“Harlem Globetrotters” жамоасининг маҳорат дарсларида 2,5 мингдан ортиқ ўқувчилар иштирок этди

2019.05.13 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 29 апрелидан 4 майига қадар юртимиз умумтаълим мактабларининг 2,5 мингдан зиёд ўқувчилари Американинг “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоаси маҳорат дарсларида иштирок этди.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда АҚШ элчихонаси ташаббуси билан ёшлар орасида баскетбол ўйинини тарғиб қилиш ва буллингга қарши курашиш мақсадида “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоасининг мамлакатимизга ташрифи ташкиллаштирилди.

“Harlem Globetrotters” жамоаси аъзолари Фатима Листер (TNT) ва Жулиус МакКларкин (Zeus) Ўзбекистонга ташрифи давомида T.E.A.M Up at School дастури доирасида қатор маҳорат дарсларини ўтказишди. Мазкур дастур ўқувчиларга буллинг билан курашишда кўмак беради. T.E.A.M. – гапирмоқ (talk), раҳм қилмоқ (empathize), сўрамоқ (ask) ва мобиллашмоқ (mobilize) маъноларини англатади.

Фатима Листер ва Жулиус МакКларкин Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида тўққизта умумтаълим мактабларида бўлди. Тўп ўйини орқали маҳоратларини намойиш этиб, зўравонликка қарши курашишни ўргатишди.

Маҳорат дарсларида фаол иштирок этган ўқувчиларга сертификатлар топширилди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев “Harlem Globetrotters” жамоаси ўтказган маҳорат дарслари ҳақида шундай дейди:

-Ўзбекистон Республикасининг Халқ таълими вазирлиги номидан америкалик ҳамкасбларимизга “Harlem Globetrotters” баскетбол жамоаси вакиллари ташрифини ташкиллаштирганлиги учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Аминманки, “Harlem Globetrotters” жамоасининг маҳорат дарслари фарзандларимизни спортга жалб қилиш ва уларга жамоада ишлашни ўргатишда ёрдам беради.“Harlem Globetrotters” жамоасининг маҳорат дарсларида иштирок этдим ва болаларнинг табассумларини, уларнинг жараёнга қизиқишларининг гувоҳи бўлдим. Ўйлайманки, мазкур маҳорат дарслари орқали ҳар бир ўқувчининг спортга бўлган қизиқишини янада ошира олдик.

Ушбу лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг иккинчиси, яъни ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга ҳам кўмак беради.

Лойиҳа доирасида ўқитувчилар, мактаб психологлари ва спорт мураббийлари АҚШлик профессор Лори А. Вульф томонидан ижобий психология усуллари бўйича тренингларида иштирок этдилар.

 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 
 
 
 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99871)215-50-94 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 37

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.