Тошкентда GPE билан ҳамкорликда таълим соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда

2019.10.09 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 9 октябрь куни Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик (Global Partnership in Education, GPE) ташкилотининг Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё округига кирувчи мамлакатларнинг биринчи минтақавий учрашуви ўз ишини бошлади.

Уч кунлик тадбирда Ўзбекистон, Арманистон, Афғонистон, Судан, Тожикистон ва Яман давлатларининг таълим тизими вакиллари иштирок этмоқда.

Шунингдек, тадбирда иштирок этиш учун GPE Секретариатининг ҳамкорлик алоқалари бўйича етакчи ходими ва гуруҳ раҳбари Мишел Мезен (Michelle Mesen) бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга етиб келди.

Мазкур учрашув GPE билан ҳамкорликни ривожлантириш, ташкилотнинг ишлаш тартиб-қоидалари ҳамда GPE Секретариатини Ўзбекистонда халқ таълими соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш мақсадида ташкил этилди.

Уч кун давомида иштирокчилар GPE фаолияти, унинг ишлаш тамойиллари, таълим сектори режасини тайёрлаш, таълим соҳасини ривожлантириш учун грант маблағларини жалб қилиш жараёни билан танишади.

Йиғилиш иштирокчилари таълим сектори режасини тайёрлаш, ижросини ва мониторингини таъминлаш, мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда бошқа масалаларни кўриб чиқади.

Жумладан, хорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатимизнинг қўшма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тажрибаси ҳақида маълумот олади.

Хорижий мамлакат вакиллари Қибрай туманида GPE томонидан молиялаштирилган 14-умумтаълим мактаби ва 29-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюришади.

Маданий дастур доирасида меҳмонлар Хастимом комплекси ва пойтахтимизнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишади.

Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик ташкилоти (GPE) 2002 йилда ташкил этилган ва унинг асосий мақсади глобал ҳамда миллий даражада сифатли таълимга ёшларни тенг қамраб олишни таъминлашдан иборатдир.

GPE траст фонди бўлиб, у Жаҳон банки гуруҳининг бир қисмидир. GPE фаолияти 21 та ривожланган донор мамлакатлар, жумладан Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилади. GPE ривожланаётган ва донор мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, профессионал педагогик ташкилотлар, хусусий сектор ва таълим ривожланишига ҳисса қўшаётган халқаро жамғармаларни бирлаштиради.

Таълим соҳасини ривожлантириш учун ислоҳотлар олиб бориш учун одатда, ривожланаётган мамлакатлар маҳаллий таълим гуруҳларини ташкил этади ва 5 йиллик таълим сектори режасини қабул қилади.

GPE энг юқори бошқарув органи Директорлар кенгаши бўлиб, у ташкилотнинг сиёсати ва стратегиясини белгилаб беради. Кенгаш ривожланаётган мамлакатларнинг ҳукумати ва ривожланиш бўйича барча ҳамкорлар вакилларини бирлаштиради. 2019 йилнинг апрель ойидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Директорлар кенгашининг аъзоларидан бири ҳисобланади.

Халқ таълими вазирлиги маҳаллий таълим гуруҳида раислик қилади ва GPE билан муваффақиятли ҳамкорликни амалга оширади.

GPE 2013-2018 йиллар учун таълим сектори режасини амалга ошириш учун $49,9 млн. миқдорида грант ажратган.

Ташкилот Ўзбекистоннинг 2019-2023 йиллар учун таълим сектори режасини амалга оширишига $10 млн. грант тақдим этган. Мазкур грант бошқа халқаро ташкилотлардан қўшимча маблағ жалб қилиш имкониятини беради.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.