Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаб-интернатлар)

Санаторий туридаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг вазифалари:

шахснинг ақлий, ҳиссий ва жисмоний ривожланишига ёрдам берадиган шарт-шароитлар яратиш;

баркамол, жисмонан ва маънавий соғлом шахсни вояга етказиш, ўқувчиларда маданий-эстетик қадриятларни, фуқаролик ва ватанпарварлик ҳисларини шакллантириш;

давлат таълим стандартлари асосида сифатли таълим олиш, шу жумладан касбга йўналтириш, болаларнинг индивидуал қобилиятларини ривожлантириш, иқтидорли ва қобилиятли болаларни тақдирлаш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг психофизиологик ёш хусусияти, мойиллиги, қобилияти, қизиқиши, ҳаёти ва соғлиғи муҳофазаси талабларига мувофиқ равишда реабилитация ҳамда даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ўтказишни таъминлаш.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари аккредитацияси аттестация асосида, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади. 

Санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларини ташкил этиш тартиби 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари санаторий туридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари муассислари бўлиши мумкин.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан саломатлигида нуқсонлари бўлган, даволаниш, соғломлаштириш ва махсус шароитларда таълим-тарбия олишга муҳтож болалар контингентини биргаликда ўрганиб чиқиш якунлари бўйича ташкил этилади.

Даволаниш, соғломлаштириш ва махсус шароитларда таълим-тарбия олишга муҳтож болалар контингенти мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига экологик қулай шароитлар мавжуд жойларда ихтисослаштирилган таълим муассасаси ташкил этиш тўғрисида асосланган таклиф билан мурожаат қилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ташкил этиш тўғрисидаги таклиф ихтисослаштирилган таълим муассасасини ташкил этиш таклиф этилаётган ҳудудда кейинги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган соғлиқни сақлаш органларининг расмий статистика маълумотлари билан асосланган бўлиши керак.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, уларнинг ихтисослашувига мувофиқ, қуйидаги турларга бўлинади:

сколиоз билан касалланган болалар учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар;

сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликлари хавфи бўлган гуруҳ болалари учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларнинг энг кўп сони 250 нафардан ошмаслиги керак. 

Ўқувчиларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби 

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига уларнинг турига мувофиқ ҳолда:

I—IV даража сколиоз билан касалланган;

сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликларига чалинган, алоҳида шарт-шароитларда даволаш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган мактаб ёшидаги болалар қабул қилинади.

Болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасасига юбориш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия (кейинги ўринларда психологик-тиббий-педагогик комиссия деб аталади) хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасига болалар 7 ёшдан бошлаб қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган ҳар бир болага ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (чин етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун — васийлик ва ҳомийлик органлари) томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади ва тақдим этилади.

Даволаниш, соғломлаштириш ва таълим олишга муҳтож болалар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 1—11— синфларига Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси йўлланмалари асосида, психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, шунингдек ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан қабул қилинади.

Болаларни қабул қилиш ўқув йили бошлангунгача амалга оширилади ва ихтисослаштирилган таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасида болаларнинг бўлиши муддати тиббий кўрсатмаларга мувофиқ ва психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан, лекин 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасига мураккаб нуқсонли болалар (ривожланишида 2 та ва ундан кўп етишмовчилик бўлган болалар) қабул қилинмайди.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидагилар қабул қилинмайди:

а) ақли заиф болалар;

б) хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;

в) юрак-қон томири касалликлари бор болалар;

г) таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;

д) кўр-кар-соқов болалар;

е) тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;

ж) марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

(Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори ўқувчиларнинг қабул қилиниши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради)

 

Поделиться в: