Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан халқ таълими соҳасида ҳамкорлик қилади

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан халқ таълими соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг мамлакатларга Америка ёрдами координатори Офиси катта маслаҳатчиси Ричард Стоддард Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти билан учрашув чоғида маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ жорий йилнинг 28 сентябрида ривожланиш мақсадлари бўйича 50 миллион доллар миқдоридаги шартномани имзолаган. Ушбу маблағ беш йил ичида ажратилади.

Мазкур келишув Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ривожланиш бўйича биринчи кенг қамровли грант шартномаси бўлиб, Қўшма Штатларнинг халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасидаги узоқ муддатли мажбуриятини белгилайди.

Учрашувда Ричард Стоддард икки мамлакат таълим соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик ишлари олиб борилишини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар халқ таълими тизимини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлашга тайёр.

Учрашув якунида томонлар таълим соҳасида келгусидаги ислоҳотлар ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.

Baham ko'ring: