Халқ таълими вазирлиги тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида 2019 йилда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчиларни Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббус доирасида тўгаракларга жалб этиш ва мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси

2019 йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

p1.png

Ҳужжатда халқ таълими тизимида мавжуд муаммолар ва уларни ечиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, концепция тизимда ислоҳотлар амалга ошириладиган 9 та йўналиш ва 48 та кўрсаткични белгилаб берган.

Мазкур концепция таълим тизимини ривожлантиришнинг қуйидаги йўналишларини белгилаб берди:

1.    Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

2.     Узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

3.     Ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш;

4.     Халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш;

5.     Халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш;

6.     Ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш;

7.     Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш;

8.     Ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

9.     Халқ таълими тизимида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш.

Мақсадли кўрсаткичлар асосида таълим мазмуни самарадорлиги оширилиб, кадрларнинг сифат таркибини яхшиланади. Жамиятда ўқитувчилар мақоми оширилади. Ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббус амалиётга татбиқ этилади. Ўқувчиларни маданият ва санъат муассасаларига жисмоний тарбия, спортга кенг жалб этилади. Ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади.

p2.png

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг самарали ижроси мамлакатимизда таълим сифатини оширишга туртки бўлади.

Ўқитувчиларнинг мавқеини ошириш

Таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда ўқитувчиларнинг ўрни муҳим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини оширишдир.

Таъкидлаб ўтиш керакки, мураккаб ўтиш йилларида мактабда ўқитувчи касбининг обрўйи ва нуфузи пасайиб кетди. Ўқитувчилардан таълим сифатини таъминлаш эмас, балки қишлоқ хўжалиги ва ободонлаштириш ишларида фаол иштироки талаб қилинган.

Президентимизнинг сиёсий иродаси натижасида ўқитувчилар қишлоқ хўжалиги ва ободонлаштириш ишлари ҳамда бошқа мажбурий меҳнатдан озод қилинди.

 

Уларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу олис ҳудуд таълим муассасаларига етишмаётган мингдан зиёд ўқитувчини жалб этиш имконини берди. Нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсия тўлиқ миқдорда берилмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларнинг ойликларини яна қайта кўриб чиқиш вазифасини белгилаб берди.

Ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ошириш

Ўқитувчиларга шароит яратилганидан кейин уларга қўйиладиган талаб - таълим сифатини оширишдан иборат.

p3.png

2019 йилда Халқ таълими вазирлиги Давлат тест маркази билан ҳамкорликда Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида барча ўқитувчиларни ўз фани ва давлат тили бўйича имтиҳондан ўтказди. Имтиҳон натижаларига кўра, ўқитувчилар билим ва кўникмаларини ошириш бўйича индивидуал қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари асосида ўқитиш белгиланди.

Мазкур йўналишда “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси тайёрланиб, муҳокама учун эълон қилинди. Унда узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш бўйича қуйидагилар белгиланди:

а) Халқаро андозаларга асосланиб, халқ таълими тизимидаги педагогларнинг компетенциялари даражасини белгиловчи ягона касбий стандарт ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш;

б) Умумтаълим мактабларида педагогик фаолият юритиш ҳуқуқини бериш бўйича касбий лицензиялаш (сертификатлаш) механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда уни босқичма-босқич жорий этиш;

в) Халқ таълими ходимларининг мустақил равишда малака оширишларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий эҳтиёжларини эътиборга олиш имкониятини берадиган малака оширишнинг кредит-модул тизимини жорий этиш;

г) Амалдаги методист лавозимини тугатган ҳолда ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини доимий ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун “ментор” лавозимини жорий этиш. Менторликка тажрибали олий тоифали ўқитувчилар ва юқори малакали кадрларни жалб этиш ҳамда уларнинг ойлигини олий тоифали ўқитувчиларга нисбатан 1,15-1,35 баравар кўпроқ этиб белгилаш;

д) А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида А.Авлоний номидаги Халқ таълими академиясини ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш;

е) Академияда малакали ва иқтидорли амалиётчи педагоглар таркибидан янги замон таълим бошқарувчиларини тайёрлаш мақсадида ташкил этиладиган “Таълим менежменти” мутахассислиги бўйича 1 йиллик ва ва “Катталар таълими” мутахассислиги бўйича 2 йиллик магистратуралар ташкил этиш каби масалалар таклиф этилди.

Ушбу қарор лойиҳаси билан ўқитувчилар учун касбий сертификатлаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Янги таклиф этилаётган тизим орқали малакали ва тажрибали ўқитувчиларни рағбатлантириш механизми яратилади. Ўқитувчиларнинг касбий билимлари, давлат тилини билиш даражаси ва психологик тайёргарлиги баҳоланади. Минимал талабларга жавоб берган ва сертификациядан ўтган ўқитувчилар сертификатга эга бўлмаган ўқитувчиларга нисбатан кўпроқ ойлик олиши режалаштирилган.

Касбий сертификат раҳбарлар учун 3 йилга, ўқитувчилар учун эса 5 йилга амал қилиб, дастлабки босқичда тоифага эга бўлган ўқитувчилардан, кейинчалик тоифага эга бўлмаган ўқитувчилардан талаб этилади.

Концепцияга мувофиқ янги тизим босқичма-босқич жорий этилади. Бунда жами ўқитувчилар сонига нисбатан касбий сертификатга эга ўқитувчиларни 2021 йилда 5 фоизга, 2030 йилда 20 фоизга етказиш белгиланган.

p4.png

Маълумот учун, ҳозирда халқ таълими тизимидаги 481 604 нафар ўқитувчидан 2,7 фоизи олий малака, 11,4 фоизи биринчи малака, 26 фоизи иккинчи малака тоифасига эга. Қолган 46,4 фоиз ўқитувчи тоифага эга эмас.

Сертификатлаш тизимини шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш учун янги баҳолаш марказини ташкил этиш ва таниқли хориж ташкилоти билан ҳамкорлик қилиниши режалаштирилмоқда. Бунда хорижлик ҳамкорлар имтиҳон жараёнида ноҳақликка йўл қўйилмаслигини кафолатлайди. Янги ташкил этилган хориж тажрибаси ўрганилганидан ва жамоа тузилганидан сўнг сертификатлаш жараёни маҳаллий мутахассислар томонидан ташкил этилади.

Баҳолаш тизимларини жорий этиш

Халқ таълими тизимида яна бир муаммолардан бири ўқувчилар билимини баҳолаш тизими йўқлигидир. Шу боис таълим сифатини аниқлаш учун бир неча ташқи манбалар маълумоти ўрганилиб, халқаро тажрибалар амалиётга жорий этилган ҳолда шаффоф ҳамда объектив баҳолаш мезонлари яратилмоқда.

Жумладан, мактаб битирувчиларининг 2019 йилда олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. 2 мингдан зиёд мактабнинг биронта ўқувчиси олий ўқув юртига кира олмаганлиги аниқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бу йил илк бор мактаблар рейтинги эълон қилинди. Рейтинг педагоглар салоҳияти, 9-синф ўқувчилари билим даражаси, битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичлари ва ижтимоий сўровномаларга асосланди.

2020 йилда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан биргаликда бошланғич синф (2- ва 4-синф) ўқувчилари ўртасида ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) саводхонлиги бўйича халқаро баҳолаш ўтказилади. Ҳозирги кунда баҳолашни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 2019 ноябрь ойида EGRA ва EGMA баҳолаш тизими мамлакатимизнинг бир неча мактабларида синовдан ўтказилди.

p5.png

2021 йилда ўқувчилар билими PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари асосида аниқланади. Мазкур халқаро баҳолаш дастурлари мамлакатимиз таълим тизимини бошқа давлатлар билан солиштириш ва камчиликларини аниқлашга кўмак беради.

Мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш

Мактабларга кўмаклашиш ўзига хос миллий ҳаракатга айланди. Барча давлат дастурлари доирасида, шунингдек жойлардаги давлат ҳокимияти органлари мактаб инфратузилмасини такомиллаштиришга кўмак бермоқда.

Охирги 3 йилда мактабларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, 157 та янги мактаб қурилди. Шу билан бирга:

        2864 мактабда иситиш тизими яхшиланди;

        493 мактабнинг атрофи ўралди;

        173 мактаб ичимлик суви билан таъминланди;

        175 мактабда ошхона қурилди;

        579 мактабда ҳожатхона қурилди;

        181 мактабда канализация тизими таъмирланди.

Инвестиция дастури доирасида 53 та умумий ўрта таълим мактабларни янгидан қуриш ва 210 тасини реконструкция қилиш ҳисобига жами 646 та мактабларда белгиланган меъёрларидан нисбатан сиғимини 1,5 коэффициентгача тушишига эришилди.

Ҳокимият билан ҳамкорликда 2019 йил республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига жами 1 113 та мактабларда 2,4 трлн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан:

Республика бюджетидан жами 660 та, (Инвестиция дастури доирасида 506 та, Тошкент вилояти учун ажратилган қўшимча маблағлар доирасида 56 та, Тошкент шаҳри учун ажратилган қўшимча маблағлар доирасида 50 та, Вазирлар Маҳкамасининг 708-сон қарорига асосан 29 та, Президент ташрифи баёнлари, ҳукумат қарорлари ва топшириқларига кўра 19 та) халқ таълими объектларида 1,8 трлн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига (“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари ва маҳаллий ресурслар доирасида) жами 472 та умумий ўрта таълим муассасаларида 808,4 млрд. сўмлик ишлар якунига етказилди.

Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 388 та умумий ўрта таълим муассасаларида 552,56 млрд. сўмлик ишлар якунига етказилди.

Ўтган йили фаолиятини тугатаётган 383 та касб-ҳунар коллежларининг биноси (шундан 154 таси янги мактаб, 229 таси қўшимча бино) мактабларга берилиши натижасида мактаб ўқувчилари учун қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилди.

2019 йилнинг 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Замонавий мактаблар”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, мамлакатимизда янги ташкил этиладиган ва реконструкция қилинадиган мактаблар халқаро талабларга мувофиқ илғор архитектура ечимлари ва энергия тежайдиган технологиялар асосида қурилади ва жиҳозланади.

p6.png

2020 йилнинг 1 мартига қадар хорижий тажриба ва мамлакатнинг табиий иқлим шароитига мос, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбалари, энергия тежовчи ҳамда илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Шунингдек, 2020 йил 1 мартга қадар умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозлашнинг янги меъёрларини ишлаб чиқиш тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим мактабларида "Замонавий мактаблар" талабларига асосланиб, умумтаълим мактабларини баҳолаш мезонини яратиш бўйича ишлар олиб борилади.

“Замонавий мактаблар”га қўйиладиган талабларга мос келадиган умумий ўрта таълим муассасаларига тегишли даражадаги мувофиқлик сертификати берилади.

“Замонавий мактаб” мувофиқлик сертификатига эга бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчиларига иш ҳақи ҳамда моддий рағбатлантиришнинг юқори ставкалари қўлланилади.

Қарорга кўра, мамлакатимизда 2020-2022 йилларда “Замонавий мактаб” лойиҳаси бўйича умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга 4,05 трлн. сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Иқтидорли болалар билан ишлаш тизими

2019 йилда мамлакатимизда иқтидорли болалар билан ишлаш ва уларнинг қобилиятини янада ривожлантириш бўйича такомиллаштириш ишлари бошланди.

Барча мактаблардаги таълим сифатини ошириш бўйича локомотив вазифасини ўтовчи Президент мактаблари ташкил этилди. Президент мактаблари Тошкент, Хива, Нукус ва Наманган шаҳарларида фаолият бошлади.

Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM - таълим“ дастури (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб STEAM методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш учун Президент мактабларида ўзбек тилида ўқитиладиган она тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор берилади.

9-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва хусусиятларига қараб, Президент мактабида таълим ўқув жараёнини индивидуализация қилинган ҳолда олиб борилади.

Президент мактаби битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Шу билан бирга 2019 йил давомида бир неча ижод мактаблари ташкил этилди. Айни вақтда мамлактимиздаги  9 та ижод мактабларида 1612 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра эндиликда халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – 500 (111,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (100,35 млн. сўм);

2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300 (66,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (55,75 млн. сўм);

3-ўрин (бронза медаль) учун – 200 (44,6 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (33,45 млн. сўм).

2019 йилда Ўзбекистон терма жамоаси Халқаро олимпиадаларда жами 8 та медални қўлга киритди. Жумладан, 11-22 июль кунлари Буюк Британиянинг Бат шаҳрида бўлиб ўтган 60-Халқаро математика олимпиадасида (IMO) Ўзбекистон жамоаси 1 та бронза медаль (2018 йилда медал олинмаган) ва 3 та диплом, 14-21 июль кунлари Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтган 30-Халқаро биология олимпиадасида (IBO) Ўзбекистон жамоаси 3 та бронза  медаль (2018 йилда медал олинмаган), 21-30 июль кунлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 51-Халқаро кимё олимпиадасида (IChO) Ўзбекистон жамоаси 2 та кумуш ва 2 та бронза медаль (2018 йилда 2 та бронза медали) соҳиби бўлди.

2019 йилда халқаро олимпиада совриндорлари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш учун 714 млн. сўм маблағ ажратилди.

Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббус

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган 5 ташаббус доирасида юртимиз умумтаълим мактабларида турли тўгараклар, секциялар ва клублар фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, маданият ва санъат йўналишидаги тўгаракларга 779 минг, жисмоний тарбия ва спорт бўйича секциялар 1,1 миллион, ахборот технологиялари йўналишига тўгараклар 444 минг, китобхонлик клубларига 264 минг нафар ўқувчи, шунингдек 377 минг нафар қизлар ижтимоий фаол ҳаётга жалб этилди. Жами 2,9 миллион нафар ўқувчи тўгараклар, секциялар ва клубларга жалб этилиб, умумий кўрсаткич 47,5 фоизни ташкил этди.

2020 йилда Халқ таълими тизимида қуйидаги устувор вазифалар амалга оширилади:

10-11-синф ўқувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга киришга яхшироқ тайёрлаш учун уларнинг қизиқиш ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич вариатив ўқув режалари жорий этилади (15 та фан ўрнига 8 та фан чуқурлаштириб ўқитилади).

Хусусий секторни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида таълим муассасаларини ташкил этиш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Осиё тараққиёт банки билан Сергели туманида мактабларни қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда эксплуатация қилиш бўйича лойиҳа давлат-хусусий шериклик кўринишида амалга оширилади.

p7.png

 “Замонавий мактаб” лойиҳаси бўйича қурилиш, жиҳозлаш ва мактаб фаолиятини ташкил этиш бўйича талаблар ишлаб чиқилади. Ушбу талабларга мос намунавий мактаблар лойиҳалари яратилади.

Дарсликлар мазмунан қайта кўриб чиқилади. Дарсларда муқобил дарсликлардан фойдаланиш йўлга қўйиш режалаштирилган.

2020 йилнинг март ойида бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги (EGRA) ва математик саводхонлигини (EGMA) баҳолаш тўлақонли амалга оширилиши орқали бошланғич таълим сифати илк бор халқаро даражада баҳоланади ҳамда уни сифатини ошириш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинади.

Халқ таълими тизимида “Электрон кундалик”, gis.uzedu.uz, ish.uzedu.uz, online-maktab.uz, kitob.uz, stat.uzedu.uz, emis.uzedu.uz, Khan Academy O‘zbek ахборот тизимлари жорий этилиш қамрови кенгаяди. Натижада қоғоз кўринишидаги синф журналлари ва кундалик дафтарлари босқичма-босқич бекор қилинади.

Электрон китоблар ҳамда ўзбек тилида онлайн дарсликлар базалари шаклланади. Интернет орқали барча мактаблар ва очиқ иш ўринлари ҳақида интерактив маълумотлар олиш имконияти яратилади. Шунингдек ўқувчилар учун ҳар чоракда онлайн олимпиадалар ташкил қилиш учун olympiad.uzedu.uz ишга туширилади.

АҚШлик ҳамкорлар билан инглиз тили ўқитувчиларининг тил билиш даражаси баҳоланади ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чоралар кўрилади (English Speaking Naiton лойиҳаси). Россиялик ҳамкорлар билан рус тили ўқитувчиларининг тил билиш даражаси баҳоланади ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чоралар кўрилади.

Ўзбек тилини ўқитишни соддалаштириш ва ўқувчиларда ўзбек тили кўникмаларини ривожлантириш бўйича ўқув дастури қайта кўриб чиқилади.

АҚШлик ҳамкорлар билан биргаликда Ахборот технологияларини ўқитиш бўйича дастурлар ва ўқув қўлланмалари такомиллаштириш бўйича лойиҳа бошланади (IT Nation лойиҳаси).

Биология, кимё, математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари бўйича қўшимча фан олимпиадалари ўтказилади ҳамда халқаро нуфузли фан олимпиадаларига тизимли тайёргарлик йўлга қўйилади.

Ўқувчиларда миллий ғоя ва ватанпарварлик туйғусини ривожлантиришга қаратилган “Тарбия” фани босқичма-босқич жорий этилади.

 

Baham ko'ring: