Болаларни оилага тарбияга олиш (патронат)

Болаларни оилага тарбияга олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси  Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида низом мувофиқ амалга оширилади.

Фарзандликка олган оила ота-оналар қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш шаклларидан бири ҳисобланади. Ота-оналар қаровисиз қолган болани (болаларни) тарбия қилиш учун олишни истайдиган фуқаролар (эр-хотин ёки алоҳида фуқаролар) тутинган ота-оналар деб аталади, ушбу оила эса фарзандликка олган оила ҳисобланади.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан, тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.

Фарзандликка олган оиладаги болаларнинг умумий сони, ўз болалари ва фарзандликка олинган болалар билан биргаликда, қоидага кўра, 8 нафардан ошмаслиги керак.

Болаларни оилага тарбияга олиш ихтиёрий бўлиб, у васийлик ва ҳомийлик органлари билан болани олиш истагини билдирган шахслар ўртасида тузилган махсус шартнома асосида амалга оширилади.

 

ФАРЗАНДЛИККА ОЛГАН ОИЛАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

 

Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин, қуйидагилар бундан мустасно:

·        суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахслар;

·        суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган деб эътироф этилган шахслар;

·        қонун билан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармагани учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

·        ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек муттасил ичкиликбозликка ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганликлари учун фарзандликка олиш суд томонидан бекор қилинган бўлса, илгари фарзандликка бола олган шахслар;

·        қасддан қилинган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;

·        соғлиғининг ёмонлиги туфайли бола тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар. Қайси касалликка чалинган тақдирда болани тарбияга олиш тақиқланадиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади»;

 

Болани (болаларни) фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани беради.

 

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

·        никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);

·        оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;

·        иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

·        фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий- маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари;

·        санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

Ариза беришда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб, 30 иш куни мобайнида оиланинг турмуш шароитларини, болаларни тарбияга олишни истаганларнинг моддий таъминланганлик ҳолатини текширади, текшириш далолатномасини тузади ва текшириш далолатномаси асосида уларни ҳисобга қўяди. Ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчилар эътиборига қарор қабул қилинган кунидан бошлаб 5 кун муддатда етказилади. Ҳисобга қўйиш рад этилган тақдирда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳисобда турган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда васийлик ва ҳомийлик органларида ҳисобда турган ва ота-оналар қаровисиз қолган, шу жумладан тарбиялаш ва даволаш муассасаларидаги, шунингдек аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидаги вояга етмаган болаларнинг дастлабки танлаб олинишини амалга оширади.

Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни фақат уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра, битта оилага берилади, тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра улар бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

 

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув

 

Болаларни фарзандликка оладиган оилага тарбиялаш учун бериш битим асосида амалга оширилади. Болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш тўғрисидаги битим васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-оналар ўртасида тузилади.

 

Тарбияга берилган болаларнинг моддий таъминоти

Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбиялаш учун берилган болаларни ҳар йили бир марта кийим-бош ва пойабзал билан таъминлайдилар.

Васийлик ва ҳомийлик органлари болани оилага тарбияга олган тутинган ота-онага қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳар ойда нафақа тўлаб туради.

Тутинган ота-онага ҳомийлар, ташкилотлар, идоралар, айрим шахслар томонидан болаларни тарбиялаш мақсадида турли моддий ва маънавий ёрдам берилиши ҳам мумкин.

 

Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишувнинг бекор қилиниши

 

Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув муддатидан олдин қуйидаги сабаблар бўлганда тутинган ота-онанинг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин:

·        касаллиги;

·        оилавий ёки мулкий мавқенинг ўзгариши;

·        болалар билан ўзаро бир-бирини тушунмаслик ва бошқалар.

·        Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органининг ташаббуси билан ёки болалар ота-оналарга қайтарилган ёхуд улар фарзандликка олинганда муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.

 

Тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васий ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эгадирлар, яъни ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ва улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузади. Улар ўз қарамоғидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари учинчи шахслар томонидан суиистеъмол этилишидан ҳимоя қилади.

Болаларни тарбияга олган шахслар ўз ҳуқуқларидан ғаразгўйлик ёки бошқа ниятларда, тарбиясидаги болаларга зарар келтирган ҳолда фойдаланса, шунингдек, уларни назоратсиз ҳамда зарур моддий ёрдамсиз қолдирса, васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни тарбияга олган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўзғатишга ҳақлидир.

Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб боради.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 30 сентябрдаги 824-сон қарорига асосан:

·        2019 йил 1 ноябрдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил этиш орқали қабул қилаётган номзод фуқароларни тайёрлаш мақсадида «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларида Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари (кейинги ўринларда Тайёрлов курслари деб аталади) ташкил этилмоқда;

·        тутинган ота-оналарга Тайёрлов курсларини тугатганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади;

·        Тайёрлов курслари машғулотларини ўтказиш учун тегишли тармоқ вазирликлари, идоралар ва ташкилотларнинг ижтимоий ишлар соҳасида тутинган ота-оналарни маслаҳат ёрдами, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик-педагогик, тиббий жиҳатдан комплекс қўллаб-қувватлашни таъминловчи мутахассислари ҳамда давлат тарбия муассасаларининг ижтимоий-психологик-педагогик кўмаклашув хизмати ходимлари жалб этилади;

·        тутинган ота-оналарнинг Тайёрлов курсларида ўқиши бепул ташкил этилади;

·        Тайёрлов курсларининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

2020 йил 1 январдан бошлаб тутинган ота-оналар Тайёрлов курсларини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжати мавжуд бўлган фуқаролар орасидан танланиши белгиланган.

Поделиться в: