2020 йилнинг 25 сентябрь куни Давлат экология қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлигига 2000 дона «Ўзбекистон қизил китоби»ни беғараз тақдим этишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад бугунги кунда улғайиб келаётган ёш авлоднинг экологик таълими, маданиятини ошириш, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириши учун Давлат экология қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳамкорликда чоп этилган «Ўзбекистон Қизил китоби»ни Халқ таълими вазирлигига беғараз 2000 дона тақдим этишдан иборат.

Давлат экология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нарзулло Обломурадов тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсадга тўхталар экан, янги чоп этилган «Ўзбекистон Қизил китоби» ва redbook сайти ўқувчилар ўртасида экологик маданиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев таълим тизимида экологик тарбиянинг ўрни ҳамда жорий йилда мазкур йўналишда таълим мазмунига киритилган янгиликлар тўғрисида йиғилиш қатнашчиларига маълумот берди.

“Жорий йил янги яратилган 5-синф «Биология» дарслигига «Табиатни муҳофаза қилиш» мавзуси киритилган бўлиб, унда «Муҳофаза қилинадиган ҳудудлар» ва «Қизил китоб» ҳақида маълумот берилди. Мазкур мавзуда «Қизил китоб»ни Ўзбекистонда биринчи марта қачон таъсис этилганлиги ва у нима учун хизмат қилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳамда китобга киритилган ўсимлик ва ҳайвонлардан мисоллар расмлар асосида келтирилди. Дарсликка илк бор 2009 йил ва 2019 йилда нашр этилган «Қизил китоб» тўғрисидаги маълумотлар видеоролик тарзида тайёрланиб, QR-код шаклида мавзуга жойлаштирилди.

Экологик таълим-тарбиянинг бугунги кун учун аҳамиятини инобатга олган ҳолда илк бор янги ташкил этилган «Тарбия» дарслигининг ҳар бир босқичига ўқувчиларда экологик маданиятини оширишга хизмат қилувчи мавзулар сингдирилди”, - дея таъкидлади Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари.

Шунингдек, тадбир давомида йиғилиш иштирокчиларига Давлат экология қўмитаси мутахассиси Алишер Юнусов томонидан «Ўзбекистон Қизил китоби» тақдимот қилинди. Учрашув сўнгида Давлат экология қўмитаси томонидан олиб келинган 2000 дона «Ўзбекистон Қизил китоби»ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Baham ko'ring: