ўтказиш билан бирга ўқув муассасаси фаолияти ва муаммолари билан яқиндан танишиб боради.

Умумтаълим мактаби (филиали) биносини реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш чораларини кўриш бўйича ишларни ўз назоратига олади.

Ўз ўрнида бириктирилган раҳбарлар мактабларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, жиҳозлаш, жумладан, кутубхоналарни янги адабиётлар билан бойитиш, ўқув муассасасини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўмак беради.

Раҳбарларга юклатилган вазифалар орасида мактабларни янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда Президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусини амалга ошириш бўйича умумтаълим мактабларини тайёрлаш ва бу йўналишда ўтказиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш ҳам назарда тутилган.

- 2019 йилнинг 23 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур, деб таъкидлади. Мактабларни республикадаги вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимиятлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарларига оталиққа бериш орқали биз жойлардаги мактабларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш ва таълим сифатини ошириш бўйича қўйилган мақсадларга эришамиз. Умид қиламизки, мамлакатимиз келажагига бефарқ бўлмаган йирик давлат ва хусусий корхоналар, банклар, ташкилот вакиллари ҳам бу ҳаракатга қўшилиб, мактабларимизни ривожлантиради. Фақат биргаликдагина кўзланган мақсадга эриша оламиз! — деди Халқ таълими вазири ўринбосари Иброхим Джураев.

Baham ko'ring: