Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби такомиллаштирилмоқда

2019.08.14 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ–5538-сон “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2018 йил 14 августдаги ПҚ–3907-сон “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ–3931-сон “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатлардаги тушунмовчиликларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасининг ишлаб чиқилишидан мақсад халқ таълими тизими ходимларининг ижтимоий мавқеи ва нуфузини ошириш кўзда тутилган бўлиб, Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом янги таҳрирда баён қилинмоқда.

Ушбу Низом билан халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг энг муҳим жиҳатлари инобатга олинган.

Жумладан, амалдаги халқ таълими тизимига оид ҳужжатларда ёритилмаган раҳбар ходим, педагог ходим, техник ходим, хизмат кўрсатувчи ходим, халқ таълими тизими ходимлари ҳамда базавий тариф ставка атамаларига тушунчалар берилган;

олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълим шаклида таълим олаётган талабаларга 2-курсдан бошлаб ҳафтада 20 соатгача дарс ўтишларига йўл қўйилмоқда.

Бундан ташқари, мактаблардаги педагогик мутахассисликка эга ёшлар етакчиси ва психолог лавозимларнинг билим-тажрибаларидан кенг фойдаланиш мақсадида улар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш шарти билан 10 соатгача дарс ўтишларига имкон яратилмоқда.

Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларда ватанга бўлган садоқатни мустаҳкамлаш мақсадида умумтаълим мактабидаги ўқувчиларни чақириққа тайёрлаш раҳбари мактаб директорининг ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича ўринбосари сифатида киритилмоқда.

Шу билан бирга, тегишли текширув органлари томонидан баҳсли мулоҳазаларга сабаб бўлаётган амалдаги меъёрий ҳужжатларда мавжуд бўлмаган таълим муассасалари ўқитувчиларининг ёзги таътилдан қайтган даври учун уларга ҳақ тўлаш масаласи кўрсатиб берилган. Бунда, уларга (июнь-август ойлари) навбатдаги ўқув йили бошлангунга қадар улар меҳнатига ҳақ тўлаш фақатгина белгиланган базавий тариф ставкалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги Фармонига асосан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори қўлланилиши белгиланган. Шу муносабат билан, мазкур лойиҳада умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига қўшимча ҳақ тўловлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоиз ҳисобида амалга оширилмоқда.

Маълумки, таълим стандартларини бажариш халқ таълими тизимининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу йўналишда, кадрларга эҳтиёжи юқори бўлган мактабларда Давлат таълим стандартлари талабларини бажариш мақсадида истисно тариқасида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимининг тегишли буйруғи асосида ўқитувчига бир ярим ставкадан ортиқча дарс (10 соатгача) беришига рухсат этилмоқда. Бунда, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб директорлари мавжуд вакантларни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўриши ва малакали ходимлар билан таъминланиши учун масъул ҳисобланиши белгиланмоқда.

Халқ таълими вазирлиги қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барча жамоатчилик вакилларини муҳокамаларга фаол иштирок этишга чақиради. Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 29 августига қадар қадар давом этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99871)215-50-94 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.