Сайт тест режимида ишламоқда

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИДА АНТИКОРРУПЦИОН ҲАФТАЛИК ДОИРАСИДА «ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ» ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

1 декабрь 2021 йил
image

Жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни»га бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида «Очиқ эшиклар куни»да вазирлик раҳбарияти, масъул мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг жамоатчилик ва фуқаролар олдида очиқлигини таъминлаш ҳамда журналист, блогерлар шунингдек фуқароларни коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларга оид саволларига жавоб бериш мақсадида ташкил этилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, халқ таълими тизимида коррупцияга оид қонунбузарлик ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш йўналишида вазирлик томонидан бир қатор ташкилий ва амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор Фармон ва Қарорларига мувофиқ Вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий Хизмати негизида Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш бўлими ташкил қилиниб унинг асосий вазифалари сифатида вазирликда коррупцияга қарши кураш бўйича «комплаенс-назорат» (compliance control) тизимини жорий этиш ва уни такомиллаштириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцион хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.

Ўтказилаётган ўрганишлар таҳлика-таҳлилларга (риск-анализ) асосланиб, яъни масофадан мониторинг қилиш мобайнида шубҳали ҳолатлар аввал таҳлил қилиниб, аниқланган ҳолатлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда мутахассисларни объектларга йўналтириш йўлга қўйилган.

photo2021-12-0115-13-50.jpg

Вазирлик фаолиятида асосий эътибор молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларига қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Жорий йилдаги 11 ой давомида жами 368,6 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган.

Шунга қарамасдан, йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88,0 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 млрд. сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.

Мисол учун, жорий йилнинг ноябрь ойида Ҳисоб палатаси биргаликда ўтказилган Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 11,5 млрд. сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11,0 млрд. сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4,0 млрд. сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.

Таркибида жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

Тадбирда вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.

Хусусан, ҳозирга қадар соҳада аниқланган йўл қўйилган хато ва камчиликлари юзасидан 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган.

Ўтган давр давомида вазирлик томонидан 264 минг 41 нафар ходим ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 963 нафарининг ҳуқуқи тикланган бўлса, 188 та ҳолатда бошқа давлат органлари томонидан фаолиятга ноқонуний аралашув ва текширувларнинг олди олинган.

Шунингдек, вазирлик томонидан амалга оширилган таҳлиллар натижасида Халқ таълими тизимидаги фаолият жараёнларини очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.

photo2021-12-0115-13-50.jpg

«Очиқ эшиклар куни» доирасида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа вакиллари томонидан батафсил жавоб олди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни самарали ишлатилишини таъминлаш, тизимдаги коррупцион хавф-хатарлар, молиявий хато ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларни олдини олиш юзасидан ишлар давом эттирилади.

.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu