Президент тақиқига қарамай баъзи маҳаллий раҳбарлар ўқитувчиларни пахта йиғим-теримига ҳамда мажлисларга жалб қилмоқдалар

2018.10.15 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиқланганига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ўқитувчилар ва халқ таълими ходимларини пахта йиғим-терими ҳамда турли мажлисларга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган.

Бу борада Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар ҳамда таълим ходимларини пахта йиғим-теримига ва маҳаллий ҳокимликларнинг йиғинларига ноқонуний жалб қилиш тўғрисида маълумотлар келиб турибди.

Масалан, Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида ҳокимликлар ва прокуратура раҳбарлари вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан пахта йиғим-теримига одамларни жалб қилишни талаб қилмоқдалар.

Юқорида келтириб ўтилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати вакиллари вилоят прокуратураси раҳбарияти билан суҳбатлашди ва натижада пахта йиғими учун ташкил этилган штаб-квартирада таълим ходимларини мажлисларга жалб қилиш тўхтатилди. Бундан ташқари, пахта теримига жалб қилинган ўқитувчилар уйига жўнатилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидан 450 нафар, Жиззах вилоятидан 39 нафар одамлар ўз уйларига қайтишди.

Ҳозирги вақтда вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати Андижон ва Навоий вилоятларида ўқитувчиларнинг йиғим-терим ишларига жалб этилганлиги ҳақидаги маълумотни текширмоқда. Ўрганиш натижалари белгиланган тартибда чора кўриш учун Бош прокуратурага тақдим этилади.

Шуни таъкидлаш керакки, вилоят халқ таълими бошқармаларининг айрим раҳбарлари ҳали ҳам эскича фикрлаб, маҳаллий раҳбарларнинг оғзаки кўрсатмаларига буйсунишмоқда.

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармалари ходимлари ва мактаб директорларини Ҳокимликда ўтаётган турли йиғилишларга жалб қилиш ҳолатлари учраб турибди. Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани Ҳокими ҳар душанба куни соат 06:30 да 89 та мактаб раҳбарларини селектор йиғилишига чақирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланди. Қолаверса, ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ҳуқуқий хизматни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўқитувчилардан шикоятларни қабул қилиб олишда “Устоз овози” виртуал инспектор хизматини ишга туширган.

Вазирлик ўқитувчилар ва халқ таълими муассасалари ходимларини қонуний ҳуқуқлари бузилган тақдирда, “Устоз овози” виртуал инспекторига ёки телеграмм боти (https://t.me/Ustoz_Ovozi_bot)га мурожаат қилишга чақиради. Шунингдек, ҳудудий раҳбарларни бу соҳада таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини бузилишига алоҳида эътибор қаратишини сўрайди, чунки Президент қарорларини тўғри амалга оширмасдан, юқори малакали мутахассисларни таълим тизимига қайтариш жуда қийин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.