Халқ таълими вазирлиги томонидан медиа-тур ташкил этилди

2019.03.20 | Янгиликлар

Юртимизда умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари таълим олишлари билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш, қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда таълимни давом эттиришлари ёки эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига кенг шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилиб, уларда ўқувчиларга турли йўналишлар бўйича таълим берилмоқда.

Кенг жамоатчиликни ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Умумий ўрта таълим муассасалари 10-11-синф ўқувчиларига ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида бериладиган касблар” мавзусида медиа-тур ташкил этилди. Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси мутасадди вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Медиа-тур доирасида умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари билан танишилди. Дастлаб, иштирокчилар пойтахтимиздаги Касб-ҳунарга йўналтириш ва профилли меҳнат таълими Республика ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси билан таништирилди. Таълим муассасасида касбий таълим жараёни инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида олиб борилаётгани тикувчилик, ёғоч ва ганч ўймакорлиги, наққошлик, пазандачилик, компьютер саводхонлиги машғулотларини кузатиш асносида яққол намоён бўлди. Эътиборлиси, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси мазкур таълим масканининг ўзида олиб борилаётгани ўқувчиларга қулайлик яратмоқда. Шунингдек, мазкур мактабда технология ва информатика фан хоналари жиҳозларидан фойдаланган ҳолда касб ўргатиш йўлга қўйилганлиги ўқувчиларнинг ўзи қизиққан касблар бўйича олаётган билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Сўнгра Олмазор енгил саноат касб-ҳунар коллежидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасидаги машғулотлар фаолияти билан танишилди. Мазкур муассасага тумандаги 8 та умумтаълим мактаблари бириктирилган бўлиб, жами 773 нафар 10-синф ўқувчиларига касбий таълим берилади. Булардан 231 нафари ҳисобчи, 204 нафари компьютер оператори, 144 нафари парда тикувчи ҳамда 194 нафари тикувчилик касби сирларини ўрганишмоқда.

19 та умумтаълим мактаби бириктирилган Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида жами 2772 нафар 10-синф ўқувчилари касбий таълим олмоқда. Медиа-тур давомида масканда фаолият юритаётган сартарошлик, заргарлик, компьютер оператори, мебель ишлари устаси, ҳисобчи, миллий таомлар ошпази, тикувчилик бўйича ўтказилаётган машғулотлар кузатилди.

Медиа-тур сўнгида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан журналистлар саволларига жавоб берилди.

Маълумот учун:

  • 2018-2019 ўқув йилида жами 737 642 нафар 10-11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш учун 1 748 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилди. Шундан 279 961 нафари 11-синф, 457 681 нафари 10-синф ўқувчиларидир.
  • 1059 та касб-ҳунар коллежлари базасида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларига 8083 та мактабларнинг 658 456 нафар ўқувчилари (89,2 %);
  • 689 та умумтаълим мактаблари базасида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларига бириктирилган 1399 та мактабларнинг 79 641 нафар ўқувчилари (11,8%) жалб этилган.
  • Ҳозирги кунда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларга 51 та касб ўргатилмоқда.

Медиа-тур пресс-релизи ўзбек ва рус тилларида.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.