100 дан ортиқ мактабларда «Хавфсиз мактаб» тизими жорий этилди

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини электрон ҳисобга олиш тизими лойиҳаси концепциясини амалга ошириш доирасида Тошкентдаги 100 дан ортиқ мактабларга «Хавфсиз мактаб» лойиҳаси доирасида “Face ID – Юздан таниш» технологияларига асосланган электрон давомат тизими жорий этилмоқда.

Яъни, ушбу тизим инсон юзидан таниш технологияси асосида ишлаши ҳамда тўсиқли турникетлар, пластик карталар ва бошқа ускуналар талаб этилмаслиги ва жойлаштирилмаслиги сабабли, ўқувчиларнинг мактаб ҳудудига кириш ва чиқишлари жараёнини тўсиқсиз ва хавфсиз ташкил этиш имконини беради. Шу билан бирга, бирор бир ўқувчи қайсидир сабабга кўра мактабга келмаса ёки кечга қолиб келса, ушбу ҳолат бўйича маълумот марказий серверда автоматик равишда акс эттирилади. Бу эса мактабда ўқувчилар қатнови тўғрисида маълумотлардан «он-лайн» тартибда мактаб маъмурияти, ҳудудий халқ таълими идоралари ва вазирликка хабардор бўлиб туришлари имконини беради.

Тизимнинг асосий афзалликларидан бири шундаки, мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг кириб чиқиши назорат остида бўлади. Яъни мактаб ўқувчилари ва ишчи-ходимлари базасида йўқ бўлган шахслар мактаб ҳудудига кириши биланоқ бу ҳақда мактаб директори ва бошқа масъул шахслар хабардор бўлади.

«Хавфсиз мактаб» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан давлат-хусусий шериклик асосида жорий қилинмоқда. 2021-2022 ўқув йилида Тошкент шаҳрининг 297 та умумтаълим мактабларида ушбу лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг бошқа қонуний вакилларига фарзандларининг мактаб ҳудудига киришлари ва чиқишларини ягона тизим орқали кузатишлари учун имконият яратилади. Мазкур хизматдан фойдаланиш тўлиқ ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланиш истагида бўлганлар тизимда рўйхатдан ўтишлари ва лойиҳани амалга оширувчи хусусий шерик томонидан белгиланадиган тўловни амалга оширишлари лозим бўлади.

Мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилади.

Келгусида республикамизнинг барча умумтаълим мактаблари босқичма-босқич «Хавфсиз мактаб» лойиҳаси билан қамраб олиниши ва бунинг учун қўшимча давлат-хусусий шериклик лойиҳалари жорий этилиши ёки халқаро молия институтларининг грант маблағлари ҳамда бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

Baham ko'ring: