Республика таълим маркази томонидан мактаб дарсликларини такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчилик фикрини олиш тизими йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартдаги “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4640-сонли қарорига биноан, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тайёрлаш, нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, уларда хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, давлат буюртмасига асосан тайёрланадиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар Халқ таълими вазирлигига ўтказилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан дарслик муаллифлари ва тегишли нашриётлар билан ҳамкорликда ўқувчиларни сифатли дарсликлар билан таъминлаш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-, 4-, 5-синфлари учун жами 558 номдаги 27,9 млн. дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиши режалаштирилган.

Дарсликларни яратишда уларнинг мазмуни билан биргаликда ташқи кўриниши, матнларнинг ўқувчи ёшига мослиги, ўқитишнинг педагогик ва методик жиҳатлари мужассамлашганлиги, таълимий иллюстрациялар билан безатилганлиги муҳим ҳисобланади ва энг асосийси хатоларсиз ҳамда замон талабларига мос тарзда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ўзига хос мураккаб жараённи ўз ичига олади.

Дарсликларни такомиллаштиришда, жамоатчилик фикри, айниқса ушбу дарсликлар билан ишлаётган амалиётчи ўқитувчиларнинг ва ота-оналарнинг фикрини ўрганиш замон талабидир.

Шу мақсадда бугунги коронавирус карантин шароитида дарсликлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида Республика таълим маркази томонидан интернет тармоғида @darslikka_taklif_bot телеграм канали ишга туширилди.

Мазкур телеграм каналига бугунги кунда амалда бўлган барча мактаб дарсликлари ҳамда жорий йилда янгидан яратилаётган ва нашр этилаётган дарсликларга 3 та - ўзбек, инглиз ва рус тилларида таклиф юбориш имконияти мавжуд.

Дарсликларни такомиллаштириш бўйича ишга туширилган телеграм каналининг мақсад ва вазифаларини очиб бериш, ундан фойдаланган ҳолда таклифлар юбориш, ушбу жараёнга малакали мутахассис ва ўқитувчиларни жалб қилиш мақсадади Республика таълим маркази томонидан онлайн видеоконференция ўтказилди.

 Онлайн видеоконференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган фан методистлари, дарсликларга масъул мутахассислар иштирок этишди.

Бугунги кунда дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар Марказнинг фан методистлари томонидан ўрганиб чиқилиб, нашриётлар ва муаллифлар билан биргаликда дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда.

Марказ томонидан янги ўқув йили учун дарсликлар ва ўқув-методик кўлланмаларни чоп этишдан олдин, доимий равишда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, экспертлардан хулосалар олиш ва тажриба-синов ишларини тизимли амалга ошириш режалаштирилган.

2020-2021 ўқув йили учун нашр этиладиган дарсликларни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича қўшимча маълумотлар телеграм интернет тармоғида @darslikka_taklif_bot орқали ёритиб борилади.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кун дарсликларини такомиллаштиришда, уларни сифатли нашрга тайёрлашда биз учун муҳим бўлган жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

 

Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Baham ko'ring: