Бухоролик болалар беллашувда фаол

2016.07.05 | Янгиликлар

Ўқувчи-ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш, юртимизнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқларида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, айниқса, оромгоҳга жалб этилмаган ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадига йўналтирилган “Ёз – 2016” спорт мусобақалари Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларида катта тайёргарлик ва кўтаринки кайфият билан ўтказилмоқда.

Ғиждувон туманида ҳам “Ёз—2016” спорт мусобақаларининг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида беллашувларнинг белгиланган муддатда ўтиши, спорт иншоотларининг тайёргарлик ҳолати, шунингдек, ғолиб ўқувчилар ва уларнинг мураббийларини муносиб тақдирлаш ишларига эътибор қаратилди.

“Ёз — 2016” спорт мусобақасининг тантанали очилиш маросими тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мажмуасида ўтказилди. Мазкур спорт байрами кўпчилик йигит-қизларда мусобақада иштирок этиш иштиёқини уйғотди. Ички имкониятларимиз ва ўқувчиларимизнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда Низомда белгиланган спорт турларига қўшимча равишда дзюдо ва белбоғли кураш бўйича ҳам беллашувлар ташкил этилди. 12 та вазн тоифасида кечган дзю-до баҳсларида саккизта жамоа таркибида жами 146 нафар ёш спортчи ўзаро беллашди. Умумий натижаларга кўра, 1-умумтаълим мактабининг Илҳом Адизов мураббийлигидаги ёш спортчилар жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Белбоғли кураш бўйича эса тумандаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчилари ғолибликни қўлга киритди. Эндиликда ўтадиган ёш футболчилар мусобақаси учун футбол майдони шай қилиб қўйилган. Бу йилги “Ёз – 2016” спорт мусобақаларида туман бўйича қарийб икки мингга яқин ўқувчи иштирок этади.

Мазкур мусобақалар Бухоро шаҳрида ҳам қизғин жараёнларга бой тарзда ўтаётир. Шаҳар марказидаги “Бухоро” спорт мажмуасида ўтказилган очилиш маросими ёш спортчиларда яхши таассурот қолдирди. Тантанали тадбирда 200 нафарга яқин ўқувчи иштирок этди. Маросимдан сўнг мусобақаларга старт берилди.

Стол тенниси бўйича ўтган мусобақа ниҳоятда муросасиз ва кескин баҳсларга бой бўлди. Унда барча жамоалар ғолиблик учун астойдил кураш олиб борди. Беллашувлар жараёни иштирокчиларнинг катта тайёргарлик кўрганини яққол намоён этди. Айниқса, шаҳардаги 18-умумтаълим мактаби ўқувчилари беллашувларда фаоллик кўрсатиб, юқори натижани қайд этди.

Вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган мусобақалар ўқувчиларнинг ёзги таътили мазмунли ўтишига хизмат қилаётир.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99871)215-50-94 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.