Олий тоифали ўқитувчи тажрибасидан 5 лавҳа

Дилноза Юлдошева Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 240-мактабида русийзабон ўқувчиларга ўзбек тили фанидан сабоқ беради. Бугун эътиборингизга маҳоратли педагог иш тажрибасидан айрим лавҳаларни ҳавола этмоқчимиз.

2017 йилдан буён Дилноза Юлдошеванинг ўқувчилари ўзбек тили фанидан туман, шаҳар олимпиадаларида ғолиб бўлиб келмоқда. Бу йил 11 синф ўқувчиси шаҳар босқичидан 1-ўринни эгаллаб Республика босқичига йўл олди.

1-лавҳа: Изланувчан муаллима бир қолипга туширилган дарслардан йироқлиги боис ҳар бир мавзуни тушунтириш учун алоҳида тадорик кўради. Мисол учун, янги мавзуни тушунтиришдан олдин, энг аввало, синфдаги ўқувчиларнинг билим даражаси ва ўзлаштириш кўникмасини ҳисобга олади. Ўқувчилар мавзуни қандай ўзлаштиришини олдиндан билиб, дарс ўтиш услубини ўзгартиради. Бўш ўзлаштирувчи ўқувчи ҳамиша педагог диққат марказида бўлади. Улар учун турли бошқотирмалар ўйлаб топиб, ўқувчилар эътиборини жамлаб олади. Шу сабабли муаллима сабоқ берадиган 9-11-синф ўқувчилари орасида янги мавзуга тушунмаган ўқувчи деярли бўлмайди.

2-лавҳа: Дилноза Юлдошева дарс жараёнида кўпроқ ўғил-қизларнинг саводхонлиги ва нутқ ўстиришга эътибор қаратади. Дарснинг 10 дақиқасини ўқувчилар билан ўтказиладиган ҳаётий кўникмалар ҳақидаги суҳбат учун ажратади. Мазкур суҳбатлар дўстона муносабатда олиб борилади. Ҳар бир ўқувчининг характери ва дунёқарашини инобатга олган ҳолда олдиндан тайёрлаб келган саволларини беради. Ўзбек тили фани ўғил-қизларнинг келгуси ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишини савол-жавоблар давомида тушунтиради. Шу тариқа ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини доимий равишда ошириб боради.

f9873068662d61b03c52a.jpg

3-лавҳа: У айни пайтда 6-синф ўқувчиларига синф раҳбарлик қилиб келмоқда. Синфда 28 нафар ўқувчининг 15 нафари фақат аъло баҳога, қолганлари “4” ва “5” баҳога ўқийди. Дарслар тугагач, ўқувчиларга барча фанлар бўйича ўтилган мавзуларни тушунтириб беради. Кун давомида ким нечта баҳо олди, қайси фанларни ўзлаштиришда қийналди, уларнинг қандай муаммолари борлиги ҳақида ҳар бир ўқувчи билан индивидуал тарзда ишлайди.

4-лавҳа: Тажрибали педагог уй вазифаларини тайёрламаган ўқувчиларни шунчаки ташлаб қўймайди. Бу каби ўқувчиларнинг ота-оналари билан алоқани биринчи ўринга қўяди. Ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаб, муаммо юзага келаётган ўқувчиларга кўпроқ эътибор қаратади. Ўқувчиларда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун кўп ҳолларда уларнинг ота-оналари билан учрашиб, биргаликда муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилади.

5-лавҳа: Ўқитувчи иқтидорли ўқувчилар билан ҳам алоҳида ишлашни йўлга қўйган. 2017 йилдан буён ўзбек тили фанидан ўқувчилари туман, шаҳар олимпиадаларида ғолиб бўлиб келишмоқда. Жорий йилда ҳам 11-синф ўқувчиси шаҳар босқичидан 1-ўринни эгаллаб Республика босқичига ўтди. Муваффақиятга эришган, иқтидорли ўқувчилар билимини қўшимча адабиётлар ёрдамида доимий равишда бойитиб боради.

Доимий ўз устида ишлаган Дилноза Юлдошева олий малакали педагоглардан. Шу билан бирга "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танловининг Республика босқичида иштирок этган. Туман ва шаҳар семинарларида "Ўқитишнинг замонавий усуллари" мавзусида ўқитувчиларга методик ёрдам бериб келмоқда. “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида 10-синф учун видеодарсларни суратга олишда ҳам фаол иштирок этган.

Ўқувчиларга чинакам фидойилик билан сабоқ бераётган муаллима бугунги кунда мактаб жамоасида ҳам ҳурмат қозонган. Бугунги кунда у ёш педагогларга “Устоз-шогирд” анъанасига амал қилиб, кўмак бериб келмоқда. Айнан Дилноза Юлдошева каби педагоглар ўқувчиларга ҳаётда ютуқларга эришишида мотивация беради.

Baham ko'ring: