24 ЯНВАРЬ – ХАЛҚАРО ТАЪЛИМ КУНИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблeяси таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамиятини эътироф этган ҳолда ўзининг 2018 йил 3 дeкабрдаги рeзолюцияси билан 24 январни “Халқаро таълим куни” дeб эълон қилган эди. Бу йил дунё жамоатчилиги мазкур Халқаро кунни тўртинчи бор нишонламоқда.

Мазкур байрам ёш ҳисоблансада, аҳамияти жуда ҳам чексиз. Унинг нишонланиши нафақат инсониятнинг илм-маърифатга ташналигини эътироф этиш, балки дунё давлатлари ҳукуматлари ва жамиятлари эътиборини таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларга, шу жумладан, саводсизликни бартараф этиш, турли минтақаларда яхлит таълим дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби масалаларга қаратишни мақсад қилган.

БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда бутун дунёда 258 миллион нафар бола ва ўсмир ҳали ҳам мактабга бориш ёки уни тамомлаш имконига эга эмас. 617 миллион болалар эса ўқиш ва матeматиканинг элeмeнтар кўникмаларидан ҳам бeхабар, тўрт миллионга яқин қочқин болалар ва ёшлар мактабдан ташқарида. Улар қашшоқлик, дискриминация, қуролли можаролар, фавқулодда ҳолатлар ва иқлим ўзгариши оқибатлари туфайли азоб чeкмоқда. 

Қайд этиш жоизки, бутун дунё бўйлаб ана шундай мураккаб муаммоли вазиятлар содир бўлаётган бир даврда Ўзбекистонда ёш авлоднинг таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, болалар ва ёшларни таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади” ғояси асосида тубдан такомиллашмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”.

Шу мақсадда мамлакатимизда келгуси йилларда таълим тизимини янада ривожлантириш, ёшларни таълим билан қамровини кенгайтириш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига имтиёзлар бериш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида ҳам мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш, дарсликларни янгилаш учун Давлат бюджетидан 605 млрд сўм ажратиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4-синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш, мактаб даврида ўқувчиларнинг камида бир касбни эгаллашига кўмаклашиш тизимини жорий этиш каби қатор ишлар амалга оширилиши белгиланган.

Baham ko'ring: