Олис ҳудудларда жойлашган мактабларга ўқитувчиларни жалб қилиш ва уларни рағбатлантириш юзасидан Ҳукумат қарори қабул қилинди

2019.06.08 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Олис ҳудудларда жойлашган мактабларга ўқитувчиларни жалб қилиш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган қарорни қабул қилди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимидаги, айниқса олис ҳудудлардаги умумий ўрта таълим муассасаларини малакали ўқитувчилар билан етарли даражада таъминланиши таҳлил қилинганда, бу борада жойларда бир қатор муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.

Биринчидан, республикамизнинг олис ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида педагог кадрлар қўнимсизлиги туфайли малакали ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги;

иккинчидан, педагог кадрлар етишмовчилиги сабабли ўқувчиларга таълим бериш жараёнида давлат таълим стандартларининг тўлақонли бажарилмаслиги;

учинчидан, бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритадиган педагог ходимларни жалб қилиш бўйича рағбатлантириш имконияти ва механизми мавжуд эмаслиги каби салбий ҳолатлар кузатиб келинмоқда.

Мисол учун, жорий ўқув йилида умумтаълим муассасаларида жами 445 638 нафар ўқитувчилар фаолият юритган бўлса, улардан 62 152 нафари (13,9 %) ўрта махсус маълумотли, шундан қарийб 19 минг нафари (30 %) олис ҳудудларга тўғри келади.

Бундан ташқари, ҳозирда республика бўйича жами 3 396 нафар, жумладан олис ҳудуддаги мактабларда 1 019 нафар ўқитувчига эҳтиёж мавжуд.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорнинг асосий мақсади – олис ҳудудларда жойлашган, педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларига ўқитувчиларни жалб этиш, ёш мутахассисларга фаолият юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва олис ҳудудларда таълим олаётган фарзандларимизга берилаётган таълим сифатини яхшилашдир.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликда олис ҳудудлар тушунчаси мавжуд бўлмаган ҳамда уларнинг рўйхати тузилмаган эди.

Ушбу қарор билан республикамизда биринчи марта туман (шаҳар) марказларидан узоқ масофада жойлашган ва ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд бўлган мактаблардан келиб чиққан ҳолда бошқа ҳудудлардан келиб мактабларда фаолият юритадиган педагог ходимларга махсус устама бериладиган олис ҳудудлар рўйхати белгиланди.

Олис ҳудудлардаги ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш натижаларига кўра ушбу ҳудудларга бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритадиган педагог ходимларни рағбатлантириш имконияти яратилди.

Қарорга мувофиқ, республикамизнинг 12 та ҳудудларидаги 55 туман (шаҳар)ларнинг 242 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудида жойлашган умумтаълим муассасаларига бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга уларнинг олис ҳудуддаги иш стажидан келиб чиқиб, ойлик иш ҳақига 10 фоиздан 50 фоизгача қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Бунда бошқа ҳудудлардан келиб, олис ҳудудда жойлашган мактабда 6 ойдан 3 йилгача фаолият юритаётган ўқитувчининг иш ҳақига 10 фоиз, 3 йилдан 5 йилгача – 20 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 30 фоиз, 10 йилдан 15 йилгача – 40 фоиз ҳамда 15 йилдан ортиқ ишлаётган ўқитувчининг иш ҳақига 50 фоиз миқдоридаги махсус устамалар қўлланилиши белгиланган.

Шу билан бирга, кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжлардан ҳамда ҳудудларнинг инфратузилмасидан келиб чиққан ҳолда муассасаларнинг таълим сифатини доимий равишда ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Молия вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органлари билан келишиб тасдиқланган ҳудудлар рўйхатига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ваколати берилмоқда.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 35

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.