Ўзбекистонлик ўқувчилар Япония таълим вазири эътирофига сазовор бўлди

Аввал хабар берганимиздек, бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилар жорий йилнинг 1-8 декабрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган “Sakura science High school program” (Халқаро илм-фан ва технологиялар дастури)да иштирок этди. 

Дастур давомида ўзбекистонлик ўқувчилар Япония Таълим, маданият, спорт ва технология вазири Michiko Ueno хоним билан мулоқот қилди. Мулоқот давомида ўқувчилар томонидан Ўзбекистондаги таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Сўнгра Япония таълим тизими муваффақиятлари бўйича саволлар билан мурожаат этилди. Вазир ўзбекистонлик ўқувчиларнинг билим, иқтидори, ҳозиржавоблигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Келгуси йилда ҳам албатта ушбу дастурга ўзбекистонлик ўқувчиларни таклиф қилишини билдирди.

Шунингдек, ўқувчилар дастур давомида олган билим ва тассуротлари тўғрисида ўз тақдимотларини намойиш этди. Тақдимотлар бошқа мамлакатлардан келган тенгдошлари орасида олқишланди.

Дастур якунида юртимизнинг иқтидорли ўқувчилари сертификатлар билан тақдирланди.

Мазкур дастурда иштирок этган ўқувчилар Япония таълим тизими билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлди.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Япония ва Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида  Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманидаги 43-мактабга япониялик археолог олим Кюдзо Като номи берилди. Мазкур мактаб япон ва инглиз тилларини чуқур ўрганишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, ёш археологлар мактаби сифатида ўз фаолиятини бошлайди.

 

Baham ko'ring: