Фан Олимпиада ғолиблари ташаббуси билан Халқаро онлайн олимпиада мактаби ташкил этилди

Ўзбекистонда фан олимпиадаларни оммалаштириш мақсадида сўнгги йилларда турли фанлардан Халқаро фан олимпиадаларида муваффақият қозонган кўнгилли ёшлар томонидан Ўзбекистонда Ал-Хоразмий Халқаро олимпиада (онлайн) мактаби ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан январь ойида академиклар ва ёш олимлар билан учрашувда тижорат банкларига фан олимпиадаларини ривожлантиришга ҳомийлик қилиш бўйича берилган кўрсатмасига биноан Олимпиада мактабини «Ўзсаноатқурилишбанк» ўз оталиғига олган. Банк иқтидорли ўқувчиларнинг халқаро олимпиадаларда қатнашишини ва улар кўрсатган юқори натижаларни рағбатлантириб келмоқда.

Мактаб ўзининг илк натижаларини кўрсатишга улгурди.

d514c60d07f09481bf131.jpg

Март ойида Россиянинг нуфузли СИРУС иқтидорли болалар маркази томонидан ўтказилган Кавказ Халқаро Математика олимпиадасида 8 нафар ўзбекистонлик ўқувчилар қатнашиб, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.

e1e9b35dc512b64533d8f.jpg

Шуни қайд этиш жоизки, ҳар йили Сириус дунё тан олган малакали мутахассислари иштирокида «Ёзги мактаб» ташкил этади. Ушбу мактабга қатнашиш истагида бўлганлар ойига 12 минг рубль тўлов амалга ошириб, ёзни шу мактабда ўтказади. Жорий йилда бутун дунёда пандемия бўлаётганлиги сабабли, «Ёзги мактаб» онлайн тарзида олиб борилмоқда. Илк марта ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам мазкур мактабда 25 давлат ўқувчилари билан иштирок этмоқда. 12-18 март кунлари Халқаро КМО хамда СИРУС Ижрочи директори А.Горбачев билан ўтказилган музокаралар натижасида ўзбекистонлик иқтидорли ёшларга бепул 15 та ўрин ажратишга муваффақ бўлинди.

d3aca94876cc19329185e.jpg

Бугунги пандемия шароитида ҳам онлайн мактаби амалий ишларни тўхтатиб қўймади, улар банк ҳомийлигида www.khiso.uz веб сайтини ишга туширди ва у орқали мунтазам равишда турли фанлардан онлайн олимпиадалар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириб келмоқда.

Бугунги кунга қадар мактаб 10 та фандан барча синфлар кесимида 75 дан ортиқ онлайн фан олимпиадаларини ўтказишга улгурди.

Ал-Хоразмий Халқаро олимпиада мактаби жамоаси барча ўқувчиларга вақтдан унумли фойдаланишни ва www.khiso.uz веб сайти орқали рўйхатга ўтган ҳолда онлайн танловларда фаол қатнашишни тавсия қилади.

Юртимизда ва бутун дунёда пандемия тугаганидан сўнг Олимпиада мактаби ўзбекистонлик ўқувчиларни дунё майдонларига олиб чиқишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.

Baham ko'ring: