Замонавий мактаб формасини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди

2018.08.16 | Янгиликлар

15 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг қарор билан тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Ота-оналарга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида тижорат банкларига аҳоли томонидан мактаб формаларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилди.

Қарор билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини инобатга олган ҳолда ҳудудларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантириш, ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда республиканинг барча туман (шаҳар) марказларида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этиш юклатилди.

Ўқувчилар учун замонавий мактаб формасини ишлаб чиқишда танланган мато турининг таркибида табиий толаларни етарли равишда мавжудлиги, сифатининг давлат стандартлари талабига жавоб бериши, ўқувчилар томонидан узоқ муддат кийилиши учун чидамлилиги, рангининг бола психологиясига мос келиши, боланинг соғлиғига таъсир кўрсатувчи гигиеник талабларга мувофиқлиги каби жиҳатлари инобатга олинди.

Қуйида замонавий ягона мактаб формасини жорий этишга сабаб бўлган жиҳатлар, унинг афзалликлари ва қандай ишлар амалга оширилганига тўхталиб ўтамиз.

Ўзаро тенглик ва саломатлик. Ягона мактаб формаси ўқувчини билим олишдан бошқа нарсаларга чалғимаслигига, ўқувчилар ўртасида ўзаро тенг муносабатлар шаклланишига хизмат қилади. Шунингдек, болалар саломатлиги учун зарарли бўлган матолардан тайёрланган турли кийимлардан сақланиш имконини бериб, ота-оналарда сифати ва нархи доимий назорат қилиб бориладиган замонавий мактаб формасини харид қилиш имконияти бўлади.

Ўқувчилар, ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда яратилди ва тажриба-синовдан ўтказилди. Халқ таълими вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини яратишда соҳа мутахассислари ва республикамизнинг етакчи дизайнерлари иштирокида бир йил давомида юздан ортиқ мактаб формаси моделлари дизайни яратилди ва ота-оналар, умумтаълим мактаблари раҳбарлари ҳамда педагоглари иштирокида бир неча маротаба муҳокамадан ўтказилди. Ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилган муҳокамалар натижасида мактаб формаларининг 10 та модели алоҳида танлаб олиниб, республикамизнинг шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказилди. Тажриба-синов натижаларини таҳлил қилиш натижасида, ота-оналар томонидан кўпчилик овоз тўплаш орқали танланган мактаб формаларининг сифати такомиллаштирилди ва ҳукумат қарорига киритилди.

Қулайлик, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, сифат ва ҳамёнбоп нархлар. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини инобатга олган ҳолда ҳудудларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантиради. Ҳудудий ҳокимликлар, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2018 йил август ойидан бошлаб мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида республиканинг барча туман (шаҳар) марказларида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этади.

Халқаро тажриба ўрганилди. Бугунги кунда умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун қатъий белгиланган мактаб формалари Буюк Британия, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, Австралия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби қатор давлатларда амалиётга жорий этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан мактаб формасини ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларини ташкил этиш “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига юклатилгани сабабли мактаб формасини харид қилиш жараёнига мактаб директорларининг аралашувига ёки мактабда форма учун пул йиғимларига йўл қўйилмаслигини маълум қиламиз.

Қуйида эътиборингизга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган замонавий ягона мактаб формаси шакларининг расмлари эътиборингизга ҳавола этилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 
 
 
 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.