Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан суҳбат

2018.02.28 | Янгиликлар

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда соҳа ва тармоқларни тубдан ривожлантириш, жамият ҳаётини модернизациялаш ва янгилашга доир ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар ижроси бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Халқ таълими тизими ҳам шундай туб ислоҳотлар марказида турибди, десак муболаға бўлмайди. Чунки эртанги кунимиз қандай бўлишини белгиловчи ёш авлод ва ўқитувчи-мураббийларнинг энг катта контингенти (5 миллион 250 минг нафарга яқин ўқувчи, 400 минг нафардан ортиқ ўқитувчи) айнан шу тизимга қамраб олинган. Чуқур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлган, интеллектуал ривожланган ўғил-қизларни тарбиялаш, пировардида, Ўзбекистоннинг қисқа муддатларда ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлашда мактабларда берилаётган таълим-тарбия ниҳоятда муҳим ўрин тутади.

Бугунги кенг кўламли ўзгаришлар даврида халқ таълими тизимида қандай ишлар олиб борилаётгани юзасидан атрофлича маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири, педагогика фанлари доктори, профессор Улуғбек Иноятовга бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

— Ҳурматли Улуғбек Илёсович, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан Сиз раҳбарлик қилаётган вазирлик ўзига қандай вазифаларни белгилаб олди?

— Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси ҳамда 2018 йил 3 январда ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик томонидан таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, жорий йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун шарт-шароитларни яхшилаш мақсадида 67 минг 549 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 21 та умумтаълим мактабини янгидан қуриш, 221 тасини реконструкция қилиш, 93 та мактабни капитал таъмирлаш кўзда тутилган.

Республикадаги 672 та (шундан 335 таси қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган ва 337 таси қайта жиҳозланадиган) умумтаълим мактабини 51 858 тўплам ўқув парталари, 225 тўплам физика, кимё ва биология ўқув-лаборатория жиҳозлари, 41 та спорт залларини спорт инвентарлари билан таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2018 йилда умумтаълим мактабларини Кореянинг Эксимбанки кредит маблағлари ҳисобидан 2859 тўплам, Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан 1303 тўплам, Таълимда халқаро ҳамкорлик ташкилотининг грант маблағлари ҳисобидан 412 тўплам компьютер техникалари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, таълим жараёнига хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитишнинг инновацион методлари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим-тарбия жараёнининг сифатини ошириш, 11-синф ўқувчилари учун 20 номдаги 9,7 миллион нусха дарсликлар чоп этиш режалаштирилган.

Умумтаълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчиларига касб ўргатиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг 489 та синфини зарур жиҳозлар билан таъминлаш орқали меҳнат бозорига касб-ҳунарга эга ёшларни етказиб беришга эришамиз.

Муҳтарам Президентимизнинг ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиш юзасидан ташрифлари давомида берган топшириқларига мувофиқ, ўқувчиларнинг муайян фанлар бўйича иқтидорини рўёбга чиқариш учун Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов, Қарши шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф, Мирзо Улуғбек туманида Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари ташкил этилди. Бундан ташқари, ўқувчиларда ҳарбий-ватанпарварлик, Ватанга садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида республика бўйича яна 56 та ихтисослаштирилган мактаб очилади.

Таълим муассасаларининг раҳбар кадрларини тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари директорлари учун камида бир нафардан ёш, шижоатли, ташаббускор, ташкилотчи, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган, халқ таълими тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қиладиган, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар бера оладиган ўқитувчи ва директор ўринбосарларидан “дублёр” директорлар таркиби шакллантирилади ҳамда улар учун ўқув-семинарлар ташкил этилади. Мактабларда таълим сифати мониторинги ўтказилиб, иш самарадорлиги паст бўлган директорлар “дублёр” директорлар билан алмаштирилади.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қўйилган вазифаларни сифатли бажариш ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш учун Халқ таълими вазирлиги 2018 йилнинг устувор вазифаларини белгилаб олди.

Жумладан, Президентимиз фармони билан қабул қилинган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурининг 174-бандида умумий ўрта таълим мактаблари раҳбар ва ўқитувчиларининг иш вақти меъёрларини қайта кўриб чиқиш асосида ортиқча ҳисоботларни камайтириш, таълимни бошқариш органлари ва раҳбарлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилмаган ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилишга барҳам бериш вазифаси белгиланган. Айни пайтда шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Янги қарор лойиҳасида ўқитувчилар учун ойлик, йиллик педюклама соати, ҳисоботи деган тушунчадан воз кечилиб, ўқитувчи берилган топшириқлар юзасидан мактаб педкенгашида фақат мактаб раҳбариятига ҳар ярим йилда бир марта ҳисобот бериши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг ҳафталик ўқув(дарс) соатлари юкламасини камайтириш, мактаб раҳбарлари ва тоифалар бўйича ўқитувчиларнинг ойлик маошини сезиларли ошириш, ўқитувчиларни ютуқларига қараб йил давомида бир неча бор моддий рағбатлантириб бориш каби қатор муҳим масалалар кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, бола тарбиясида оила институтининг ролини ошириш, ота-оналарга фарзандлари тарбияси билан шуғулланишлари ва мулоқот қилишлари учун кенг имконият яратиш, ота-она ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини ривожлантириш, бошланғич синф ўқувчиларининг ўқув юкламасини камайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб республикадаги барча умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказилади. Янги ўқув йилидан эътиборан 2–4-синфларни ҳам ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказиш кўзда тутиляпти.

Натижада ўқувчилар ота-оналари билан кўпроқ бирга бўлади, оилада китоб мутолааси, музей, театр ва тарихий обидалар ҳамда табиат масканларига саёҳат қилиш — ички туризмни ривожлантириш учун қулай шароит яратилади. Ҳафтанинг шанба кунлари таълим муассасаларида ўқувчиларнинг қизиқишлари ва ота-оналарнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда турли тўгараклар, спорт секциялари ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Бу йил “Таълим тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун кўп вариантлилик асосида мактаб формасини жорий этиш, ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни махсус сиртқи бўлимларда босқичма-босқич ўқитиш орқали мактабларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, олис ва тоғли ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларининг кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда мақсадли қабулни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ва бошқа йўналишларга ихтисослаштирилган синфлар тармоғини кенгайтириш; болаларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналарини бадиий адабиётлар билан тўлдириш чоралари кўрилмоқда.

“Баркамол авлод” болалар марказларида ташкил этилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2018–2022 йилларга мўлжалланган устувор тадбирлар концепцияси ишлаб чиқилади. Спортнинг 21 тури бўйича “Умид ниҳоллари — 2018” спорт мусобақаларининг финал босқичи жойларда “Ёшлик ва спорт байрами” сифатида ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, келгусида юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўша оладиган авлодни камол топтириш, жонажон Ватанимиз манфаатларини жаҳон миқёсида муносиб ҳимоя қиладиган ёшларни вояга етказиш йўлидаги ишларимиз ҳали кўп.

Бу ишларни амалга оширишда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, янгича ёндашувлар асосида ишлаш, оддий одамларнинг ташвиши билан яшаш, топширилган вазифани бажаришда жавобгарликни ҳис қилиб, фидойилик намунасини кўрсатиш — бугунги кунда фаолиятимизнинг бош мезони бўлиши зарур. Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт.

— Ўтган йил катта ўзгаришлар даври бўлди. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги тизими бошқарувида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди. Шу хусусида гапириб берсангиз.

— Дарҳақиқат, 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг хоҳиш ва истаклари инобатга олинган ҳолда таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қарор, фармон ва фармойишлар қабул қилинди.

Жумладан, халқ таълими тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, вазирлик фаолиятини умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришга йўналтириш, таълимнинг бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда масъулиятини ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш орқали таълим сифатини таъминлаш мақсадида 2017 йил 30 сентябрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари мутлақо янги талаблар асосида белгилаб берилди.

Қабул қилинган қарор халқ таълими тизимида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, таълимни бошқаришга ваколатли давлат ташкилотларининг масъулияти ҳамда фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш сифатини яхшилаш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, халқ таълими муассасаларидаги ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни, янги педагогик технологияларни, таълимнинг техник ва ахборот воситаларини жорий этишни кучайтириш, таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасига мос тарзда ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилишига қаратилган.

Қарорга биноан, Халқ таълими вазирлиги марказий аппаратида ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида муҳим тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган топшириқ ва вазифаларни тўлиқ ҳамда сифатли бажариш мақсадида ёшлар сиёсати бўйича алоҳида вазир ўринбосари; вазирлик фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларни соҳага оид янгиликлар билан тезкор таништириб бориш ишларини ташкил этиш мақсадида вазирлик марказий аппаратида матбуот котиби; вазирлик марказий аппаратида ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида қўшимча юридик хизмат штат бирликлари жорий этилди.

Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларига замон талаблари даражасида малакали методик хизмат кўрсатиш орқали умумий ўрта таълим беришнинг сифат ва самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг, туман(шаҳар) халқ таълими бўлимларининг ташкилий тузилмалари ҳамда таълим муассасаларига методик хизмат кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан, умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман(шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилди. Бу хизмат қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилиши, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, товар, иш ва хизматларнинг харид қилиниши, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, фаолият тури бўйича товарлар(ишлар, хизматлар)дан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш каби вазифаларни бажаради.

Ўз навбатида, Халқ таълими вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларида Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ташкил этилмоқда. Мазкур тизим туман(шаҳар)даги марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати фаолиятини назорат қилиб, бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, тасарруфидаги муассасаларда харажатлар сметасини режалаштириш, бюджет ҳисобининг юритилиши, тендер (танлов) савдоларининг ўтказилиши ва шартномалар тузилиши мониторинги ҳамда профилактика ишлари билан шуғулланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига биноан компетенциявий ёндашувга асосланган ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, 2017-2018 ўқув йилида чоп этилган 1-, 4-, 6-, 7- ва 10-синф дарсликлари мазмун-моҳиятига сингдирилди ва юртимиздаги таълим 7 тилда олиб борилаётган барча умумтаълим мактабларига етказилди. Янги дарсликлар асосида берилаётган билим, малака, кўникмаларни ўқувчилар ҳаётда қўллай олишига йўналтириш ДТС ва ўқув дастурларининг асосий мақсади ва замон талабидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартда қабул қилинган “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳам тизимда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, белгиланган меъёрларга кўра, ўқувчиларни синфларга 35 нафардан ошиб кетмаган ҳолда жойлаштириш каби муаммоларни ҳал этади. Қарор асосида тасдиқланган низомда умумтаълим муассасалари филиаллари, кам комплектли синфлар, куни узайтирилган гуруҳлар, логопедия шохобчаларини ташкил этиш ва фаолиятини белгилаш, ўқувчиларни синфдан синфга, мактабдан мактабга ўтказиш, ҳужжат юритиш, мактабларни ташкил этиш, тугатиш ва қайта ташкил этиш ҳамда пуллик хизматлар кўрсатиш тартиблари аниқ белгиланди.

— Муштарийларимизни қизиқтирадиган яна бир муҳим савол: умумтаълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилиши, хусусан, 10-синфларнинг очилиши, 10-синф ўқувчиларини дарслигу муаллимлар билан таъминлашгача бўлган саъй-ҳаракатлар қандай кечмоқда?

— Халқ таълими тизимида сўнгги бир йилда олиб борилган ислоҳотлар, қолаверса, Президентимиз томонидан тавсия этилиб, халқимиз тўла қўллаб-қувватлаган 11 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши билан боғлиқ моддий-техник база, замонавий синфхона ва устахоналар ташкил этиш, дарслик ва қўлланмалар яратиш, кадрлар билан таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган ишчи гуруҳ томонидан мактабларда 10-синфларни очиш имкониятлари, ўқувчиларнинг ва ота-оналарнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир умумтаълим мактабининг ҳолати жойларга чиқиб ўрганилди, 9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилиб, келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоли вазиятлар тушунтирилди. Бунда:

10–11-синфларнинг ташкил этилиши ва ҳар йили 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчилар сонининг мунтазам ошиб бориши муносабати билан келгуси ўқув йилларида мактабларда вужудга келиши мумкин бўлган муаммолар ва моддий-техник базанинг ҳолати;

навбатлилик коэффициенти юқори бўлган мактаб ўқувчиларини яқин ҳудуддаги бошқа таълим муассасаларига жойлаштириш имкониятлари;

жойлашуви ва транспорт қатнови қулайлигига қараб мактаб ёки коллежларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш имкониятлари ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди.

Ҳар бир мактабда 9-синф битирувчиларини қайд этиш бўйича “темир дафтар”лар тутилиб, ўқувчи ва ота-оналарнинг истаклари қайд этиб борилди.

2016-2017 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган 467 минг нафар ўқувчидан 284 минг нафари ёки қарийб 70 фоизи 10-синфда таълим олмоқда.

10-11-синфлар учун жамиятни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, олимлар, амалиётчи-ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикри асосида 12 та умумтаълим фани бўйича ўқув режалари қайтадан ишлаб чиқилиб, қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 11-синфда касб таълими орқали 50 дан зиёд касб ўргатилиши билан бирга “Тадбиркорлик асослари” фани ҳам ўқитилади.

Фан дастурлари асосида 10-синф ўқувчиларига умумтаълим фанларидан 18 номдаги дарсликлар 7 тилда — жами 9 миллион нусхада чоп этилди ва жойларга етказилди. Мазкур дарсликларни яратиш жараёнига тажрибали ўқитувчилар, педагог-олимлар ва методистлар кенг жалб этилди.

Энг асосийси, ёшларимизнинг эртанги куни учун замин тайёрлайдиган, уларнинг келажагини белгилаб берадиган, ўзи қизиққан, иқтидори ва қобилиятига мос касб эгаси қилиб етиштириш ва ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш тизими йўлга қўйилди.

Таълим сифатини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бу — педагог маҳоратидир. Яъни, ўз касбининг устаси бўлган малакали ўқитувчигина ўқувчи қалбига йўл топиб, билим сирларини ўзлаштиришига ёрдам бера олади.

Шу маънода, юртимизда 11 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан олдимизда “Ким дарс беради?” деган масала турган эди.

Бу вазифани ҳал қилиш йўлида тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга ишлаб, юзага келадиган эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг 9526 нафар битирувчиси, шунингдек, академик лицей ва коллежларда дарс соатлари қисқарган 12 минг нафардан ортиқ умумтаълим фанлари ўқитувчилари ишга қабул қилинди. 10-синфларда дарс берадиган фан ўқитувчиларига ўқув режа, малака талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида ўқувлар ташкил этилди. Ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шакллари ва усулларини, инновацион педагогик технологияларни татбиқ этишни ўргатишга қаратилган курсларда 90 минг нафар ўқитувчининг малакаси оширилди, 2,5 минг нафар номутахассис кадр қайта тайёрлаш курсларидан ўтди.

Жойларда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилиб, жорий ўқув йилида 750 нафар йигит-қиз талабаликка қабул қилинди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари очилди. Шу билан бирга, республикамизнинг 15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларда 9 мингдан ортиқ ўрта махсус маълумотга эга педагогларнинг олий маълумот олишига имконият яратилди.

Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарда тўртта йўналишда замонавий моддий-техник базага эга, малакали раҳбар бошқараётган, юқори педагогик салоҳиятли жамоага эга бўлган таълим муассасаларида аниқ фанлар, табиий фанлар, гуманитар фанлар ва филология фанлари бўйича таянч мактаблар белгилаб олинди.

Бу мактаблар тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари педагогларига узлуксиз методик хизмат кўрсатишда асосий методик база ҳисобланиб, ўз фаолиятини вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари кафедралари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Таянч мактаблардаги маҳорат дарслари халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган давлат мукофотлари соҳиблари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман, вилоят ва республика босқичи ғолиблари, олий тоифали ўқитувчилар томонидан ташкил этилмоқда.

— 10–11-синф ўқувчиларига касб ўргатиш вазифаси ҳам Халқ таълими вазирлигига юклатилди. Аввало, қандай касблар ўргатилиши назарда тутилган? Бу тадбирлар қандай ташкил этилмоқда?

— Умумий ўрта таълим муассасалари 10–11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятидан келиб чиққан ҳолда, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, республикамиз бўйича 470 та мактаб ва 1018 та касб-ҳунар коллежида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил қилинди. Мазкур мажмуаларда ўқувчилар ҳафтада бир кун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган элликдан ортиқ касб-ҳунарларни ўрганмоқда.

Бу касблар рўйхатини ҳудудларнинг шарт-шароитидан ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, қолаверса, мутасаддилар ҳамда иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан бирга шакллантирдик. Яъни, 11-синф ўқувчиси мактабни тамомлагандан кейин эгаллаган ҳунари билан ўз ишини топа олишига максимал даражада эътибор қаратдик.

Мажмуаларда касблар мураккаблигига қараб 1 ёки 2 йил давомида ўргатилади ва меҳнат бозоридаги эҳтиёжга асосан касблар ўзгариб туради. 10–11-синф ўқувчиларига ҳафтада 1 кун 6 соатдан 2 йил давомида касбий таълим берилади. Ҳудудларнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, кейинги ўқув йилидан ўргатилаётган касблар сонини 60 дан оширишни режалаштирганмиз. Эътиборли жиҳати, 11-синфни тугатган ўқувчиларга ўрта маълумот тўғрисида аттестат билан бирга, касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

— Давлатимиз раҳбари ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келгани, аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам, ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораётгани ҳақида гапириб, турли ташкилотлар раҳбарлари зиммасига катта вазифаларни юклади. Бола тарбиясида ҳамкорлик бўйича халқ таълими тизимида қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда?

— Дарҳақиқат, Президентимиз “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқида бу ҳақда алоҳида тўхталиб, “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, дея таъкидлади.

Юқорида Халқ таълими вазирининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари лавозими жорий қилингани ҳақида тўхталгандик. Хулқ-атворида муаммолар мавжуд бўлган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва жисмоний тарбияга жалб қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда профилактика қилиш масалалари ҳам ҳал этилиб, вазирлик тизимида бевосита Халқ таълими вазирининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосарига тўғридан-тўғри бўйсунувчи Ўқувчи-ёшлар билан ишлаш бошқармаси тузилди. Ёшлар билан ишлаш тизимини замон талаблари даражасида тубдан ўзгартириш, барча таълим муассасаларида бошланғич ташкилотлар тузиш орқали Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик кучайди, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятимизда кечаётган изчил ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш имконияти яратилди.

Мусиқа ва санъат таълими муассасалари бошқармаси ва Болалар спортини ривожлантириш бошқармаси негизида Мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш бошқармаси фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, дарсдан ташқари машғулотлар самарадорлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

Бугунги кунда барча умумтаълим мактабларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолият юритяпти. Мазкур бошланғич ташкилотларда сардорлар томонидан «тенгдош-тенгдошга» тамойили асосида ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, ёшлар етакчилари мактабларда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар дунёқарашини кенгайтириш мақсадида “Ёш китобхонлар”, “Заковат”, “Мунозара”, “Муваффақият мактаби” каби қатор тўгаракларни олиб боради.

Вазирлигимиз ташаббуси билан ҳар йили ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва уларнинг китобга меҳрини ошириш мақсадида таълим муассасаларида ўтказиб келинаётган “Китобхонлар байрами” тадбири доирасида 1—4-синф ўқувчилари ўртасида “Китобим — офтобим”, 5–9-синф ўқувчилари ўртасида “Адабиёт кунлари”, “Китоб тақдимоти” тадбирлари ва “Энг яхши китобхон ўқувчи” танлови бундан кейин мутлақо ўзгача руҳда ташкил этилади.

Бугунги кунда республикамизда 211 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият кўрсатиб, уларда ташкил этилган 5068 та тўгаракда 130304 нафар ўқувчи қўшимча касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда, бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда.

Ушбу тўгаракларга жалб қилинган ўқувчиларнинг 12792 нафари кам таъминланган оилалар фарзандлари, 1970 нафари Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, 101 нафари “SOS-Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси тарбия муассасалари тарбияланувчилари, 342 нафари имконияти чекланган болалар, 120 нафари ички ишлар органларида профилактик ҳисобга олинган болалардир.

Тарбия кўпчилик билан мукаммал бўлади. Аввало, ота-оналар, маҳалла ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамжиҳат ишласак, бу, албатта, ўз мевасини беради. Шароитлар эса яратилмоқда. Биздан фақат фидойилик талаб этилади.

— Саволларимизга атрофлича жавобларингиз учун раҳмат.

"Маърифат" газетаси
мухбири суҳбатлашди.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Ахборот хизмати телефон рақами: (+99871)226-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.