2019-2020 ўқув йили расман якунланди

Жорий йилнинг 25 май куни мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили расман якунланди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин туфайли “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилмади.

2019-2020 ўқув йилида мамлакатимизда 9942 та умумтаълим мактабларида 6,12 млн. ўқувчи таҳсил олди.

Албатта, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мамлакатимиздаги вазият туфайли ўқув йилининг тўртинчи чорагини масофадан ташкил қилишга тўғри келди.

Қисқа вақт давомида учта телеканалда видеодарслар ташкил этилди. Унда 200 нафардан ортиқ педагоглар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимлари билан ҳамкорликда 3900 дан зиёд дарслар тайёрлаб,эфирга узатди. Карантин даврида Ўзбекистонда ўқувчиларга билим бериш учун телевизион дарсларни эфирга бериш бўйича қарорни ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар юқори эътироф этди.

Мазкур жараён мамлакатимизда янгилик бўлгани, ўқитувчиларда камера олдида ишлаш кўникмаси бўлмагани учун камчиликлар ҳам учради. Телевизион дарслар устида ишлаган жамоа аҳолидан тушган таклиф ва эътирозларни ўрганган ҳолда тасвирга олиш жараёнларига ўзгартириш киритиб, видеодарсларни такомиллаштириб борди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Online-maktab лойиҳаси давом эттирилади. Ёзда телеканаллар орқали ўқувчиларга инглиз тили ва замонавий касб ҳамда кўникмалар бўйича билим берадиган дарсларни намойиш этиш режалаштирилган.

Халқ таълими вазирлиги ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказмаслик бўйича қарор қабул қилди.

Мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида жорий ўқув йилининг 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилди. Шу билан биргаликда kundalik.com тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларга рағбатлантириш сифатида 4-чоракдаги фақат ижобий баҳоларини йиллик баҳоларини ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилди.

2019-2020 ўқув йили натижаларига кўра 9-синфни жами 490 мингга яқин ва 11-синфни 451,3 мингдан зиёд ўқувчилар битирди ва ҳаётларининг янги саҳифасига қадам қўйди.

9-синф битирувчиларининг бир қисми 2020-2021 йилдан қайта ташкил этилаётган ўрта махсус таълим муассасаларида, 11-синф битирувчилари олий ўқув юртида таҳсил олишни давом эттиради. 11-синф битирувчиларининг бир қисми (олий таълим муассасаларига қамраб олинмаган) ўзларининг меҳнат фаолиятини бошлайди.

Битирувчилар 15 июнга қадар чоп этилган аттестат (шаҳодатнома)ларни электрон шаклини (сканер) олади.

2019 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида” низомни тасдиқлаган эди.

Низомга кўра, олтин медал умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфлари ҳамда академик лицейда барча фанлар бўйича якуний назорат, чорак, йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли, шунингдек, жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилиши белгиланган.

Кумуш медал умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейда барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Ҳудудлардан олинган буюртмаларга асосан, жами 6901 нафар ўқувчи олтин ва кумуш медал совриндорлигига даъвогар бўлмоқда. Улардан 4682 нафари олтин медал ва 2219 ўқувчи эса кумуш медал соҳиби бўлиши кутилмоқда.

Тайёрланган аттестат (шаҳодатнома)лар, олтин ва кумуш медаллар ҳудудда эпидемиологик вазият яхшиланиб, ўқувчиларга топширилгунга қадар барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда умумий ўрта таълим муассасасида сақлаб турилади.

Карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг аттестат (шаҳодатнома)лар, олтин ва кумуш медаллар ўз эгаларига топширилади.

bitiruvchi.png

Baham ko'ring: