Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар

Ўзбекистон Республикасида таълим сифатини оширишга катта эътибор берилмоқда. Мазкур йўналиш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан амалий ишлар йўлга қўйилган.

Албатта, ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири бу ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини оширишдир. Бу борада ўқитувчилар мажбурий меҳнат ва обунадан озод этилди. Уларнинг маошлари 2,5 бараварга оширилди.

Шунингдек, ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш бўйича ҳужжатлар қабул қилиняпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра эндиликда халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:

·  1-ўрин (олтин медаль) учун – 500 (111,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (100,35 млн. сўм);

·    2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300 (66,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (55,75 млн. сўм);

·    3-ўрин (бронза медаль) учун – 200 (44,6 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (33,45 млн. сўм).

Шу билан бирга, таълим сифатини таъминлаш учун ўқитувчилар ўз билими ва кўникмаларини ошириб бориши талаб қилинади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчилар билимини аниқлаш мақсадида Сирдарё вилоятида тест синовлари ўтказилди. Ҳозирги кунда тест жараёнларида Сурхондарё вилояти ўқитувчилари ҳам иштирок этмоқда. Босқичма-босқич бу каби тестлар барча ҳудудларда ташкил этилади.

Мазкур имтиҳонларни ўтказишдан асосий мақсад ўқитувчилар билим даражасини аниқлаш ва натижаларга кўра ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокама учун чоп этилди.

Мазкур қарор билан халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тубдан кўриб чиқиш таклиф этилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Халқ таълими соҳасида фундаментал, илмий, амалий тадқиқотларни ривожлантириш, соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув, методик ишларни ҳамда соҳа мутахассисларининг олий таълимдан кейинги таълимини янада такомиллаштириш мақсадида А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида А.Авлоний номидаги Халқ таълими академиясини ташкил этиш таклифи ўртага ташланди.

Қарор лойиҳаси билан анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқувларнинг масофавий (Moodle, E-learning, Web-based training) ва уйғунлашган (blended-learning) шаклларини, шунингдек, халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг белгиланган даврийликка риоя қилинган ҳолда, тажриба тариқасида, ходимларни ҳар йили ўқишга жалб қилишни назарда тутувчи кредит-модуль механизмини босқичма-босқич жорий этиш таклиф этилган.

Тажриба тариқасида, педагог кадрларнинг ҳар йили ташкил қилинадиган қисқа муддатли малака ошириш курслари ва ундан кейинги даврда фанлар бўйича таянч мактабларида ишдан ажралмаган ҳолда ўтказиладиган (on-the-job training) доимий ўқувлардан иборат узлуксиз касбий ривожлантириш тизими ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги умумтаълим фанлари бўйича “методист” лавозими ўрнига “ментор” лавозими жорий этилади. Менторлар ўқитувчиларга кўмакдош бўлиши, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам беради.

Шунигдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартиби босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади.

Тажриба шуни кўрсатяптики, олий ўқув юрти дипломига эга мутахассис ҳар доим ҳам мактабда дарс беришга тайёр бўлмайди. Мисол учун, мутахассисда педагогик ва болалар билан ишлаш кўникмаси йўқ. Болалар психологиясини билмайди. Натижада ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда.

Лицензиялаш тартиби жорий этилиши малакали, билимли, педагогик маҳоратга эга ва психологик билимга эга ўқитувчиларни танлаш имконини беради. Бу билан биз болаларни ҳимоя қиламиз ва таълим сифатини таъминлаймиз.

Янги тизим ўқитувчилар учун мотивация ҳисобланади. Лицензияга эга бўлган ўқитувчиларнинг маошлари бундай ҳужжатга эга бўлмаган мутахассисга қараганда юқорироқ бўлади.

Ҳозирда халқ таълими тизимидаги 481 604 нафар ўқитувчидан 2,7 фоизи олий малака, 11,4 фоизи биринчи малака, 26 фоизи иккинчи малака тоифасига эга. Қолган 46,4 фоиз ўқитувчи тоифага эга эмас. Бу ўқитувчиларимизнинг асосий қисми ўз устида ишламаётганидан далолатдир.

Лицензиялаш тартиби бу ўқитувчиларнинг юқорироқ маош олиши учун ўз устида ишлашига мотивация бўлади. Натижада, мактабларда таълим сифати ошади.

Халқ таълими вазирлиги юқори билимли ўқитувчиларни, айниқса STEAM фанлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун янги халқаро университет ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда.

Вазирлик раҳбарияти бир неча хориж олий ўқув юртлари вакиллари билан музокаралар ўтказди. Университет хорижий илғор тажриба асосида таълим тизими учун мутахассислар тайёрлайди. Университет ўз фаолиятини яқин вақт ичида бошлаши белгиланган.

Baham ko'ring: