Дунё таълимида халқаро рейтинглар: “Чўққи томон пойга”

Мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги, барча соҳаларда ривожланган давлатлар билан рақобатлаша олиши ўз навбатида меҳнат бозоридаги кадрларга боғлиқ. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантирадиган кадрлар эса таълим муассасаларида ўқиб-улғаяди. Демак, сифатли таълим тизими сифатли кадрларни, сифатли кадрлар эса ривожланган, бой жамиятни қуради. 

Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган бугунги кунда инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бирига айланди. Жумладан, сўнгги икки йил ичида ўқитувчиларнинг ойлик маоши 1,5 баробарга оширилди, жамиятда ўқитувчилар нуфузини оширишга қаратилган қатор чоралар кўрилди, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, мазкур таълим муассасаларига энг малакали мутахассислар жалб этилди. Шунингдек, мавжуд мактабларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, барча ҳудудларда замонавий мактаблар барпо этилмоқда. 

Барча соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишдан аввал, албатта, халқаро тажрибаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва натижаларни кузатиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатларда олиб борилаётган таълим сиёсатининг қай даражада самара бераётганлиги халқаро рейтингларда ўз аксини топади.

ICILS, ICCS, TEDS, TIMSS, PIRLS, PISA, TALIS каби халқаро  баҳолаш дастурлари орқали турли йўналишлар бўйича рейтинглар аниқланади ва эълон қилинади. Бу дастурлар орасида энг нуфузлиси PISA баҳолаш дастури бўлиб, ундаги иштирокчи-давлатлар сони 85 тани ташкил этади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилда ўтказиладиган PISA халқаро тадқиқотида бизнинг ўқувчилар ҳам иштирок этиши, халқаро ареналарда Ўзбекистон ҳам ўзини муносиб тарзда намоён этиши учун қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг Фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг  2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) халқаро баҳолаш дастурининг рейтинги бўйича жаҳоннинг 30 та илғор мамлакати қаторига киришга эришиши устувор вазифа этиб белгиланганлиги ҳам мазкур тадқиқотда муваффақиятли иштирок этиб бориш масаласига ҳукумат даражасида юксак эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.

Мазкур тадқиқотнинг жозибаси нимада? У дунё таълим тизимига қандай таъсир этмоқда? Мазкур саволларга жавоб бериш учун PISA тадқиқотининг кўп йиллик таҳлилларига асосан халқаро экспертлар, тадқиқотчилар мулоҳазаларига ҳамда PISA дастурининг асосчиси ва координатори, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Таълим департаменти раҳбари жаноб Андреас  Шляйхернинг “Жаҳон миқёсидаги таълим. XXI аср мактаб тизимини қандай барпо этмоқ керак?” (“Worldwide Education. How to build a 21st-century school system?”) номли ноёб китобига мурожаат этдик.

2015 йилда ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро PISA дастурида қатнашган кўплаб ўқувчилар ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича ҳатто оддий топшириқларни ҳам бажара олмади. Тадқиқотнинг мақсадли гуруҳига аҳолисининг даромади юқори ва ўртача даражада бўлган жаҳоннинг 72 мамлакатида яшайдиган 15 ёшли ўсмирлар кирганди.

Гарчи умумий ўрта таълимга сарфланган харажатлар бу даврда 20 фоизга ошган бўлсада, сўнгги ўн йил ичида Ғарб мамлакатлари ўқувчиларининг таълимдаги натижалари амалда яхшиланмади. Кўп мамлакатларда таълим сифати, мактаб жойлашган ҳудуд ва ўқувчилар яшайдиган жой  ўртасидаги бевосита боғлиқликни кузатиш мумкин.

Бироқ, 10 фоиз кам таъминланган вьетнамлик ва эстониялик ўқувчиларнинг таълим натижалари баъзи Лотин Америкаси мамлакатларидаги энг бой оилаларда улғаяётган ўқувчиларнинг натижаларидан устунлик қилади, шунингдек, Европа ҳамда АҚШ ўқувчиларининг таълимдаги ўртача даражаси билан қиёслана олади. Кўп мамлакатларда энг ночор мактабларнинг ўқувчилари юқори таълим натижаларига эришгани хусусида бир ўйлаб кўрайлик. Бугунги жаҳон таълим тизими лидерларининг кўпчилиги фақат яқиндагина бу юқори поғоналарга эришганини ҳам ҳисобга олайлик. Демак, буни амалга ошириш мумкин ва   амалга оширилиши шарт. Тўғри таълимсиз инсонлар жамиятнинг пана-пастқам жойларида муҳтожликда яшайдилар. Мамлакатлар технология ютуқларидан фойда ололмайдилар ва бу ютуқлар ижтимоий тараққиётга олиб келмайди.

Халқаро тадқиқотларда иштирок этиш бизга илғор таълим амалиётини  кузатиш, инновацион таълим сиёсати ҳамда амалиётини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнлари, умуман, ўрганишимиз мумкин бўлган кўпгина муваффақиятли мисоллар билан танишиш имконини ҳам беради.

PISAнинг бошланиши. 1990 йилларнинг охирида айнан таълим сиёсатини ишлаб чиқиш учун тадқиқотларда аниқ илмий ёндашувни қўллаш ғояси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISA тадқиқотининг яратилишига олиб келди.

PISAнинг мақсади – таълим ташкилотлари ва таълим сиёсатини белгилайдиган шахсларга синф, мактаб ва бутун мамлакат чегарасидан ташқарига назар солишга ёрдам беришдир. У ишончли маълумотларни тўплайди ва уларни ўқувчилар ҳақидаги кенг қамровли  маълумотлар билан бирлаштиради.

Бугун PISA тадқиқотлари – бу нафақат мамлакатларни қиёслаш, балки PISA тадқиқотида ихтиёрий қатнашаётган минглаб таълим ташкилотларини ҳам таққослашдир. Бу уларга ўз натижаларини бутун дунё мактаблари билан қиёслаш имконини беради.

PISA тадқиқотларида юқори натижани кўрсатиш учун ўқувчилар  фанлар чегарасидан чиқиб фикрлашлари ва янги вазиятларда ўз билимларини ижодий қўллай олишлари лозим.

 

PISA тадқиқоти таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ўзига тортувчи кучи бўла олишини исботлади. Ҳар уч йилда ўтказиладиган бу баҳолаш таълим сиёсатини белгиловчи шахсларга мураккаб ислоҳотларга оид қарорларни таҳлилий манба билан мустаҳкамлаб, қабул қилишга ёрдам беради. Бугун PISA тадқиқоти воситасида жаҳон иқтисодиётининг 80 фоизини ташкил этадиган 90 дан ортиқ мамлакат баҳс-мунозара олиб бормоқда.

“PISA шок” – мағрурлик чекинди

PISA дастурининг энг муҳим кашфиётларидан бири шуки, таълим тизимлари ўзгариши ва яхшиланиши мумкин. PISA маълумотлари ижтимоий ночорлик ва мактаб болаларининг ёмон натижалари ўртасида ғайриихтиёрий алоқа йўқлигини исботлади. Мадомики айрим мамлакатлар ўзлаштиришни кўтаришга қаратилган сиёсатни олиб бориши мумкин экан, нега энди бошқа мамлакатлар бундай қилолмайди?

Германияда PISA – 2000 тадқиқоти натижалари атрофида бўлган баҳслар ўта шиддатли кечди. Ўқувчиларнинг кутилган натижаларни мутлақо акс эттирмайдиган паст натижалари билан тўқнаш келган сиёсатчилар “PISA - шок”  ҳолатини бошдан кечиришди.

PISA – 2000 натижалари мамлакатнинг турли ижтимоий-иқтисодий статусга эга бўлган мактабларининг таълим натижаларида сезиларли даражада номувофиқликлар борлигини кўрсатди. Ушбу тадқиқотлар Финляндиядаги мактабларнинг юқори барқарорликка эга эканини кўрсатгани Германияда чуқур таассурот уйғотди. Немис мактаблари ўртасидаги фарқ 50 фоизга етган бир пайтда, Финляндиядаги турли мактаблар ўқувчиларининг натижаларидаги фарқ 5 фоиздан ошмас эди. Бошқача айтганда, Германияда болани айнан қайси мактабга бериш жуда муҳим эди.

Немис мактаб тизими анъанавий тарзда болаларни ўн ёшида турли йўналишлар бўйича ажратади. Бунда уларнинг баъзи бирлари академик таълим йўлидан кетади ва интеллектуал ходим бўлиб етишади, бошқалари эса касбий йўлдан кетади ва оқибатда интеллектуал ходимларга ишлайди. PISA тадқиқоти бундай саралаш жараёни кўп нарсада мавжуд ижтимоий-синфий тузилмани мустаҳкамлаганини кўрсатади. 

2000 йилларнинг бошида Германия таълим соҳасига мўлжалланган федерал харажатларни амалда икки баробар оширди. Аммо баҳс-мунозаралар  кенг кўламли ислоҳотларга ҳаёт бағишлади, бу ислоҳотларнинг баъзилари бутун тизимни сезиларли даражада ўзгартириб юборди. Болаларни эрта ёшидан тарбиялаш кенг тус олди, мактаблар учун миллий таълим стандарти жорий қилинди ва кам таъминланган ўқувчиларга, иммигрантларнинг болаларига кўпроқ ёрдам кўрсатила бошлади. Тўққиз йилдан кейин PISA натижалари таълим сифатида ҳам, таълим имкониятларининг тенглигида ҳам Германияда сезиларли яхшиланиш рўй берганини намойиш этди.

Германия нисбатан қисқа муддатда ўз таълим тизимини яхшилаган ягона мамлакат эмас. Жанубий Кореянинг ўртача кўрсаткичлари 2000 йилдаёқ юқори эди, аммо кореяликларни элитанинг тор доираси вакилларигина PISA тадқиқотида ўқиш саводхонлиги бўйича юқори даражага эришаётгани хавотирга соларди. Ўн йилдан камроқ муддат ичида Жанубий Корея юқори кўрсаткичларга эга ўқувчилар сонини икки баробарга ошира олди.

Польша мактаб тизимини тубдан қайта қуриш ҳар хил мактаб ўқувчиларининг ўзлаштиришидаги тафовутларни қисқартириш, кучсиз мактаблар кўрсаткичларини ошириш ва уларнинг умумий самарадорлигини икки баробарга кўтариш имконини берди. Португалия, худди Колумбия ва Перу сингари ўзининг тарқоқ мактаб тизимини мустаҳкамлади ва умумий ўзлаштиришни яхшилай олди.

Мамлакатларнинг PISA рейтингидаги нисбий ўрни асосан ижтимоий ва маданий омилларни акс эттиради, деб таъкидлайдиганлар ҳам таълимни яхшилаш мумкинлигини тан олишга мажбур бўлди.

Эстония ва Финляндия Европадаги педагоглар ва сиёсатчилар учун машҳур саёҳат йўналишига айланди. Бу мамлакатларда ўқувчилар 6 ёшга тўлгандан кейин мактабга боради ва бошқа мамлакатларга қараганда бир ўқув йилида машғулотларга кам вақт сарфлайди. Аммо ўн беш ёшида бу ўқувчилар ўзларининг ижтимоий-иқтисодий статусларига қарамай дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига эришадилар. Ва амалда бу мамлакатлар мактаблар ўртасидаги ўзлаштиришда ҳеч қандай тафовутларсиз аъло даражадаги таълим сифати ва барча мактаблар таълим тизимидаги таълим имкониятлари тенглигини ривожлантиришнинг уддасидан чиқмоқдалар.

PISA илк раундлари давомида юқори самарадорликка эга ва тез такомиллашаётган таълим тизимларининг кўпчилиги Шарқий Осиёда экани маълум бўлди. Бу натижалар Ғарбда ҳаммага расм бўлиб қолган, кўпинча бу Осиё мамлакатларидаги муваффақиятни ўқувчиларга юқори босим ўтказишга ва ўқув материалини юзаки, тушунмасдан ёдлаб олишга қаратилганига йўядиган фикрга қарши чиқди.

PISA рейтингида ғалабага эришиш учун ёд олиш камлик қилади. 2012 йилда муаммоларни ҳал қилиш бўйича ижодий кўникмаларни баҳолаш учун PISA ўзининг дастлабки тестларини тақдим этди. Кўп кузатувчилар, улар рейтинг жадвалларини остин-устун қилиб юборади ёки, ҳеч бўлмаса, Шарқий Осиёнинг анча-мунча паст натижаларини намойиш этади, деб башорат қилишди. Аммо биринчи ўринга бир авлод етишиб чиққан даврдаёқ ривожланаётган мамлакатдан замонавий индустриал давлатга айланган Сингапур чиқди. Гарчи бизнинг тасаввуримизда Сингапурдаги фуқаролик жамияти ҳозиргача фуқароларнинг сиёсий жараёнларга аралашуви чекланганлиги билан ажралиб турсада, Сингапурдаги таълим Ғарбда деярли  сезилмаган тинч революцияни бошидан кечирди. Ҳозирги пайтда мамлакат ўз таълим муассасаларининг сифати бўйича ҳам, инновацион таълим стратегияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишда педагогларнинг иштирок этиш даражаси бўйича ҳам пешқадамлик қилади.

Япония PISA бўйича энг яхши натижаларни кўрсатган мамлакатлардан бири бўлди, бироқ тадқиқотда ўқувчилар одатда ўқув фанининг мазмунини аслидай айтиб бериш талаб қилинадиган масалаларни жуда яхши уддалашларига қарамай, тадқиқот ўз билимини янги шароитларда қўллашни талаб этадиган очиқ турдаги топшириқларни анча ёмон бажаришларини кўрсатди.

Япония таълим сифатини баҳолаш миллий тизимига PISA топшириқларига ўхшаш очиқ жавобли топшириқлар киритилди. Бу киритилган янгилик ўқув жараёнининг ўзгаришида ижобий акс этди. 2006 йилдан 2009 йилгача Японияда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлар ичида очиқ топшириқлардан иборат бўлим натижаларида энг тезкор яхшиланиш юз берди.

Қўшма Штатларда, аксинча, PISAнинг биринчи тадқиқотларига нисбатан кам эътибор қаратилди. Аммо бу вазият 2006 йилда ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинганидан сўнг ўзгарди. Америкалик таълим раҳнамолари ўз ҳамкасблари – энг самарали жаҳон таълим тизими вакиллари билан ҳамкорлик қилиш учун саёҳат қила бошладилар.

Фақат 2009 йилдагина 2009 йилдан 2015 йилгача Таълим вазирлигини бошқарган Арне Дункан унинг натижаларига астойдил эътибор қаратди.  Вазирнинг Race to the Top (“Чўққи томон пойга”) деб номланган ташаббуси Америка штатлари ўртасидаги рақобатни кучайтиришга эмас, штатлар раҳбарларини энг самарали жаҳон таълим тизимларини ўрганишга ундашга қаратилган эди.

Германияда ҳатто PISA дастурига бағишланган жуда машҳур телекўрсатув ҳам пайдо бўлди. Бу кўрсатув профессионал баҳс-мунозаранинг таълим, жамият ва иқтисодиёт муаммоларининг оммавий муҳокамасига айланишига имкон яратди.

2000 йилдаги тадқиқотларнинг биринчи даврида қатнашгандан кейин тўққиз йил ўтиб Бразилия ўқиш саводхонлиги соҳасида энг катта ўсишни намойиш қилди. Мексикада ҳам худди шундай тажриба ўтказилди.

1960 йилларда АҚШда мактабни муваффақиятли тугатган ёшлар сони жуда кўп бўлиб, у таълим соҳасида етакчи мамлакат эди. Умумтаълим мактабларига киритилган инвестициялар мамлакат иқтисодий ривожининг гарови бўлди. Аммо 1970-1980 йилларда бошқа мамлакатлар АҚШ дан ўзиб кета бошлади. 1990 йилларга келиб мактаб битирувчиларининг кўрсаткичлари бўйича АҚШ биринчи ўриндан ўн учинчи ўринга тушиб қолди. Бунда Қўшма Штатларнинг таълим кўрсаткичлари шиддат билан орқага қайтмади, бироқ ривожланиш динамикасини сақлаб қололмади. 

Аксинча, 1960 йилларда Жанубий Кореядаги турмуш даражасини бугунги Афғонистоннинг турмуш даражаси билан қиёсласа бўлар эди, мамлакат жуда паст таълим даражасига эга эди. Ҳозир Жанубий Кореяда мактабни муваффақиятли тугатган ўсмирларнинг улуши энг юқори. Жанубий Корея ўзини юқори технологияли иқтисодиётга эга мамлакатга айлантирди ва бунга таълим тизими мустаҳкам асос бўлди.

Камбағаллар мактабда ҳар доим ёмон ўқийди, муҳтожлик - бу   қисматми?

2012 йилда PISA масалаларини ечишда Шанхайнинг энг кам таъминланган оилаларида улғайган 15 ёшли ўқувчиларнинг 10 фоизи математикадан АҚШ ва бошқа кўпчилик мамлакатларнинг энг яхши таъминланган оилаларида улғайган 15 ёшли ўқувчиларнинг 10 фоизидан кўра  яхшироқ  натижаларни кўрсатдилар. Шундай қилиб, PISA – 2015  тадқиқотида Эстония ва Вьетнамнинг энг ночор оилалари фарзандларининг 10 фоизи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ўртача ўқувчилари кўрсатган натижаларни намойиш этдилар.

2006 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда Қўшма Штатларда ижтимоий келиб чиқиш ва ўқувчиларнинг ўзлаштириши  ўртасидаги боғлиқлик PISA да иштирок этаётган бошқа ҳар қандай мамлакатдагига нисбатан кўпроқ сусайди.  2006 йилда 15 ёшли энг қашшоқ америкаликларнинг ҳар бешинчиси табиий фанлардан энг яхши натижаларга эриша олди. 2015 йилда буни ҳар учинчи ўқувчи уддалади. Шундай қилиб, ижтимоий ҳаракатчанлик ҳақидаги америкача орзуни ҳаётга тадбиқ этишга қодир ўқувчилар улуши 10 йил ичида 12 фоизга ўсди.

Инвестицияларни оширгандагина таълимда ютуқларга эришиш мумкин

Ўз фуқароларининг самарали ҳаёт фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатлар таълимга маблағ сарфлашлари зарур. Аммо таълимга бевосита инвестиция киритишни ошириш таълимнинг автоматик равишда яхшиланишига олиб келмайди.

Бугунги кунда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган битта ўқувчига 50 000 АҚШ долларидан камроқ пул сарфлаётган мамлакатлар учун PISA бир ўқувчига сарфланган харажатлар ва таълим натижалари даражаси ўртасидаги мустаҳкам ўзаро алоқани кўрсатади. Аммо ушбу харажатлар даражасидан ошиб ўтган мамлакатларда, шунингдек кўпчилик Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларда, бир ўқувчига сарфланган харажатлар билан ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириши ўртасида ўзаро алоқа йўқ.

6 ёшдан 15 ёшгача бўлган бир ўқувчига 47 000 АҚШ доллари сарфлаётган Венгрияда 15 ёшли ўқувчиларнинг натижалари бир нафар ўқувчига 187 000 АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлаётган Люксембургда ўқувчиларнинг натижалари қандай бўлса, худди ўшандай даражада турибди. Бошқача айтганда, муваффақият сарфланган маблағ миқдори билан эмас, бу маблағ қандай сарфлангани билан ўлчанади.

 

Таълим вақти қанча кўп бўлса, натижалар ҳам шунча юқори бўлади

Мактаб тизимлари ўқувчилар ўқишга сарфлайдиган вақт миқдори бўйича бир биридан тубдан фарқ қилади. Ҳар бир давлатда, одатда, фанни ўзлаштиришга сарфланадиган аксарият вақт фанга оид энг яхши натижаларга боғлиқ. PISA тадқиқотида дарс соатлари кўп бўлган мамлакатлар ўқувчиларининг натижалари дарс соатлари кам бўлган ўқувчиларнинг натижаларидан ёмонроқ. Қанақасига бундай бўлиши мумкин?

Бунинг сабаби оддий. Таълим натижалари доим таълим имкониятларининг сони  ва сифатининг оқибати бўлади. Агар дарс сифатининг барқарорлиги сақланса, ўқув  соатини қўшиш яхши натижа беради. Аммо мамлакатлар таълим сифатини оширганида, улар, одатда, ўқишга ажратилган вақтни кўпайтирмасдан яхши натижаларга эришадилар.

Масалан, Япония ва Жанубий Кореяда табиий фанлардан ўқувчиларнинг баллар миқдори бир хил бўлади, аммо Японияда ўқувчилар ҳамма фанлар бўйича ўқишга ҳафтасига 41 соат вақт сарфлайдилар (28 соат мактабда ва 14 соат мактабдан ташқари), Жанубий Кореяда эса ўқувчилар ҳафтасига 50 соат (30 соат мактабда ва 20 соат мактабдан ташқари) сарфлайдилар. Тунис ва Пекин, Шанхай, Цзянсу ва Гуандунда –Хитойнинг 2015 йилдан бошлаб PISA тадқиқотида қатнашган тўрт муниципалитетида – ўқувчилар ҳафтада 30 соатни мактабдаги ва 27 соатни мактабдан кейинги машғулотларга сарфлайдилар. Аммо ўрта ҳисобда Хитой шаҳарлари ва вилоятларида табиий фанлар бўйича натижалар 531 баллни, Тунисда эса у 367 баллни ташкил этади.

Кўп ота-оналар уларнинг болалари мустаҳкам академик билим ва кўникмаларни эгаллаши мумкин бўлган, уларнинг ижтимоий ва эмоционал компетенцияларини ривожлантирадиган театр тўгарагига қатнашиш, мусиқа ёки спорт билан шуғулланиш каби синфдан ташқари тадбирларга етарлича вақтлари бўладиган мактабларда ўқишини хоҳлаган бўларди. Бу ҳар доим мувозанат масаласи бўлган. Германия, Финляндия, Швейцария, Япония, Эстония, Швеция, Нидерландия, Янги Зеландия, Австралия, Чехия ва Макао (Хитой) – бу мамлакатлар ўқиш вақтининг давомийлиги ва ўзлаштириш ўртасидаги тўғри мувозанатни топишнинг уддасидан чиқишди.

Мактаб таълимини кенг миқёсда ўзгартириш учун бизга мумкин бўлган нарсани мутлақо бошқача, муқобил тарзда ҳис этишгина эмас, балки доно стратегиялар, самарадор институтлар зарур бўлади. Чунки жамиятдаги ўзгаришлар тезлиги бизнинг ҳозирги таълим тизимимизга хос бўлган ўзгаришларга жавоб бера олиш хусусиятининг структуравий имкониятларидан сезиларли даражада ўтиб кетди.

PISA дастурига ўхшаш халқаро тадқиқотлар мамлакатларнинг бошқа мактаб тизимлари билан қиёслагандаги натижаларини акс эттирадиган ўзига хос ойнадир. Улар яна таълим натижаларини яхшилашга халақит бериши мумкин бўлган кўплаб омилларни илмий асосда аниқлаш ва бартараф этишга имкон яратиб, таълим тизимини муваффақиятли ислоҳ қилишга хизмат қилади.

Бизнинг назаримизда, таълим – бу ўқишга бўлган иштиёқни рағбатлантириш, тасаввурни кучайтириш ва келажакни қура оладиган инсонларда мустақил қарор қабул қила олиш қобилиятини ривожлантиришдир.

 

Дилшода Норбоева,
Халқ таълими вазирлиги
Таълим сифати мониторинги
бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Baham ko'ring: