Танқидий-таҳлилий руҳда ўтди

2017.04.26 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунларига бағишланган  ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вазирлик ҳайъати аъзолари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, давлат педагогика ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ректорлари иштирок этди.

Мажлисни Халқ таълими вазири, ҳайъат раиси У.Иноятов олиб борди.

Тадбирда 2017 йилнинг ўтган даврида тизимда бажарилган ишлар, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиққанлар таълим сифатини кучайтириш, ўқув муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берди. Тизим ходимларининг касб малакасини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш фаолиятда АКТдан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ умумтаълим муассасаларида компетенциявий ёндашувга асосланган янги давлат таълим стандартларини босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш, ўқувчилар давомати бўйича назоратни кучайтириш, “Оила–маҳалла–таълим муассасаси” жамоатчилик кенгаши кўмагида ота-оналар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш, уларнинг узлуксиз ва мустақил равишда касбий маҳоратини ошириб бориши учун ҳаракатдаги ўқув машғулотларини ташкил этиш, методик хизматнинг янги, ўқитувчилар эҳтиёжига асосланган тезкор ва самарали шаклларини кенг жорий этиш, таълим муассасалари раҳбарларининг салоҳиятини ошириш юзасидан  тегишли топшириқлар берилди.

Тадбирда тизимдаги ислоҳотларнинг натижалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Танқидий таҳлил асосида ўтган йиғилишда вазирлик ва унинг қуйи тизимларида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида, қонуний жавоб бериш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Қайд этилишича, ҳисобот даврида виртуал қабулхона орқали Халқ таълими вазирлигига жами 3,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни ўрганиб, қаноатлантириш, муаммоларни сифатли ҳал этиш, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, интерактив хизматларни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Айтиш жоизки, жорий йилда илк маротаба умумтаълим мактабларидаги 104 минг нафар ўқитувчининг касбий салоҳияти ва маҳорати онлайн тарзда ўрганилди. Синовда иштирок этган ўқитувчиларнинг билими вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда Сурхондарёда, Сирдарёда, Қашқадарёда вилоятларида нисбатан паст кўрсаткич қайд этилган. Йиғилишда масъул мутасаддиларга таълим сифатини ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.