“Замонавий мактаб”лар учун замонавий ўқитувчилар сараланмоқда

Пойтахтимизнинг Сергели туманида ҳар бири 1680 ўқувчига мўлжалланган тўртта “Замонавий мактаблар” қурилди ва ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур мактаблар яқин кунлар ичида ўқувчиларни қабул қилади. Ҳозирги кунда мактабларга ўқитувчиларни танлаш жараёни амалга оширилмоқда. Шунингдек, 550 нафардан зиёд мутахассис “Замонавий мактаблар”да ишлашга талабгор бўлди. Улардан энг яхшиларини танлаб олиш учун тестлар ўтказилди.

Жорий йилнинг 26-27 февраль кунлари А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Замонавий мактаб”ларда фаолият олиб боришга тавсия этилаётган, 550 нафардан зиёд талабгор — умумтаълим фани ўқитувчилари мутахассислик фанлари, АКТ ва фанни ўқитиш методикаси бўйича онлайн тест синовларида иштирок этди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Сергели туманида янги ташкил этилаётган мазкур мактабларда 292 нафар ўқитувчилар учун янги иш ўринлари яратилиб, ёш, билимли ва ташаббускор педагоглар иш билан таъминланади.

Айни кунга қадар янги ташкил этилган 329-мактабнинг ўзига 1467 нафар ўқувчи ўтиш истагини билдириб, ота-оналари томонидан ариза топширилган.

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида 47 та “Замонавий мактаб”лар ташкил этилмоқда.

Уларда педагог кадрлар сифатини янада яхшилаш мақсадида ёш, шижоатли, ташаббускор, ташкилотчи, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган ўқитувчилардан номзодлар рўйхати шакллантириб, улар таркибидан ҳар томонлама билимли ўқитувчиларни саралаб олиш режалаштирилган.

Baham ko'ring: