Мамлакатимизда “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси амалга оширилади

Халқ таълими вазирлиги, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида республикамизнинг 3 та ҳудудида “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси амалга оширилади.

Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади юртимизда саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаблар тармоғини кўпайтириш ҳамда ўқувчилар соғлиғини яхшилаш орқали таълим сифатини оширишдир. Шунингдек, ўқувчиларда тиббий таълим кўникмаларини шакллантириб, мактабда соғлом муҳитни яратишдан иборат.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури”га мувофиқ амалга оширилади.

Жорий йилнинг 10-14 февраль кунлари юртимизнинг 3 та ҳудудида “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси доирасида халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари ҳамда пилот мактаблари ходимлари учун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Қозоғистондаги маслаҳатчиси Л.Утемисова иштирокида семинарлар ўтказилди. Семинарлар 2020 йил 10 февраль куни Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги 163-умумтаълим мактаби ва “Лидер” нодавлат таълим ташкилотида, 11-12 февраль кунлари Фарғона вилояти, Фарғона шаҳридаги 5-сонли ҳамда Риштон туманидаги 20-умумтаълим мактабларида, 13-14 февраль кунлари Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги 25-сонли ва Деҳқонобод туманидаги 85-умумтаълим мактабларида ташкил этилди. Семинарда мазкур мактаб директорлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ҳамшира, психолог ва Кузатув кенгаши вакиллари иштирок этди. Семинар иштирокчилари “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси Қозоғистон Республикаси, Россия Федерациясида ва бошқа МДҲ давлатларида қай тарзда амалга оширилаётганлиги билан таништирилди.

Ўзбекистон Республикаси пилот мактаблари мутахассислари учун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Қозоғистондаги маслаҳатчиси Л.Утемисова томонидан мазкур лойиҳани амалга ошириш йўналишларини танлаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Baham ko'ring: