Мактаблар фаолияти кузатув кенгашлари томонидан назорат қилинади

2019.02.04 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 декабрдаги “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 16-мҳ-сон буйруғи (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 11 январда 3118-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) асосида Умумий ўрта таълим муассасаларида Кузатув кенгаши фаолиятини ташкил этилиши белгиланган.

Шу боис, 2019 йил 23 январь куни Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари директорлари учун Мирзо Улуғбек туманидаги 64-сонли ва Чилонзор туманидаги 217-сонли мактабларда умумий ўрта таълим муассасаларида Кузатув кенгаши аъзоларини белгиланган тартибда сайлаш ва кенгашнинг дастлабки намунавий таъсис йиғилишлари ўтказилди. Мазкур йиғилишда Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан Кузатув кенгаши фаолиятини тўғри ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Жумладан, таълим муассасаларида Васийлик кенгаши фаолияти тугатилиб, Кузатув кенгашлари фаолиятини ташкил этиш мақсади, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Кузатув кенгашлари аъзолари қандай тартибда сайланади?

Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Кенгаш аъзоларининг сони чекланмайди. Кенгашга ота-оналар, собиқ битирувчилар ва нафақадаги собиқ педагоглар, ҳомийлар ва жамоат вакиллари киришлари мумкин.

Шунингдек, кузатув кенгашини таъсис этиш, кенгаш таркибини ва унинг раҳбар органларини сайлаш йиғилишларини уч босқичда ўтказиш лозим бўлади.

Биринчи босқичда ҳар бир синф ота-оналари йиғилиши ўтказилади. Йиғилишда ота-оналар “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги Намунавий низом” билан таништирилади, таълим муассасаси умумий йиғилишига 2 нафар вакил сайлаб олинади.

Вакилларга йиғилиш қарори билан таълим муассасаси умумий йиғилишида синф ота-оналарининг ирода-манфаатларини ифода этиш, муҳокамаларда фаол қатнашиш ва қарор қабул қилиш давомида овоз бериш ваколатлари берилади.

Шунингдек, синф ота-оналари йиғилишида таълим муассасаси кузатув кенгаши аъзолигига 1 нафар номзод сайлаш учун тавсия этилиши мумкин, муносиб номзод бўлмаса, тавсия этилмаслиги ҳам мумкин.

Иккинчи босқичда таълим муассасасининг умумий йиғилиши ўтказилади.

Йиғилишда умумтаълим мактабининг кузатув кенгаши ҳақидаги Низомни тасдиқланади ва кузатув кенгашини таъсис этиш, кузатув кенгаши аъзолари сони белгиланади ва улар таркиби сайлаб олинади.

Учинчи босқичда Кенгашнинг биринчи йиғилиши туман халқ таълими бўлими томонидан тегишли таълим муассасасида ташкил этилади.

Биринчи йиғилишида иштирок этаётган Кузатув кенгаши аъзолар умумий сонининг оддий кўпчилик очиқ овоз бериши орқали Кенгаш раиси ва котиби сайланади.

Кенгаш раиси ва котибига таълим муассасасининг жорий йил мақсад ва вазифаларини акс эттирувчи ҳамда уларга эришиш йўллари кўрсатилган 
йиллик режа лойиҳасини тайёрлаш ва кенгашнинг кейинги йиғилиши муҳокамасига киритиш юзасидан қарор қабул қилинади.

Шунингдек, таълим муассасаси директори ёки унинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари сифатида сайланишига йўл қўйилмайди. 

Кенгаш таркиби 3 йил муддатга сайланади. Бунда Кенгаш таркиби ҳар ўқув йили бошида кўриб чиқилиши мумкин.

Кенгаш аъзоси этиб сайланган ота-оналарнинг фарзандлари бошқа таълим муассасасига ўтказилганда ёки битириб кетганда, Кенгашнинг ушбу аъзоси Кенгаш аъзолари қаторидан чиқарилади ва унинг ўрнига ота-оналар орасидан бошқа аъзо сайланади.

Кенгаш аъзоси кенгашнинг йиғилишларида сурункали 3 марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, у Кенгаш аъзолари таркибидан чиқарилади. Кузатув кенгаши йиғилишлари камида уч ойда бир бор ўтказилади.

Илк Кузатув кенгашлари қандай сайланди?

Юқорида қайд этганимиздек, Мирзо Улуғбек туманидаги 64-сонли ва Чилонзор туманидаги 217-сонли мактабда намунавий тарзда мамлакатимиздаги илк Кузатув кенгашлари сайланди.

Ушбу жараён икки босқичда ўтказилди.

Биринчи босқичда, ҳар бир синфда таҳсил олаётган ўқувчилар ота-оналаридан кенгаш аъзолигига таъсис йиғилишида делегат сифатида иштирок этиш учун тавсия берилган номзодлар рўйхати ўқиб эшиттирилди.

Таъсис йиғилиши давомида делегатлар мактабнинг Кузатув кенгаши низомини тасдиқлаб берди ҳамда тақдим этилган номзодлар орасидан кенгаш аъзоларини сайлади. 

Мирзо Улуғбек туманидаги 64-сонли мактаб Кузатув кенгашига етти нафар ва Чилонзор туманидаги 217-сонли мактаб кузатув кенгашига эса тўққиз нафар аъзо сайланди. Сўнгра Кенгаш аъзолари ўз сафларидан Кузатув кенгаши раиси ва котибини сайлаб олдилар.

Кенгаш раиси ва аъзолари таълим муассасасининг жорий йил мақсад ва вазифаларини акс эттирувчи ҳамда уларга эришиш йўллари кўрсатилган йиллик режа лойиҳасини тайёрлайди ва кенгашнинг кейинги йиғилиши муҳокамасига киритиш юзасидан қарор қабул қилади. Мазкур тасдиқланган режа асосида ўз иш фаолиятини олиб боради.

Кузатув кенгашлари асосий мақсад ва вазифалари?

Кузатув кенгашининг асосий мақсад ва вазифалари сирасига таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, халқ таълими бошқарув идоралари томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш ҳам мумкин.

Кузатув кенгаши аъзолари таълим муассасасининг мақсадлари ва вазифаларини ҳамда уларга эришиш режаларини тасдиқлайди, таълим муассасасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан назорат олиб боради.

Кенгаш таълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини вақти-вақти билан тинглайди.

Кузатув кенгаши таълим муассасаси раҳбарининг тақдимномаси бўйича йиллик молиявий режаларни, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Кузатув кенгашига ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, таълим муассасасининг педагог ва раҳбар ходимлари фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровларни ўтказиш, таълим муассасасининг фаолиятини ташкил этишга тааллуқли бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш вазифалари юклатилган.

Таъкидлаш жоизки, мактабларда фаолият юритган васийлик кенгашлари ўз фаолиятини якунлади. Сўнгги пайтда васийлик кенгашларига эътирозларнинг кўпайиши сабаби асосан ота-оналардан пул йиғиш муаммоларига боғлиқ эди.

Кузатув кенгаши юқорида келтирилган вазифаларни ҳал қилган ҳолда ноқонуний маблағ йиғиш ҳолатлари билан ҳам курашади.

Шу билан бирга Кузатув кенгаши мактаб директорларини тайинлаш жараёнидаги коррупция омилларини бартараф этади. Мактаб директорлари туман халқ таълим бўлимлари томонидан тўғридан тўғри тайинланмайди. Кузатув кенгашига бир неча номзод тақдим этилади ва кенгаш аъзолари ўқув муассасасининг раҳбарини тақдим этилган номзодлардан танлаб оладилар.

 

Халқ таълими тизимига оид сўнги янгиликлар билан вазирликнинг телеграм канали орқали ҳам танишиб боришингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 35

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.