Ўқувчилар ўртасидаги фан олимпиадасининг Республика босқичига старт берилди

2019.06.09 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадаси IV босқичининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда олимпиаданинг 4-босқич иштирокчилари ва ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров Олимпиадада иштирок этаётган ўқувчиларга синовлардан муваффақиятли ўтишларида омад тилаган ҳолда, ёшларимизнинг иқтидорини кашф этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қолаверса, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 май куни имзоланган “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ёшларимизнинг ўз иқтидорларини рўёбга чиқаришида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, қолаверса, мазкур ҳужжатга асосан иқтидорли ёшлар ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш масалалари ҳам такомиллаштирилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадасининг IV босқичи жорий йилнинг 8-11 июнь кунлари Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи биносида ўтказилади.

Шунингдек, ота-оналарга олимпиада жараёнларини кузатув камералари орқали тўғридан-тўғри намойиш этиш учун олимпиада ўтаётган бинога яқин бўлган Олмазор туманидаги 224-сонли мактабнинг спорт залида катта экран ўрнатилди ва жараёнларни кузатиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ўтказилаётган фан олимпиадасининг ўзига хос жиҳатлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:

биринчидан, умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчиларининг ҳам иштирок этмоқда;

иккинчидан,олимпиаданинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида катта спорт заллари, фаоллар зали ҳамда катта ҳажмдаги файеларда ўтказилади;

учинчидан, ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркибида тенг миқдорда умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей,касб ҳунар коллежлари, ҳамда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари жалб этилди;

тўртинчидан, олимпиада ўтказиш жараёнлари тўғридан-тўғри онлайн тарзда трансляция қилинади ва ота-оналар олимпиада жараёнларни кузатиб боради

бешинчидан, олимпиада топшириқларининг амалдаги ва халқаро олимпиадалар стандарти материаллари талаблари асосида тайёрланганлиги алоҳида аҳамият касб этади.

олтинчидан, олимпиада жараёнларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилади.

Бундан ташқари, олимпиада жараёнларини шаффофлиги таъминлаш мақсадида ҳар бир хонага турли ракурсда намойиш этадиган кузатув камералари ўрнатилди.

Эслатиб ўтамиз, умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадасининг 3-босқичи мактаб ўқувчилари учун алоҳида, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ёшлар учун алоҳида ўтказилди.

Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ўртасидаги фан олимпиадалари 2019 йилнинг 23-27 март кунлари ўтказилиб, унда жами 20 649 нафар ўқувчи иштирок этди. Шунингдек, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг 2- ва 3-босқичида таҳсил олаётган ўқувчилар 2019 йилнинг 2-6 апрель кунлари ўтказилди ва унда 5280 нафар ўқувчи қатнашди.

Учинчи босқич натижаларига кўра, жами 1059 нафар (612 нафар умумтаълим мактабларидан, 447 нафар академик лицей ва касб-ҳунар коллежлардан) ўқувчи олимпиаданинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Фан олимпиадасининг Республика босқичи 18 та фан бўйича ўтказилмоқда ва мазкур фанларнинг ҳар биридан 3 нафардан ғолиб ўқувчилар аниқланади ҳамда уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сонли қарорига мувофиқ тегишли фан йўналишида олий ўқув юртига киришда имтёзлар берилади.

Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99871)215-50-94 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.