Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг маърузаси

2018.12.19 | Маърузалар

Ўзбекистон Республикаси 
Халқ таълими вазири
Ш.Шерматовнинг маърузаси
Матбуот анжумани
“Тараққиёт стратегияси” маркази

Халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган фармон, қарор ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар ва уларни амалга оширишда соҳа ходимларининг вазифалари

Ассалому алайкум!

Бугунги маърузамизнинг мавзуси Халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган фармон, қарор ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар ва уларни амалга оширишда соҳа ходимларининг вазифалари деб номланади.

2018 йилнинг июнидан декабрь ойига қадар давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда халқ таълимини ислоҳ этиш ва таълим сифатини оширишга бағишланган икки йиғилиш ўтказилди. Шу давр давомида соҳани ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг соҳани ривожлантиришга қаратилган устувор вазифаларини белгилаб берди.

Жумладан, Халқ таълими вазирлиги олдига таълим сифатини, хусусан ўқитувчи мақомини ошириш, таълим муассасаларини замонавий кадрлар билан таъминлаш, вазирликнинг мавқейини янада кучайтириш, ходимлар учун шароитларни яхшилаш, соҳага АКТ ҳамда халқаро тажрибани жорий этиш, шунингдек давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш каби вазифалар қўйилди.

Шу билан бирга Президентимиз маҳаллий ҳокимиятларнинг вазифаларини белгилаб берди. Жумладан, халқ таълими муассасаларининг қурилиши, таъмирлаш, янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайерлаш, мактабларнинг хавфсизлигини таъминлан, инвестиция ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш каби вазифалар юклатилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, амалга ошириши режалаштирилган ислоҳотларнинг асосий мақсади жамиятимизда ўқитувчи касби мавқейини оширишдир. Шу боисдан ҳам дастлаб ўқитувчиларни ҳуқуқий ҳимоя этиш ва уларнинг ишлаш шароитларини яхшилашга катта аҳамият берилди.

Энг аввал, ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва мажбурий обуна ҳамда турли йиғилишларга жалб этиш тўхтатилди. Педагоглар юритадиган ҳужжатлар сони 7 тадан 3 тага қисқартирилди. Шу билан бирга мактабларнинг текшириш сони 26 баравар камайди. “Халқ таълими фидойиси” давлат мукофоти таъсис этилди.

Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари тоифасига қараб 40% дан 72% ошди. Психологлар иш ҳақи 103%, мактаб директори ва ўринбосарлари, Ахборот-ресурс маркази раҳбари ва кутубхоначилар маошлари 33% кўтарилди.

Халқ тизими соҳаси ходимлари учун имтиёзли ипотека кредитлар, истеъмол кредитлари, жумладан автокредитлар ажратилди. Қолаверса, уларнинг оила аъзоларига тадбиркорлик фаолиятини юритишлари учун кредит маблағлар ажратиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Педагогларга яратилаётган шароитлар натижасида 2018 йилда 13 минг нафар эркак ўқитувчилар мактабларга қайтдилар. Биргина, 2018 йилда 11,5 мингдан ортиқ (2016 йилда 1900дан ортиқ, 2017 йилда 9500 дан ортиқ) олий ўқув юртини тамомлаган ёш мутахассислар мактабларга ишга қабул қилинди. 2019 йил 1 январдан нафақа ёшидаги ўқитувчиларнинг нафақаси тўлиқ тўланиши муносабати билан 7 мингдан ортиқ тажрибали педагоглар мактабларга қайтиб ишга олинди.

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида ёшлар орасида ўтказилган UReport.uz лойиҳаси сўровномаси натижалари шуни кўрсатдики, ислоҳотлар натижасида 71% ёшлар ўқитувчи касбини танлашга тайёр.

Қувонарлиси, бугун Халқ таълими тизимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Соҳага ажратилаётган маблағлар ошириб борилмоқда. 2016 йилда халқ таълими тизимига 9 трлн. сўм, 2017 йилда эса 9,6 трлн. сўм, жорий йилда эса 12,1 трлн. сўм маблағ давлат бюджетидан ажратилган. Келаси йилда давлат бюджетидан 17,1 трлн. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Сўнгги йилларда соҳага ажратилган маблағларнинг шиддат билан ўсиши кузатилмаган. Эътиборлиси, бу маблағларнинг 90%и соҳа ходимларининг ойлик маошларига йўналтирилади.

Шунингдек, Халқ таълими тизимини қўллаб-қувватлаш халқ ҳаракатига айланмоқда. 2018 йил давомида маҳаллий бюджетлардан ҳам мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларни моддий-техник базасини яхшилашга маблағлар йўналтирилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов маҳаллий бюджетдан мактабларни молиялаш учун энг кўп қўшимча маблағ ажратгани учун “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бошқа маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳам халқ таълими тизимига ажратаётган маблағлар миқдори ошди.

Соҳадаги муҳим янгиликлардан бири Халқ таълими вазирининг ҳуқуқий-назорат хизмати тузилиб, ўз фаолиятини бошлади. Халқ таълими соҳасида ходимларни ҳимоя қилиш ва коррупцияни олдини олиш учун бир неча йўналишда иш олиб борилди. Таълим муассасаларида жамоатчилик назорати кучайтирилиб, Ustoz Ovozi виртуал инспектор ишга туширилди. Кузатув кенгашлари жорий этилди. Мактаб раҳбарига даромадларнинг жами суммасидан 10 фоизини ўз хоҳишига биноан моддий рағбатлантириш ҳуқуқи берилди. Жумладан, ўқитувчиларнинг маоши оширилди. Эндиликда таълим муассасаларининг кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган ва бюджетдан ташқари топилган маблағларнинг 99 фоизи умумтаълим мактабларига берилади. 2019 йилдан бошлаб Тошкент шаҳридаги 81 та мактабда қабул онлайн тарзида амалга оширилади.

Соҳадаги яна бир янгилик - мактаблар учун ҳомийлик маблағларини -йиғишлари учун шаффоф тизим Mfond ўз фаолиятини бошлади.

Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилдан 2018 йилга қадар мактаб ўқувчилари сони 4,2 млн.дан 5,8 млн. нафарга етди. 2019 йилда бу кўрсаткич 6,2 млн.га етиши кутилмоқда. Шу билан бирга мактаблар қуввати 4,8 млн. ўқувчи даражасида сақланиб қолмоқда.

Таъкидлаш керакки, 2016-2018 йилларда нодавлат таълим муассасаларининг сони деярли 4 баравар ошди ва 84 тага етди.

2016-2018 йилларда ўқувчиларнинг таълим олишлари учун шароитларни янада яхшилаш мақсадида 65 та янги мактаб қурилди ва 15636 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилди.

Шунингдек, сўнгги 3 йилда инвестиция ва “Обод қишлоқ” (“Обод маҳалла”)давлат дастурлари асосида 1 691 та таълим муассасасида 1.5 трлн.сўмдан ортиқ маблағ янги қурилиш, капитал ва мукаммал таъмирлаш учун сарфланди. 2018 йилда мазкур дастурлар асосида 24 та мактаб янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўқувчилар сонини кўпайиши ҳамда шарт-шароитларнинг яхшиланиши натижасида 43 та мактаб филиаллари умумтаълим мактабларига айлантирилди (2016 йилда 1138 та, 2017 йилда 1348 та, 2018 йили 1299 та филиал мавжуд эди).

Бундан ташқари, 2018 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1815 та мактаб жорий таъмирдан чиқарилди ва бунинг учун 189 млрд. сўм сарфланди.

Таълим муассасаларининг қурилиш-таъмирлаш ишларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида вазирлик сайтида онлайн мониторинг тизими (stat.uzedu.uz) ишга туширилди. Натижада мактаблар ҳар йилгидан вақтлироқ ва сифатлироқ фойдаланишга топширилди.

Умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этиш бошланди. Жумладан:

1-босқич: 2017-2018 ўқув йилидан 1, 4, 6, 7, 10-синфларда;

2-босқич: 2018-2019 ўқув йилидан 2, 3, 8, 9, 11-синфларда;

3-босқич: 2019-2020 ўқув йилидан 5-синфларда амалга оширилди.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири, 2021 йилда ўқувчилар билимини халқаро стандартлар асосида баҳолаш, яъни PISA тизимига ўтишга тайёргарлик кўрилмоқда.

11 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилиши муносабати билан халқаро тажрибани ўрганган ҳолда 2017 йили 10-11-синфлар учун янги ўқув режаси ишлаб чиқилди ва унда ўқув фанлари 23 тадан 12 тага оптималлаштирилди.

2017 йилда 10-синфлар учун 140 номдаги жами 9,0 млн. нусхада, 2018 йилда 11-синфлар учун 137 номдаги жами 9,7 млн. нусхада дарсликлар чоп этилди.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилди. Ҳозирда умумтаълим мактабларида 736 185 нафар ўқувчилар 10-11-синфларда таълим олмоқда.

Шунингдек, 11 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилиши муносабати билан ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш тизимининг янгича механизми жорий этилди. 2018/2019 ўқув йилида 10-11-синф ўқувчилари касб-ҳунар коллежлари базасида 1 748 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида 737 642 нафар (улардан 1457 нафари нодавлат таълим муассасалари ўқувчилари) ўқувчига 51 та касблар ўргатилмоқда (2017 йили 279 124 нафар ўқувчига 1488 та мажмуада 40 та касб). Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида янги касблар, яъни АКТ соҳасида дастурловчи, компьютер дизайнери, комьютерларни созлаш техниги каби меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлиши кутилаётган ҳамда кўп ҳақ тўланадиган касблар ҳисобига кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Мажмуаларда жами 10 833 нафар ўқитувчилар касб-ҳунар сирларидан сабоқ бермоқда. Шундан, 8570 нафари олий маълумотли ўқитувчилар, 2263 нафари эса ўрта-махсус маълумотли ишлаб-чиқариш таълими усталаридир.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, касблар бўйича малака талаблари ҳама Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларни баҳолаш мезонлари ва якуний аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланди. Ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

2018 йилда 333 та таълим муассасаларини касблар бўйича 489 та синфлар тўплами билан жиҳозланди. 2019 йилдан бошлаб, 635 та мактабларда ташкил этилган ва минимум даражада жиҳозланган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларига мавжуд касблар бўйича 2,1 млрд. сўмлик хом-ашё етказиб бериш кўзда тутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан соҳа фаолияти шаффофлигини ошириш, аниқ маълумотларни тўплаш, аҳоли билан мулоқот қилиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун ахборот технологиялари фаол жорий этилмоқда. Жумладан, вазирлик ustozovozi.uzedu.uz, stat.uzedu.uz, eduportal.uz каби ресурсларни ишга туширди. Халқ таълими тизимига ҳомийлик маблағларини жалб этиш мақсадида МFond жамғармаси очилди. Соҳадаги маълумотлар очиқ-ошкора, шаффоф тарзда қўйиб бориш учун ижтимоий тармоқлари каналларида “Ustoz ovozi” канали ишга туширилди.

Халқ таълими вазирлиги тизимида ўқувчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш учун kitob.uz сайти яратилди. Сайтга жами 803 номдаги, шундан, 655 номда ўзбек ва 148 номда жаҳон болалар адабиёти намоёндалари асарларининг электрон варианти жойлаштирилган. www.kitob.uz сайтига бадиий адабиётларнинг МРЗ шаклидаги аудио ресурслари жойлаштирилмоқда. Сайтга ўқувчилар мутолааси учун тавсия қилинган 125 номдаги адабиётлар рўйхати жойлаштирилган.

Вазирлик марказий аппарати таркибида ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, улар ҳуқуқларининг бузилишига, шунингдек давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг таълим муассасалари фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўймаслик мақсадида Назорат-ҳуқуқий хизмати ташкил этилди.

Республика мақсадли китоб жамғармаси Молия вазирлигидан Халқ таълими вазирлигига ўтказилди. Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини назорат қилиш инжиниринг компанияси ҳамда Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди. 2019 йил 1 январдан халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши режага киритилди.

Аҳамиятлиси, 2018 йил давомида Халқ таълими вазирлигида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш учун ривожланган мамлакатлар ҳамда уларнинг давлат ва хусусий ташкилотлари билан учрашув ҳамда музокаралар ўтказилди. Улар орасида Финляндия, Хитой, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби мамлакатлари вакиллари бор. Вазирлик вакиллари Жанубий Корея ва АҚШга ташриф буюрди ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

2018 йил давомида таълим соҳасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилган бўлса ҳам, келгусида амалга ошириладиган ишлар кўп. Ҳозирда ишлар асосан муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш устида олиб борилаётган бўлса, кейинги йилларда асосий эътибор таълим сифатини, ўқув дастурларини ва дарсликларни такомиллаштиришга йўналтиради.

Шунингдек, 2019 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди:

1. Умумий ўрта таълимда ўқувчиларни мустақил фикрлашга ундайдиган Давлат таълим стандартлари ўқув дастурлари ва ўқув режалари қайтадан кўриб чиқилиб, такомиллаштирилади.

2. Ҳар бир ҳудудда (биринчиси 2019 йилда Қорақалпоғистонда) иқтидорли ўқувчилар учун “Президент мактаблари” ташкил этилади.

3. 2019 йилдан бошлаб, барча шароитларга эга бўлган “Замонавий мактаб” барпо этилади.

4. Жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш мақсадида “Ўқитувчи мақоми тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилади.

5. Таълим сифати юқори бўлган намунали мактаблар тармоғи (“сетевая школа”) кенгайтирилади.

6. Давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат таълим муассасалари 2 бараварга ортади.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 30

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.