Юртимиз ўқувчилари Халқаро ёшлар илм-фан олимпиадасида ғолиб бўлди

Жорий йилнинг 3-12 декабрь кунлари Қатар давлатининг Доҳа шаҳрида 15 ёшга тўлмаган ўқувчилар ўртасида 16-Халқаро табиий фанлар бўйича ўсмирлар олимпиадаси (International Junior Science Olympiad - 2019) ўтказилди.

Мазкур олимпиадада 70 та давлатдан ташриф буюрган 409 нафар энг иқтидорли ўқувчилар 3 турда - тест, ёзма иш ҳамда жамоавий лаборатория тажрибасини ўтказиш бўйича беллашди. Олимпиаданинг бошқа мусобақалардан фарқли жиҳати - иштирокчиларга учта фандан ҳам тенг миқдорда саволлар берилади. Ўқувчилардан физика, кимё ва биология фанларини мукаммал билиши талаб этилади.

Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу халқаро олимпиадада иштирок этишини таъминлади.

Ўзбекистон терма жамоаси 15 ёшга тўлмаган қуйидаги мактаб ўқувчиларидан ташкил этилди: Лазизахон Умарова (Тошкент шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби), Дилбар Бахромова (Тошкент шаҳридаги 202-умумтаълим мактаби), Муҳаммадризо Мажидов (Тошкентдаги Президент мактаби), Зафарбек Орифжонов (Тошкентдаги Президент мактаби), Одилбек Бозорбоев (Тошкентдаги Президент мактаби), Умархон Исаев («Diplomat International School» нодавлат таълим муассасаси). 

Олимпиада натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасидан Тошкентдаги Президент мактабининг 9-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Мажидов бронза медали совриндори деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг  2019  йил  3  майдаги “Иқтидорли  ёшларни  аниқлаш  ва  юқори  малакали  кадрлар  тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Халқ таълими вазирлигида ташкил этилган Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментига иқтидорли ўқувчиларнинг халқаро олимпиадаларда иштирокини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Baham ko'ring: