Халқ таълими тизимида “Khan Academy” электрон платформасидан кенг фойдаланилади

2019.05.23 | Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусидан бири, яъни учинчи ташаббус — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида халқ таълими тизимида илғор халқаро ва чет эл таълим дастурлари асосида фаолият юритувчи миллий онлайн ресурси амалиётга кенг жорий қилинадиган бўлди.

Гап шундаки, халқ таълими вазирининг 21 майдаги 178-сонли буйруғига кўра, “Билим онлайн” нодавлат нотижорат ташкилотининг “Юқори сифатли таълимни ҳар жойда ва ҳаммага тақдим этиш” шиори остида фаолият кўрсатувчи “Khan Academy” электрон платформасини Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек тилига мослаштириш ҳамда келгусида уни янада оммалаштириш кўзда тутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида мустақил таълим олиш учун тавсия этиладиган мазкур платформада математика, ахборот технологиялари, физика, кимё, биология, астрономия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, молия, иқтисодиёт ҳамда бошқа фанлар бўйича 10 мингдан ортиқ бепул маърузалар коллекцияси тўпланган. Айни пайтда жаҳоннинг 190 мамлакатида унинг 36 тилдаги видеодарслари ва электрон таълим ресурсларидан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, платформадаги мавжуд таълим ресурслари жаҳон стандартларига мос равишда ишлаб чиқилган бўлиб, бу таълим олувчиларнинг эркин ҳамда мустақил билим олишини таъминлайди. Энг муҳими, ҳар қандай ўқувчи мактаб дарсликларидаги билимини платформадаги “текин репетитор” — видеодарслар кўмагида мустаҳкамлаб бориши мумкин.

Шу ўринда “платформадаги мавжуд таълим ресурсларини ўзбекча “гапиртириш”дан мақсад нима?!” деган савол туғилиши табиий. Таъкидлаш ўринлики, унинг юртимизда оммалаштирилиши нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларни ҳам онлайн дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалар, дунёнинг янги педагогик технологиялари билан кенг таништириш, замонавий таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда интернет орқали тарқатиш имконини беради. Қолаверса, бу ўқитувчиларга замонавий янги ўқитиш методикаларини қўллашни ўргатишга ва умумий ўрта таълим муассасаларида билим бериш жараёнини кучайтиришга хизмат қилади. Бепул ҳамда сифатли онлайн билим олиш имкониятининг яратилиши эса таълим сифатининг ошишини таъминлайди. Буларнинг барчаси, пировардида, кенг жамоатчиликнинг назарий ва амалий кўникмаларини шакллантириб, аҳоли билим даражасини янада юксалтиради.

“Khan Academy” электрон платформасининг ўзига хослиги шундаки, у орқали олинадиган масофавий таълим мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир ўқувчига ўзи хоҳлаган вақтда, шароитидан келиб чиқиб, мустақил таълим олиш имкони яратилади. Шу билан бирга, платформанинг Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек тилига мослаштирилиши ва унинг мукаммал таржимаси она тилимизни янада бойитади. Таълим, илм-фан оламидаги энг сўнгги янгиликларни мамлакатимиз аҳлига ўзбек тилида етказиб бериш имкони туғилади.

Шу ўринда “Khan Academy”нинг тарихи ҳақида икки оғиз эслатиб ўтсак: 2006 йили MIT битирувчиси Салмон Хон бетоблиги туфайли мактабга боролмай қолган жиянига масофадан туриб видеодарслар орқали математикани ўргатмоқчи бўлади. Унинг бу дарслари оммалашиб кетгач, у “Khan Academy”га асос солади. Бугунги кунда хайрия маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган “Khan Academy” “Google” ва “Bill & Melinda Gates” фонди томонидан молиявий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Онлайн таълим платформасида 10 мингдан ортиқ маърузалар, 100 мингдан зиёд интерактив машқлар жамланган “Khan Academy”нинг хизматидан дунё бўйлаб ҳар ойда 40 миллион нафарга яқин ўқувчилар ҳамда 2 миллионга яқин ўқитувчилар самарали фойдаланиб келишади. Барча материаллар 36 та тилга таржима қилинган.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100031, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 14-уй.
Телефон: (+99871)215-52-81, факс: (+99895)479-99-08 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.