Умумий ўрта таълим муассасаларида 2018-2019 ўқув йилини якунлаш ва 25 май - “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари сценарийси бўйича ТАВСИЯЛАР

2019.05.20 | Педагогларга

Таълим муассасаларида ўтказиладиган “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбири сценарийсини тузишда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим.

“Сўнгги қўнғироқ” тадбири таълим муассасасининг раҳбари бошчилигида, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, ўқитувчи-мураббийлар, ёшлар етакчилари томонидан режалаштирилади.

Тадбирнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб (сценарий), ижодий ёндашган ҳолда ташаббускорлик, изланувчанлик ва фаоллик билан уни юқори савияда ўтказиш, нуфузини ошириш чоралари кўрилади.

25 май “Сўнгги қўнғироқ” тадбири республикамиздаги барча мактабларда эрталаб соат 8-00да бошланиб 9-00 да тугатилади.

Тадбирни ташкил этишда Халқ таълими вазирлигининг тавсия ва кўрсатмаларига асосланиш, таклиф этилган меҳмонлар, ота-оналар учун қулай жой танлаш, санитария ва гигиена, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш зарур.

Тадбир ўтказиладиган жойни гул ва шарлар билан байрамона безатиш, мактаб ҳудудига қуйидаги шиор ва чақириқларни илиб қўйиш мақсадга мувофиқ:

“Биз таълим тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз”.

Шавкат Мирзиёев

 

“Ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолмоқда”.

Шавкат Мирзиёев

 

“Юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни шакллантиришдан иборат”.

Шавкат Мирзиёев

 

Тантаналиқисм

Чорлов мусиқа садолари остида бошловчилар кириб келади.

1-бошловчи: Хазинамсан, тахтим ўзингсан,

Қиёси йўқ бахтим ўзингсан.

Ер юзининг жаннати сенсан,

Яратганнинг санъати сенсан.

Жаннатбоғим, ҳазрат тоғимсан,

Меҳробимсан, саждагоҳимсан.

Сен онасан, муқаддас Ватан!

Ягонасан, муқаддас Ватан!

2-бошловчи: Сен улуғ сиймосан мангу барҳаёт,

Ҳар юзда акс этар, сен берган ҳаёт,

Сенинг ўғил-қизинг сенгадир қанот,

Қалбда меҳр бўлган, жон Ўзбекистон!

1-бошловчи: Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар, қадрли ота-оналар!

2-бошловчи: Ассалому алайкум, азиз устозлар ва севимли ўқувчилар!

1-бошловчи: Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ садолари янграйди. Бу кун билимга чанқоқ, беғубор орзулар қанотидаги ёшлар ва меҳридарё устозлар, фарзанди камолини кўриб қувонаётган ота-оналар ва набираларига оқ йўл тилаб, дуо қилаётган отахону онахонларимиз учун чин маънода байрам.

2-бошловчи: Шундай экан, келинг, айни дамда бугунги шодиёна сабабчилари бўлган БИТИРУВЧИ ўқувчиларни даврамизга таклиф қиламиз.

(мусиқа садолари остида битирувчи синф ўқувчилари кириб келади.)

1-бошловчи: Айлайин қалбимни тортиқ нурли бўстоним сенга,

Сен ватандирсан, фидодир танда бу жоним сенга.

2-бошловчи: Бебаҳосан, асрагайман гавҳарим, деб мен сени,

Сен қароғ бўлсанг агарда, садқа мужгоним сенга.

(Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди)

1-бошловчи: Сўнгги қўнғироқ.... Бу жумла ҳар бир кўнгилда ўзгача жаранглайди, айниқса битирувчилар қалбида.

2-бошловчи: Ҳурматли устозлар, азиз меҳмонлар ва қадрли ўқувчилар! Табриклаш учун сўз навбатини мактабимиз директори ________________га берамиз.

(мактаб директори тадбир иштирокчиларини табриклаш жараёнида юртимизда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, таълим тизимидаги ислоҳотлар тўғрисида аниқ рақамлар ва далиллар келтирилган ҳолда маълумот беради).

1-бошловчи: Битирувчи ўқувчиларимизни табриклаш учун навбатни кўргазмали спорт машқларини бажариш учун мактабимиз спортчиларига берамиз. Марҳамат:

1-бошловчи: Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

2-бошловчи: Шу боис Президентимиз томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ушбу муҳим 5 та ташаббус ёшларимиз таълим ва тарбиясида катта аҳамият касб этади.

1-бошловчи:Бу борада ўқувчиларимизнинг ёзги таътил даврини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабимизда ва маҳаллаларда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

2-бошловчи: Бугунги ҳам қувончли, ҳам ҳаяжонли тадбирни биз билан баҳам кўриб, шодлигимиз ва хурсандчилигимизга шерик бўлгани меҳмонлар ташриф буюришган. Сўз навбатини уларга берсак.

(Туман халқ таълими бўлими ходими, МФЙ ходими ва ҳ.к. Улар битирувчи ўқувчиларни табриклаб, ҳудудда 5 та ташаббус бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритади)

2-бошловчи: Азиз битирувчилар! Бугунги самимий тилаклар, гўзал рақслар, дилрабо куй ва қўшиқлар барчаси сизларга аталган. Шундай экан, жажжи кичкинтой сингилларимизнинг табригини қабул қилинг.

(Бошланғич синф ўқувчиларининг чиқишлари)

1-бошловчи: Бугун шодлик байрами, дўстлар!

Ғам тўлмасин дилларга бироқ,

Кузатгани сизларни хандон,

Жаранглайди сўнгги қўнғироқ.

2-бошловчи: О, қандайин беғубор овоз,

Ором берар бу дам диллар-чун.

Зўр тилагин сизга қўнғироқ,

Билдиради олис йўллар-чун!

1-бошловчи: Бугун жуда ажойиб кун, тўғрими?! Қаранг, Устозлар ҳам, ўқувчилар ҳам ҳар доимгидек эмас, менинг назаримда. Уларнинг юраклари шодлик ва ҳаяжонга тўлган. Болаликнинг энг қувноқ, унутилмас, тотли, баъзан қийин дамларини бирга ўтказган синфдошлар бугун учирма қуш бўлиб, парвозга шай бўлиб турибди.

2-бошловчи: Нимасини айтасиз, уларнинг порлаб турган кўзларига қараб, ҳар бирингизнинг қалбларингиз бахт ва шодликка тўлсин, юрагингиз ўти асло ўчмасин, инсоннинг энг олий туйғулари сизга ҳамроҳ бўлсин деб қоламиз.

1-бошловчи: Азизлар, келинг, навбатни битирувчи ўқувчиларимизга берсак. Марҳамат!

(Саҳнага ҳар бир синфдан битирувчи ўқувчилар чиқиб ўзларининг дил изҳорларини айтишади ва ўзлари тайёрлаган куй ва рақсларини намойиш этишади.)

2-бошловчи: Азиз битирувчилар, сизларни табриклаш учун сўзни ҳурматли меҳмонларимиз (собиқ битирувчилардан вакил) га берамиз. Марҳамат!

1-бошловчи: Азизлар, энди навбатни мактабимизнинг рақс тўгараги иштирокчиларига берамиз. Марҳамат!

2-бошловчи: Азиз битирувчилар! Табриклаш учун сўз 11-“А” синф ота-оналари номидан__________ ва 11-“Б”синф ота-оналари номидан_________га. Марҳамат!

1-бошловчи: Айни дамда 2018-2019 ўқув йилида фан олимпиадалари, кўрик танлов ва спорт мусобақаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган ҳамда ўзининг намунали ҳулқи билан бошқаларга ўрнак бўлган ўқувчиларни ва ижодкор ўқитувчиларни мактаб маъмурияти фахрий ёрлиқлар билан тақдирлайди.

(Директор ва меҳмонлар томонидан йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар фахри ёрлиқ билан тақдирланади.)

1-бошловчи: Сиз бизга бердингиз ҳеч синмас қанот,

Илм-фан кўксида тилаб парвозлар.

Биз таъзим қиламиз сизга умрбод,

Ҳамиша қадрли, азиз устозлар!

2-бошловчи: Қўлларим кўксимда бу кез,

Сизгадир олқишим юрак сўзларим.

Отадай талабчан, онадай мунис.

Ҳаёт қадар қиммат сиз устозларим.

1-бошловчи: Ва ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар. Сўнгги қўнғироқ садолари остида битирувчиларимизни кузатиб қўямиз.

2-бошловчи: Янграйвер қўнғироқ, ўчмасин сасинг!

Жарангингдан илҳом олиб яшайлик.

Бир дам ҳам тиндирмай мағрур овозинг!

Келажакка дадил қадам ташлайлик.

(Даврагасўнгги қўнғироқни чалиш учун 11-синф ўқувчиси ва 1-синф ўқувчиси таклиф этилади.)

Сўнгги қўнғироқ чалинганидан сўнг битирувчилар “Эй, чолғувчи қўнғироқ” қўшиғи садолари остида даврага чиқадилар.

Шу билан “Сўнгги қўнғироқ” тадбирига якун ясалади.

(Изоҳ: Мазкур намунавий сценарийга белгиланган вақтга амал қилган ҳолда ижодий ёндашув асосида ўзгартириш киритиш мумкин).

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 37

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.