Бўка тумани ҳокими ўринбосари ўқитувчиларни камситгани ва мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун жарима тўлади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ва Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорликда Тошкент вилояти, Бўка тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Хонтўраевни халқ таълими муассасалари фаолиятига асоссиз аралашуви, педагог кадрларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, меҳнатга мажбурлаш, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилгани учун 22,3 млн. сўмга жаримага тортди.

Жумладан,  Бўка тумани ҳокимининг ўринбосари томонидан туманда жойлашган таълим муассасалари раҳбарларига ободонлаштириш ҳамда томорқа ишлари бўйича хатлов ўтказиш каби топшириқлар берилган.

Хусусан, А. Хонтўраев жорий йилнинг 19 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарорига зид равишда тумандаги 12-умумтаълим мактабида 53 нафар таълим муассасаси раҳбарлари ва маҳалла фаолларига йиғилиш ўтказиб, 12-мактаб директори М.Хакимованинг ўз вақтида томорқа бўйича аҳолини хатлов қилмаганлиги учун унинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиб, унга тазйиқ ўтказиб, барчани олдида изза қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳуқуқларини поймол этиб ундан туман ҳокими номига тушунтириш хати ва жорий йилнинг 20 апрель кунидан ишдан бўшаш тўғрисида аризасини олган.

Бундан ташқари, 2020 йил 6-7 май кунлари ҳоким ўринбосари А.Б.Хонтўраев туманда фаолият юритаётган 15-, 16-, 18-, 24-, 50-умумтаълим мактаб директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги “Ёшлар майдони”га директорлар ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини яъни 25 кишини майдонда ўсган ўтларни ўриш каби мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати аралашуви билан Анвар Хонтўраевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига зид ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатларга қонуний баҳо бериш учун вазирлик томонидан жорий йилнинг 15 май куни Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармасига юборилган.

Ўз ўрнида Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни қонуний ўрганиб чиқиб ҳоким ўринбосари Анвар Хонтўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 22,3 млн. сўм жарима жазоси қўлланилган.

2018 йил 14 августда Президентимизнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Ҳужжатнинг 16-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига (телефон: 1007) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига (телефон: 2001176) педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш вазифалари юклатилган.

 

Baham ko'ring: