Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида

Васийлик ва ҳомийлик органлари

Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органларининг ваколатларини, уларнинг вазифалари ҳамда васийликни ва ҳомийликни белгилаш, амалга ошириш ва тўхтатиш тартибини белгилайди.

Васийлик ва ҳомийлик фаолияти:

а) вояга етмаганларга нисбатан — туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари;

б) суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган фуқароларга нисбатан — туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари;

в) соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомий тайинлашга муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан — туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан амалга оширилади.

Васийлик ва ҳомийлик органларидан ташқари бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни аниқлаш ва жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

 

Васийлик ва ҳомийлик органларининг ваколатлари, уларнинг вазифалари

 

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари васийлик ва ҳомийлик соҳасида ўз ваколатлари доирасида:

етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритади;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларнинг ахборот базасини юритадилар, маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг маълумотлар базасига киритиш учун, шунингдек давлат статистика ҳисоботини тегишли давлат статистика органига қонун ҳужжатларида белгиланган шаклда ва муддатларда тақдим этади;

етим болаларнинг ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ҳамда васийларга ва ҳомийларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни ҳамда ҳисобга олишни амалга оширади;

етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришни, шунингдек уларнинг мол-мулкининг бут сақланишини таъминлайди;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини юритади;

васийлар ва ҳомийларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариши устидан назоратни амалга оширадилар, уларга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларни тарбиялашда, тиббий кузатувини ташкил этишда ёрдам кўрсатади;

васийликни ёки ҳомийликни тугатиш тўғрисида, васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш ҳақида туман, шаҳар ҳокимига илтимосномалар киритади;

боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид пайдо бўлган ҳолларда уни ота-онасидан ёхуд ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан олиб қўйиш чораларини кўрадилар;

давлат муассасаларига (интернатларга) жойлаштириладиган балоғатга етмаганларнинг ҳисобини олиб борадилар ва ҳужжатларини тайёрлайди;

ота-оналар ва болалар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолларда болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил тайинлайди;

белгиланган тартибда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этадилар, судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ҳуқуқини чеклаш тўғрисида, шунингдек, ота-оналик ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда иштирок этади;

васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларга маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Туманлар, шаҳарлар ҳокимлари васийлик ёки ҳомийликни белгилаш ва тугатиш бўйича, шунингдек васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Мазкур қарорлар васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан манфаатдор ташкилот ва шахсларга юборилади.

 

Васийлик ва ҳомийлик органларининг туғилишни қайд қилишдаги ваколатлари

 

Туғилишни қайд қилишда боланинг отаси ва онаси ҳақидаги маълумотлар бўлмаган ҳолларда ота ва она ҳақидаги ёзувлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига ва мазкур Низомга биноан васийлик ва ҳомийлик органи кўрсатмаси бўйича амалга оширилади.

 

Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан болалар тарбияси ва улар билан кўришиб туриш тўғрисидаги масалаларнинг ҳал этилиши

 

Болалар тарбияси ва таълимига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан уларнинг ўзаро келишуви бўйича ҳал этилади. Ота-она ўртасидаги боланинг тарбияси ва таълимига доир келишмовчиликлар васийлик ва ҳомийлик органи ёки суд томонидан ҳал этилади.

 

Васийлик ва ҳомийлик органларининг болаларни фарзандликка олиш ва оилага тарбияга бериш(патронат) билан боғлиқ масалалардаги ваколатлари

Васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни фарзандликка олиш ва оилага тарбияга бериш (патронат) билан боғлиқ масалалардаги ваколатлари доирасида:

болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг, фарзандликка олган ва фарзандликка олинганларнинг ҳисобини юритади, фарзандликка олиш сирининг сақланишини таъминлайди;

туман, шаҳар судига вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса тақдим этади ва суд жараёнида иштирок этади;

фарзандликка олишни бекор қилиш учун судга белгиланган тартибда ҳужжатлар тайёрлайди;

болаларни оилага тарбияга (патронат)га олишни истаган шахсларнинг ҳисобини юритади;

болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида битим тузади ва уни бекор қилади.

Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар алоҳида иш юритиш тартибида, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.

10 ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Фарзандликка олишда боланинг розилиги васийлик ва ҳомийлик органи ёки суд томонидан фарзандликка олиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда аниқланади.

Агар бола васийлик ёки ҳомийликда бўлса ва уни фарзандликка олиш учун ота-она розилиги талаб қилинмаса, фарзандликка олиш васий ёки ҳомийнинг розилиги билан амалга оширилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи Оила кодексининг 169-моддасида белгиланган ҳолларда фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Васийлик ва ҳомийлик органи тутинган ота-оналарни танлашни амалга оширади, улар билан болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисида битим тузади.

 

Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий, шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.

Ҳомийлик ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.

Васийлик ёки ҳомийлик етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга қуйидаги ҳолларда белгиланади:

ота-онаси вафот этганда ёки суд томонидан вафот этган деб эълон қилинганда;

ота-онаси суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланганда;

ота-онаси икки ойдан ортиқ касал бўлиши оқибатида ўзларининг ота-оналик мажбуриятларини бажара олмаганда;

ота-онаси суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

ота-онаси яшаш жойида вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назоратида қолдирилган бўлса;

ота-онаси яшаш жойида олти ойдан кам муддатга вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назоратида қолдирилган бўлса, агар васийлик ёки ҳомийлик боланинг манфаатлари учун зарур бўлса;

ота-онаси бедарак йўқолганда;

ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганда, шу жумладан, ота-она тарбия, даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари ва шунга ўхшаш муассасалардан боласини олишдан бош тортганда, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ота-онаси бўлган вояга етмаган болага, агар ота-онаси билан туриши ушбу шахснинг қонуний манфаатларига жавоб бермаслиги ҳамда унинг ҳаёти ёки соғлиғи учун бевосита таҳдид мавжудлиги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан аниқланганда васий ёки ҳомий тайинланиши мумкин.

Соғлиғининг ҳолатига кўра ўз ҳуқуқларини мустақил равишда амалга ошира олмайдиган ва мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан ҳомийлик ушбу шахсларнинг илтимосига биноан белгиланиши мумкин.

 

Васийлик ёки ҳомийликни белгилаш, васийни ва ҳомийни тайинлаш

 

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар аниқланган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органи бундай маълумотлар олинган кундан эътиборан уч кун мобайнида уларнинг турмуш ва таъминот шароитларини текширувдан ўтказади ҳамда бу ҳақда далолатнома тузади.

Текширув ўтказилгандан сўнг васийлик ва ҳомийлик органи етти кун мобайнида қуйидагиларни амалга оширади:

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларга васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг турмуш шароитларини текширувдан ўтказади ва бу ҳақда далолатнома тузади;

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларга васий ёки хомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг тавсифномаларини, уларнинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан сўраб олади;

васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкинлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди.

Васийлик ва ҳомийлик васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахс яшаётган жойда, агар шахснинг муайян яшаш жойи бўлмаса, васий ёки ҳомий яшаётган жойда белгиланади.

 

Васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.

 

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларга васий ёки ҳомий тайинлаш учун васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларни васий ёки ҳомий тайинлаш мумкинлиги тўғрисида хулоса берилган кундан бошлаб етти кун мобайнида туман, шаҳар ҳокимлигига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Туман, шаҳар ҳокими ҳужжатларни олган кундан бошлаб, уч кун мобайнида васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни туман, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссияга кўриб чиқиш учун киритади.

Туман, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссия васийлик ва ҳомийликни белгилаш юзасидан тақдим қилинган ҳужжатларни беш кун мобайнида кўриб чиқади ва тегишли хулоса тайёрлайди.

Туман, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссия хулосаси асосида беш кун мобайнида васийлик ёки ҳомийлик бўйича мажбуриятларни бажариш учун туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан васий ёки ҳомий тайинланади.

Ҳокимнинг васий ёки ҳомийни тайинлаш бўйича қарори бир кун мобайнида васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан васий ёки ҳомийларга юборилади.

Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, мажбуриятларни бажариш қобилияти, васий, ҳомий ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс ўртасидаги муносабатлар, васий ёки ҳомий оиласининг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга муносабати, шунингдек 10 ёшга тўлган ҳомийликка олинувчининг истаги инобатга олиниши лозим.

Қуйидаги шахслар васий ва ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёки ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мол-мулкини бошқариш мол-мулкнинг жойлашган жойи бўйича белгиланади.

 

Васийлик ёки ҳомийликни расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлар

 

Васийлик ва ҳомийлик органлари васийлик ёки ҳомийлик белгиланаётган бола тўғрисида қуйидаги ҳужжатларни туман, шаҳар ҳокимлигига тақдим этади:

а) туғилганлик ҳақида гувоҳнома (паспорт) нусхаси;

болаларнинг ота-она қаровисиз қолганлик ҳолатини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлардан бири:

ота-онасининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалар нусхаси;

ота-онасининг ёки улардан бирининг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлиги ҳақида суд қарори;

ота-оналарнинг болаларни тарбиялашдан ва таъминотидан бўйин товлаганлиги, ота-оналарга қидирув эълон қилинганлиги ҳақидаги ҳужжатлар, ички ишлар органлари, даволаш муассасалари ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларнинг болаларнинг ота-онасиз қолганлиги тўғрисидаги далолатномалари;

б) соғлиғи тўғрисида тиббий муассаса (тиббий-маслаҳат комиссияси)нинг хулосаси;

в) васийлик ёки ҳомийлик белгиланаётган шахснинг турар жойи, мол-мулки тўғрисидаги маълумотлар;

г) васийлик ва ҳомийлик органининг васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг, шунингдек васийлик ёки ҳомийликка олиш истагини билдирган шахснинг турмуш шароитлари, оила аъзоларининг саломатлиги ва оиланинг бошқа шароитлари тўғрисидаги текширув далолатномалари;

д) васийлик ва ҳомийлик органининг васий ёки ҳомий белгиланишига муҳтож шахсларга нисбатан васий ёки ҳомий белгилаш зарурлиги, васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкинлиги тўғрисидаги хулосалари.

 

Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахслар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

 

а) васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг исми, фамилияси, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда турган шахс томонидан никоҳда қачондан бери турганлиги (никоҳда турган шахс учун), эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, оилада фарзандлар бўлса — уларнинг сони ва ёши, шунингдек васийлик ёки ҳомийликка олинувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, ёши, васийлик ёки ҳомийликка олиш асослари кўрсатилган ариза;

б) шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

в) яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан оила аъзолари кўрсатилган ҳолда олинган маълумотнома;

г) никоҳда турган шахслар учун — никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг (никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг) нусхаси;

е) иш жойидан олинган тавсифнома;

з) васий ва ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг соғлиғи тўғрисида давлат муассасасининг (врачлик-маслаҳат комиссиясининг) хулосаси, руҳий ва наркология муассасаларидан, сил касаллигига қарши курашиш диспансеридан олинган маълумотномалар;

и) васий ва ҳомий бўлиш истагини билдирган шахслар қасддан содир этган жинояти учун илгари судланмаганлиги ҳақида ички ишлар органининг ахборот марказидан олинган маълумотнома.

Вояга етмаганларга улар ота-онасининг ёки вояга етмаганларнинг ўз аризасига кўра васий ёки ҳомий тайинлашда, шунингдек ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ота-онаси бўлган вояга етмаганга васий ёки ҳомий тайинлашда васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахслар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, болани васийлик ёки ҳомийликка қолдириш муддатлари ва асослари кўрсатилган ота-онанинг аризаси;

б) васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда турганлиги, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, оилада фарзандлар бўлса — уларнинг сони ва ёши, васийлик ёки ҳомийликка олинувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, ёши, васийлик ёки ҳомийликка олиш асослари кўрсатилган аризаси;

в) шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

г) никоҳда турган шахслар (шахс) томонидан васийлик ёки ҳомийликка олинганда — васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

ж) иш жойидан олинган тавсифнома;

з) васий ва ҳомий бўлиш истагини билдирган шахсларнинг соғлиғи тўғрисида даволаш муассасасининг (врачлик-маслаҳат комиссиясининг) хулосаси.

 

Васий ва ҳомийнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари

Васийлар ўз васийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, уларнинг номидан ва уларнинг манфаатларини кўзлаб зарур битимларни тузади.

Ҳомийлар ўз ҳомийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, ҳомийлигидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида ва мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади, шунингдек уларни учинчи шахсларнинг суиистеъмолликларидан муҳофаза қилади.

Васийлар ва ҳомийлар васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча муассасаларда, шу жумладан, судда ҳам алоҳида ишончномасиз ҳимоя қилади.

Васийлар ва ҳомийлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни унинг фикрини ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тарбиялаш усулларини мустақил белгилаш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни қонуний асосларсиз ўзида ушлаб турган ҳар қандай шахсдан, шу жумладан ота-онасидан ҳамда бошқа яқин қариндошларидан уни қайтариб беришни суд тартибида талаб қилиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш бўйича ҳуқуқий, услубий, диагностика ва маслаҳат ёрдами олиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахс мустақил равишда амалга оширишга ҳақли бўлмаган битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш;

зарур ижтимоий ёрдам олиш учун васийлик ва ҳомийлик органларига, таълим муассасаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, нодавлат нотижорат ташкилотларига мурожаат қилиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг даволаниши ва соғлиғини тиклаши мақсадида даволаш, санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар олиш учун соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилиш.

Васийлар ва ҳомийлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

Васийлар ва ҳомийлар қуйидагиларга мажбур:

ўзининг яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни тарбиялаши, унинг таъминоти, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, шунингдек унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун шароитларни таъминлаш;

алиментлар, пенсиялар, нафақалар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий тўловлар тўлашни талаб қилиш юзасидан зарур чоралар кўриш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ўзларига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслик;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларига дахл қиладиган ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатларини олиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан ва бошқа мавжуд маблағларидан унинг таъминоти учун фойдаланиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг парвариш қилинишини, тиббий кузатувини ва даволаш-профилактика муассасаларида даволанишини таъминлаш;

васийлик ва ҳомийлик органларига ўз мажбуриятларининг бажарилиши ҳақида ҳисоботлар тақдим этиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахс стационарда даволаниш учун жойлаштирилганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиш;

агар фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга ёки муомала лаёқати чекланганлигига доир асослар бекор бўлган бўлса, ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиш;

ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги вояга етмаган шахс билан бирга яшаш.

Ҳомийнинг ўз ҳомийлигидаги ўн олти ёшга тўлган шахсдан алоҳида яшашига, башарти бу ҳомийликдаги шахснинг тарбиясига, таъминотига ва таълим олишига, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига салбий таъсир кўрсатмаса, васийлик ва ҳомийлик органларининг ёзма рухсати билан йўл қўйилади. Ҳомий ўз ҳомийлигидаги шахсдан алоҳида яшаган тақдирда, унинг яшаш, таълим олиш шароитларини назорат қилиши, уни атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиши шарт.

Ўз ҳомийлигидаги шахс билан бирга яшаётган ҳомийнинг яшаш жойини ўзгартириши васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганнинг розилиги билан амалга оширилади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги вояга етмаган шахснинг турар жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, васий ёки ҳомий уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уни олиш бўйича чоралар кўриши шарт.

Муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг ҳомийлари уларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-идрок фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол этишдан, чекишдан ҳимоя қилишга доир зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

Васийлар ва ҳомийларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

Васийлик ва ҳомийлик бўйича мажбуриятлар бепул бажарилади.

Васий ва ҳомийнинг ўз васийлиги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминотига доир харажатларининг ўрни васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс маблағлари ҳисобидан қопланади, бу маблағ етарли бўлмаган тақдирда эса, васийлик ва ҳомийлик органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг таъминоти учун нафақа тайинлаш мақсадида тегишли органларга мурожаат қилади.

Васий ёки ҳомий ўзининг аризасига кўра ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Ҳомий ҳомийликдаги шахснинг талабига кўра ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиниши лозим.

 

Васийлар ва ҳомийлар фаолиятини назорат қилиш

Васийлик ва ҳомийлик органи васийлар ва ҳомийларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариши юзасидан йилига камида икки марта назоратни амалга оширади, уларга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларни тарбиялашда, уларнинг тиббий кузатувини ташкил этишда, таълим муассасаларига ҳамда ишга жойлаштирилишида ёрдам кўрсатади.

Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилиши юзасидан назорат васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ёхуд васийларнинг ёки ҳомийларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

 

Васийлик ва ҳомийликнинг тугаши

Васийлик қуйидаги ҳолларда тугатилади:

васийликдаги шахс вафот этганда;

вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлганда;

вояга етмаган ота-онасига қайтарилганда;

васийликдаги шахс фарзандликка олинганда;

фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан тикланганда.

Вояга етмаган бола ўн тўрт ёшга тўлганлиги сабабли васийлик тугатилгач, васийнинг мажбуриятларини бажарувчи шахс белгиланган тартибда тайинланмаган ҳолда вояга етмаганнинг ҳомийси бўлиб қолади.

 

Ҳомийлик қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ҳомийликдаги шахс вафот этганда;

ҳомийликдаги шахс вояга етганда;

ҳомийликдаги шахс ота-онасига қайтарилганда;

ҳомийликдаги шахс фарзандликка олинганда;

фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ҳақидаги суднинг қарори бекор қилинганда;

вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация);

ҳомийликдаги шахс никоҳга кирганда;

соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг соғлиғи яхшиланганда.

 

Поделиться в: