Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар)ни ташкил этиш тартиби

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар)ни ташкил этиш ва у ерга болаларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги 256-сонли қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ҳамда жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш, шунингдек ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан минтақадаги жисмоний ва психик ривожланишда имконияти чекланган, махсус шароитларда таълим-тарбия олишга муҳтож болаларнинг мавжуд контингентини биргаликда ўрганиб чиқиш якунлари бўйича ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилаётган ҳудудда охирги 5 йилда 3 ёшдан 16 ёшгача болалар ўртасида тегишли касалликларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган соғлиқни сақлаш органларининг расмий статистика маълумотлари билан асосланиши керак.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, уларнинг ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги (I—VIII) турларга бўлинади:

I — кар (эшитмайдиган) болалар учун мактаб-интернатлар;

II — заиф эшитадиган ва кейинчалик кар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар (1, 2-бўлим);

III — кўзи ожиз (кўр) болалар учун мактаб-интернатлар;

IV — заиф кўрадиган ва кейинчалик кўр бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

V — нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VI — таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VII — психик ривожланиши суст бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;

VIII — ақли заиф болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатлар.

Зарур ҳолларда I ва II турлар, шунингдек III ва IV турлар аралаш ҳолдаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилиши мумкин.

Аралаш турдаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этишда кар ва заиф эшитувчи (кейинчалик кар бўлган) болалар, кўр ва заиф кўрувчи (кейинчалик кўр бўлган) болалар синфлари бўйича таълимни алоҳида олиб бориш мажбурий шарт ҳисобланади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаб-интернатлар) ҳузурида ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига қатнамаган болалар учун уларни мактабга тайёрлаш мақсадида бир ва икки йил муддатли, ўз фаолиятини ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасалари тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб борувчи тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиши мумкин.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчилар сони
250 нафардан ошмаслиги керак.

 

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг асосий вазифалари

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган (ақли заиф болалар учун) махсус таълим талабларига мувофиқ билим олишларини таъминлаш;

шахсга йўналтирилган, ижтимоий йўналтирилган таълим жараёнида ўқувчиларнинг энг мақбул ривожланишини таъминлаш мақсадида табақалаштирилган ва индивидуал таълимни ташкил этиш;

шахсий, оилавий, ижтимоий ҳаётида ва меҳнат фаолиятида хулқ-атворнинг энг мақбул моделини шакллантириш орқали шахсни тарбиялаш;

ўқувчиларни умумтаълим муассасаларида инклюзив (уйғунлашган) таълим шароитида ўқишга тайёрлаш;

ўқувчиларнинг ижтимоий-ҳиссий ривожланишлари, ҳаётий қобилиятларининг шаклланиши учун зарур коррекцион (тузатувчи) — ривожлантирувчи таълим муҳитини яратиш;

ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнида уларнинг психик функциялари ва саломатлиги тизимли тарзда кузатилишини ташкил этиш.

 

Ўқувчиларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби

 

Ихтисослаштирилган таълим муассасасига жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган мактаб ёшидаги, тайёрлов гуруҳларига эса — ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига қатнамаган — мактабгача ёшдаги болалар қабул қилинади.

Болаларни ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юбориш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳузурида ташкил этилган психологик-тиббий-педагогик комиссия (кейинги ўринларда психологик-тиббий- педагогик комиссия деб аталади) хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига болалар 7 ёшдан бошлаб, тайёрлов гуруҳларига эса — 5—7 ёшдагилар қабул қилинади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари учун белгиланган ёш меъёридан икки йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади.

Болаларни қабул қилиш ўқув йили бошлангунгача амалга оширилади ва ихтисослаштирилган таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган ҳар бир болага ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (чин етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун – васийлик ва ҳомийлик органлари) томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади ва тақдим этилади.

Боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

1) ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;

2)психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаларининг ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган бола билан олиб бориладиган таълим-тарбиявий ва даволаш-тузатиш бўйича тавсиялари акс этган баёни;

3) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

4) таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

5) ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, болага якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома;

6) боланинг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма:

педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;

психоневрологнинг тиббий ташхиси ва боланинг ақлий ривожланишига тавсифи;

оториноларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи (эшитишда нуқсони бўлган болалар учун — сўзлашув нутқ ва шивирлаб айтилган сўзларни идрок этиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлари, аудиограмма маълумотлари);

офтальмологнинг кўриш органига тавсифи (кўришда нуқсони бўлган болалар учун- батафсил ташхиси);

ортопед врачнинг хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аппаратида нуқсони бўлган болалар учун);

Ихтисослаштирилган таълим муассасасига йўлланган чин етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида яна қуйидаги ҳужжатлар ҳам бўлиши керак:

туман (шаҳар) ҳокимининг болага васий тайинлаш ёки уни таълим муассасасига жойлаштириш ҳақидаги қарори нусхаси;

ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар (ота-оналарнинг паспортлари нусхалари ёки уларнинг вафоти ҳақидаги гувоҳнома, суднинг ҳукми ёки қарори нусхаси, ота-онасининг сурункали касаллиги ҳамда ота-онасининг йўқлиги ёки уларнинг ўз фарзандларини тарбиялай олмаслиги ҳақидаги бошқа ҳужжатлар);

яқин қариндошлар борлиги ва уларнинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома;

боланинг ота-онасидан қолган мулки (агар бўлса), унинг қаердалиги, уни сақлаш учун амалга оширилган чоралар ва бунга масъул шахслар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган мулк рўйхати;

турар жойни боланинг номига ўтказиш ҳужжатлари (ордер, уй дафтарчаси, турар жой режаси, туман (шаҳар) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалидан турар жой эгаси ва хусусийлаштириш тўғрисидаги маълумотнома нусхалари);

пенсия олаётган боланинг пенсия дафтарчаси, суднинг бола фойдасига алимент ундириш ҳақидаги қарори ёки буйруғи нусхаси (ёки алимент тўлаш ҳақидаги келишувнинг нотариал тасдиқланган нусхаси), жамғарма дафтарчаси.

 

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига мактабгача ёшдаги ва мактаб ёшидаги қуйидаги тоифадаги болалар қабул қилинади:

 

эшитишда нуқсони бўлган болалар (карлар, заиф эшитувчилар, кейинчалик кар бўлган болалар);

кўришда нуқсони бўлган болалар (кўрлар, заиф кўрувчилар, кейинчалик кўр бўлган болалар);

нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар (алалия, дислалия, афазия, ринолалия, дизартрия, психик-нутқий ривожидаги сустлик, дудуқланиш);

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар (болалар церебрал фалажи, сколиоз, полиомиелит, миопатия, остеомиелит, ампутация, бўй ўсишининг етишмовчилиги — паканалик);

психик ривожланиши суст болалар;

ақли заиф болалар;

мураккаб нуқсонли болалар (ривожланишида 2 та ва ундан кўп етишмовчилик бўлган болалар).

Мураккаб нуқсонли болаларни (агар ҳамроҳ нуқсонлардан бири ақлий заифлик бўлган ҳолларда) қабул қилиш психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси асосида, ота-оналари ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан, ўқув-тарбия жараёнида болалар билан бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида унинг ўзлаштирмаслиги олигрофрения даражасидаги ақли заифлик билан боғлиқлиги аниқланган ҳолда амалга оширилади.

 

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қуйидагилар қабул қилинмайди:

 

а) ақли ўта заиф болалар (имбицил, идиотия даражасидаги олигофрения);

б) хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;

в) таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;

г) кўр-кар-соқов болалар;

д) тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;

е) марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.

Ушбу тоифадаги болалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаларига йўлланади ёки уларга якка тартибда уйида ўқитиш ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаси директори ўқувчиларнинг қабул қилиниши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.

Поделиться в: