Ўзбекистонда EGRA ва EGMA баҳолаш тадқиқотлари ўтказилади

2019 йилнинг 18 февраль куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистондаги бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика фанларидан билим даражаларини баҳолаш тизими муҳокама этилди. Мазкур йиғилишга Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров раҳбарлик қилди.

Учрашув доирасида ўқувчиларнинг ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) бўйича қобилиятларни баҳолаш тадқиқотларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур тадқиқотлар бошланғич синф ўқувчиларининг ўзлаштиришини яхшилаш ҳамда таълим жараёнидаги камчиликларни  аниқлашга ёрдам беради.
Ушбу баҳолаш тизими дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида қўлланилади. Шунингдек, PISA, ТIMSS, PIRLS каби ўқувчилар билими даражасини баҳолаш учун халқаро тадқиқотлар ҳамда дастурлар тайёрлаш учун яхши восита ҳисобланади.

Учрашув давомида бюджет ва ҳомийлик маблағлари масаласи бўйича Халқ таълими вазирлигига америкалик экспертларни жалб этиш ҳам муҳокама қилинди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, 2018 йилнинг октябрь ойида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегацияси Қўшма Штатларга ташриф буюриб, USAID вакиллари билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама этган эди. Ушбу учрашув Қўшма Штатлардаги музокараларнинг мантиқий давоми бўлди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Baham ko'ring: