Баркамол авлод тарбияси – долзарб вазифа

2017.01.06 | Янгиликлар

Таълим соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар мактабгача таълим тизимида ҳам ўзининг самараларини намоён этмоқда.

Мамлакатимизда мавжуд беш мингдан зиёд мактабгача таълим муассасасида 670 минг ўғил-қиз тарбияланмоқда. Тарбия масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тубдан таъмирлаш, зарур техник жиҳозлар, ўқув-услубий воситалар билан таъминлаш масаласи доимий эътиборда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги изчил ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Мазкур қарор болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, уларнинг интеллектуал, ахлоқий-эстетик ва жисмонан тўкис ривожланиши учун илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратиш, тарбиячи-педагогларни тайёрлаш ва малакасини оширишга доир ўқув режа ва дастурларни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда янги мактабгача таълим муассасаларини бунёд этиш, тарбиячи ва тарбияланувчиларга қулай ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Қарорда таълим-тарбия тизимига муқобил дастурларни жорий этиш назарда тутилган. Илғор хорижий мамлакатлар тажрибасида бу амалиёт жорий этилган бўлиб, ота-оналар, тарбиячилар улардан бирини танлаш ҳуқуқига эга. Махсус ва оммавий мактабгача таълим муассасалари учун мўлжалланган мазкур дастурларни 2017 йилда ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ қилиш белгиланган. Янгиланган дастурлар болаларни мактабга янада сифатли тайёрлашга, уларнинг интеллектуал қобилияти ва мантиқий фикрлаш салоҳиятини юксалтиришга, ёзиш ва ўқишни янада жадал ўрганишига хизмат қилади.

Бу натижага эришиш учун 2017-2021 йилларда 2200 мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, қишлоқ жойларда янги мактабгача таълим муассасалари қуриш, уларни замонавий талабга жавоб берадиган инвентарь, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгиланган.

Бугунги глобаллашув жараёни фарзандларимизнинг маънавий оламини асраб-авайлашни, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, онгу-шуурини болаликданоқ турли ёт ғоялардан ҳимоялашни тақозо этмоқда. Бу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ҳозирги кунда мактабгача таълим масканларининг ўрта, катта ва тайёрлов гуруҳларидаги тарбиявий жараён мазмунли машғулотлар асосида ташкил этилмоқда. Бу ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий анъаналаримизга ҳурмат туйғусини кучайтиради.

Қизиқарли машғулотлар билан бирга мусиқа, тасвирий санъат, рақс, спорт, экологияга оид турли тўгараклар кичкинтойлар тафаккур доирасининг кенгайиши, илк билимларининг шаклланиши, мустаҳкамланиши ва бойишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарорга мувофиқ бу борадаги ишлар ҳам янада такомиллаштирилади.

Қарорда болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 қисқа муддатли гуруҳ ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган 3-6 ёшли болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлаш, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўловини 30 фоизга камайтириш белгилангани ҳам қувонарлидир. Бу каби чора-тадбирларнинг тўлақонли амалга оширилиши мамлакатимизда болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 1,5 баробарга ошириш имконини беради.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ота-оналар қатори соҳа ходимларини ҳам ғоят хурсанд қилди. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклайди. Фарзандларимизга мактабгача ёшида кенг қамровли таълим-тарбия беришимиз, тасаввурини кенгайтиришимиз, қисқа қилиб айтганда, комил инсонни вояга етказиш йўлида мустаҳкам пойдевор яратишимиз жуда муҳимдир.

Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек: “Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.
 

Мақсуджон Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш
бош бошқармаси бошлиғи.
 


ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 32

Сайтда рўйҳатдан ўтганлар :

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.