30 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасасига қабул қилинган юртимиз умумтаълим мактаби ўқувчилари

Давлатимиз раҳбарининг таълим тизимини ислоҳ қилиш, хусусан мактабларга 11 йиллик таълимни қайтаришдаги саъй–ҳаракати натижасида­ юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадр, ватанпарвар, юксак маънавият эгалари бўлиб улғайишида муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ҳурматли муаллималаримиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи деб биламиз. Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ».

Юксак ишончни оқлаш мақсадида фидойи устозлар ўқувчиларнинг фанларни тўла ўзлаштиришлари, билим, кўникмаларининг оширилишига ва албатта, ўғил-қизларнинг халқаро майдонда ҳам ўз иқтидорларини амалда намоён этиши учун замонавий педагогик таълим стандартлари асосида билим бермоқда.

Мана шундай иқтидорли ёшларни Юнусобод туманидаги 250-мактаб ўқувчилари орасида ҳам учратиш мумкин. Бу даргоҳда иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. 2019-2020 ўқув йили битирувчилари Гулруҳбону Шокирова ва Абдулворис Миркомилов эришган ютуқлари кишига алоҳида фахр-ифтихор бағишлайди. Улар эришган ютуқлар нафақат мактаб ўқувчиларига, балки Республикамиз ёшларига ҳам намунадир.

Гулруҳбону Шокирова ва Абдулворис Миркомилов бошланғич синфданоқ мактаб ва туман миқёсида ўтказиб келинадиган фан олимпиадаси ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритган. Гулруҳбону Шокирова она тили ва адабиёт фанларидан бўлиб ўтган билимлар беллашуви ҳамда фан олимпиадаларининг туман ва шаҳар босқичларида фахрли I–II ўринларни эгаллаган. Шунингдек, турли мавзуларда ўтказилган иншолар танловнинг Республика босқичида ҳам муносиб ўринларга сазовор бўлган. У мактабни олтин медаль билан тамомлаган илк қалдирғочларидан ҳисобланади.

Мазкур таълим масканининг яна бир иқтидор эгаси Абдулворис Миркомиловдир. У математика фанидан туман ва шаҳар босқичларида ўтказилган билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларга эга бўлган. Қувонарлиси, Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган математика фани бўйича Халқаро олимпиаданинг саралаш босқичида фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритган.

Гулруҳбону Шокирова 33 та, Абдулворис Миркомилов 35 та университетга талабаликка қабул қилинди.

Эътиборлиси, Гулруҳбону ва Абдулворис каби Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмасликларини амалда исботламоқда.

Baham ko'ring: