Ўқитувчининг обрўси уни ким оширади?

2018.09.22 | Янгиликлар

Умримнинг қирқ йилдан зиёди таълим тизимида ўтди. Оддий ўқитувчи,туман халқ таълими бўлими мудири, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси бўлиб ишладим. Қайси лавозимда фаолият кўрсатмай, хаёлимнинг бир чеккасида доим битта масала турган: “Ўқитувчининг обрўси”.

Бугун нафақага чиқиб, файзли кексалик гаштини сурар эканман, ҳамон шу мавзу атрофида ўй сураман. Айниқса, шогирдларим нималардандир норози бўлиб келишса ёки меҳнатлари қадрсизланаётганидан нолишса, юрагимда оғриқ пайдо бўлади. Шунданми,яқинда “ойнаи жаҳон” орқали халқ таълими вазири“Ўқитувчининг обрўсини оширишимиз керак” деган сўзларни айтганида кўзларимдан ёш сизди.

Мен туманимиздаги 1-сон мактабда ўқиганман. Ўша кезлари Бекчон ака Наврўзов бизга математикадан сабоқ берарди. Раҳматли муаллимимиз жуда камтар инсон эди, ўқувчилар билан осон тил топишарди. Балки шунинг учунми, ҳаммамиз математикани яхши ўзлаштирганмиз. У киши жуда оддий кийинарди. Бироқ, кийимида биронта доғ кўрмаганмиз. Мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам ўқувчиларга насиҳатини дариғ тутмасди, ҳеч кимнинг камчилигига кўз юмиб кетмасди. Пўписа қилмасди, аксинча, яхши гап билан қилган ишимизнинг ёмонлигини тушунтириб қўярди. Бекчон муаллимга ҳавас қилиб, синфимизда кўпчилик ўқитувчилик касбини танлагани ҳам бежиз эмас.

Мен олий ўқув юртини тамомлаб, ўқитувчилик фаолиятимни бош­лаган куним, дуоларини олиш учун устоз ҳузурига бордим. Шунда Бекчон ­Наврўзовдан бир ривоятни эшитганим бор.

Айтишларича, бир инсоннинг фарзанди хасталаниб, табиб ширинлик ейиш мумкин эмаслигидан огоҳлантирибди. Ота-онаси ҳар куни неча марталаб ширинлик емагин деб тайинлашмасин, болага бу сира кор қилмабди. Шунда ота уни мадрасада ёшларга сабоқ берувчи устознинг олдига бошлаб борибди.

– Сиз ёшларга сабоқ берасиз, маҳалламизда обрўйингиз баланд, ўғлимга ҳам насиҳат қилсангиз, – дебди. Устоз икки ҳафтадан кейин келишни тайинлабди. Белгиланган муддат ўтибди. Ота ўғлини устозга рўпара қилибди. Устоз болани олдига чорлаб,“Ўғлим, бундан кейин ширинлик еманг” дея таъкидлабди. Ота“Ўғлимга насиҳат қиласиз, деб ўйлагандим, сиз эса бир оғиз гап билан кифояландингиз”, дея ранжигандек бўлибди. “Мен ўғлингизга шу гапни айтиш учун икки ҳафта ширинлик емадим, иншооллоҳ, ўғлингиз сўзимга қулоқ солади”, дебди устоз. Бола ростдан ҳам ширинлик ейишни ташлаб, хасталикдан фориғ бўлибди.

Устозим айтиб берган ушбу ривоят менга бир умрлик сабоқ вазифасини ўтади. Мен “Ўқитувчи қандай бўлиши керак?” деган савол жавобини топ­дим ва шунга монанд ҳаракат қилдим. Дарҳақиқат, биз ҳам бирон масала юзасидан ота-онамиз билдирган фикрни у қадар жиддий қабул қилмасдик, аммо шу гапни Бекчон муаллим айтса, демак, бутўғри экан, деган хулосага келардик.

Халқ таълими бўлими мудири бўлиб ишлаб юрган кезларим айрим ота-оналар ўқитувчилардан норозиланиб келишарди. Ўқитувчилар эса ўқувчилар айтганини қилмаётганлигидан нолишарди. Масалаларга ечим топишга ҳаракат қилардим. Бироқ... Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган даврда оладиган ойлиги рўзғорига тузукроқ харажат қилишга ҳам етмайдиган ўқитувчини назарга илмайдиганлар кўпайиб кетди. Чўнтагига ортиқча икки сўм кириб, босар-тусарини билмай қолганлар болаларига “Қўй, шу муаллимингни” дейдиган бўлишди. Кўпчилик соҳа фидойилари тирикчилик сабаб ишини ташлаб кетди. Ҳужжатбозлик авж олди. Қоғоз тўлдиришдан ортмаган муаллим дарсларини чала ўтадиган бўлди. Боиси, ҳеч ким ундан ўқувчиларга қандай билим беряпсан, деб сўрамасди-да. Ҳужжатлари тахт бўлса бас.Ҳамма нарса номигагина қилиниши, услуб бирлашмалари фаолияти самарасиз ташкил қилинганлиги таълим сифатига ҳам, ўқитувчи обрўсига ҳам салбий таъсир қилмай қўймади. Боз устига ўқитувчи текин фаррошга айланди. Кўчани ким супуради? Ҳашарга ким чиқади? Пахтани ким теради? Ҳаммасининг жавоби“ўқитувчи” эди.

Бугунги кунга келиб, мамлакат раҳбари томонидан таълим тизимига қаратилаётган эътибор натижасида ўқитувчиларнинг елкасини босиб турган кераксиз, аммо оғир юклар олиб ташланиб, шарафли ва масъулиятли вазифа юкланди – энди у билим беради!Шогирдларим билан суҳбатлашиб, улар бу вазифани адо қилишга шижоат билан киришаётганлигини кўряпман.

– Устоз, иш ҳақимиз 25 фоизга ошди. Ўқувчиларимиз фан олимпиадаларида, танловларда ғолибликни қўлга киритишса, мукофот оладиган бўлдик.Яхши ишласак, арзон уй-жойли, имтиёзли кредит асосида машинали бўлиш ҳам, мана ниҳоят, насиб этди. Қоғозбоз­ликдан қутуляпмиз. Энди ишлайдиган пайт келди, –дейишяпти улар.

Ўқитувчи обрўси, бу – комплекс тушунча. У ўқитувчининг билим даражаси, дарс ўтиш таж­рибаси, кийиниш маданияти, муомала лаёқати, оилавий аҳволи, ижтимоий даражаси каби қатор мезонлар асосида ўлчанади.Мен ўқитувчилар обрўсини ошириш учун ­мактабларда “Ўқитувчи одоби кенгаши” ташкил қилишни таклиф қилган бўлардим. Ушбу кенгаш томонидан ўқитувчилар фаолияти назорат қилиб борилса ва ҳар ойда кузатув натижалари муҳокама қилинса, ўз ижобий самарасини беришига ишонаман.

Ҳар бир фан бўйича туман миқёсида амалий семинарлар ташкил қилиш ҳам айни муддаодир. Бои­­си, тажриба алмашинувлар орқали ўқитувчи ўз салоҳиятини ошириш имконига эга бўлади.

Бугун мамлакатимизда илм-фанни равнақ топтириш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Бу бежиз эмас. Илмнинг ривожланиши барча соҳалар ривожининг асосидир. Илмнинг асоси эса таълим, албатта. Айнан шунга кўра, табиий фанларни янада чуқурроқ ўқитишни ташкил қилишимиз керак.

Чанг босиб қолган химия, физика лабораторияларини ўқувчиларнинг севимли масканига айлантириш зарур. Сир эмаски, ўқитувчи дарсни қизиқарли қилиб ўтса, амалий мисолларга мурожаат қилса, реакция жараёнларини ўқувчи ўз кўзи билан кўрса, бу фанларни ўзлаштириши ҳам, тушуниши ҳам осон бўлади. Мамлакатимизнинг кейинги тараққиёти ушбу фанлар билан боғлиқлигини унутмайлик.Комилликни орзу қилган ҳар бир шахс тарих, адабиёт, география, математикани яхши билиши шарт, деб ҳисоб­лайман. Ўқитувчи бу фанларнинг жозибасини бутун бўй-басти билан кўрсатган ҳолда ўтиши учун ўз устида тинимсиз изланиши, нафақат мамлакатимиз, балки хориж ­тажрибасини ҳам ўрганиши даркор. Бу вазиятда эса хорижий тилларни ўрганишнинг, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Шу боис ҳар бир ўқитувчининг АКТни билиш даражасини синовдан ўтказиб, таълим муассасаларининг ўзида ўқитувчилар учун бепул ўқувлар ташкил қилишга тўғри келади. Тизимда самарали фаолият кўрсатиб, давлат мукофотларига сазовор бўлган ўқитувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Жойларда уларнинг ёш ўқитувчилар билан учрашувларини уюштириш ҳам бениҳоя катта фойда келтиради.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, ўқитувчи обрўсидан бутун жамият бемисл манфаат кўради. Шундай экан, ота-­оналар, кенг жамоатчилик ҳам ўқитувчилар обрўсини оширишга кўмаклашиши керак.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Очиғини айтиш керак, ўтган йилга қадар ушбу байрамни пахтазорда кутиб олганмиз. Мен бу йил ушбу кун чин маънода умумхалқ байрами сифатида нишонланишига умид қиляпман. Байрамни нафақат мактабларда, барча жамоаларда, оилаларда нишонласак, қандай яхши! Бизга сабоқ берган устозларимиз ҳолидан хабар олсак, уларга ўз тилакларимизни билдирсак, ишхонамизга таклиф қилиб, эришаётган ютуқларимиз билан таништирсак, фарзандларимизга ўзимизнинг севимли ўқитувчиларимиз ҳақида сўзлаб берсак... Театрлар, музейлар, сайлгоҳлар шу куни ўқитувчилар учун беминнат хизмат кўрсатса... Бундай эҳтиром халқимизнинг ўқитувчига бўлган муносабатини ўзгартиради, ўқитувчини ҳам ўзининг жамиятдаги мавқеи ҳақида хулоса чиқаришга ва шунга яраша ҳаракат қилишга ундайди.

Шуҳрат ЮСУПОВ,
Халқ таълими аълочиси,
меҳнат фахрийси.
Ишонч газетаси
2018 йил 20 сенябрь 113-сони

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.