Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаевнинг маърузаси

2017.06.24 | Маърузалар

Д.Кенжаев маърузаси

ОАВ ходимлари иштирокида медиа-тур

Бекобод шаҳри, 23 июнь, 2017 й

 

Таълим муассасаларидаги “Ота - оналар билан мулоқот хонаси” ҳамда “Ёз – 2017” тадбирларининг ташкил этилиши бўйича

 

Ассалому алайкум ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари,

 

Авваламбор, барчангизни яқинлашиб келаётган касб байрамингиз 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва жамоаси номидан табриклашга рухсат бергайсиз. Сиз ижод аҳлига мустаҳкам соғлик, ижодий муваффақиятлар ва омад тилайман. Халқ таълими вазирлиги ҳамиша Сизлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириб, мустаҳкамлаб боради.

Энди бевосита тадбиримиз мавзусига қайтсак. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши Халқ таълими вазирлиги олдига ҳам қатор вазифаларни қўйди.  

Жумладан, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқ манфаати йўлида хизмат қилиши лозим деган тамойил асосида вазирлик тизимидаги барча таълим муассасалари, бошқарув органларида фуқаролар мурожаати доимий назоратга олинди.

Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, хусусан, ҳар бир фуқаронинг ахборот олишга бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда.

  2014 йилда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиш тартибини белгилаб, уларнинг ҳуқуқларини қонунан янада мустаҳкамлади.

  Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, қолаверса, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 2016 йилнинг 28 ноябрь куни Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси (www.vazir.uzedu.uz) ишга туширилди.

Бугунги кунда фуқаролар Халқ таълими вазирлигига:

-  Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси;

-  “Ишонч телефони” 10-06;

-  info@xtv.uz электрон почта манзили орқали;

- бевосита раҳбарият қабулига кириш орқали мурожаат қилиши ва қисқа муддат ичида ўз саволларига жавоб олиши мумкин.

Энди бевосита Халқ таълими вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан бўлган мурожаатларга қисқача тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг 31 май ҳолатига вазирликка жами 5566 та мурожаатлар келиб тушган.

Энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (769 та), Тошкент шаҳар (725 та), Тошкент (688 та), Фарғона (677 та) Андижон (488 та) Сурхондарё (419 та) ва Навоий (396 та) вилоятларидан келиб тушган.

Жорий йилнинг апрель (1201 та) ва май (997 та) ойларида келиб тушган мурожаатларни таққосласак, уларнинг умумий сони камайган.

Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган аксарият аризалардаги муаммоларни деярли 80 фоизи жойлардаги раҳбарлар томонидан ҳал этиладиган масалалардан иборат.

Мурожаатларнинг мазмуни бўйича таҳлил қилинса, энг кўпи таълим муассасалари ходимларининг ҳатти-харакатларидан норози бўлиб қилинган мурожаатлар (1057 та), ишга тиклаш ва иш билан таъминлаш (846 та), мактабгача таълим муассасалари тўғрисида (719 та) масалаларга тўғри келмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, уларнинг қонун доирасида кўриб чиқлиши, имкон қадар ижобий ҳал этилиши доимий назоратга олинган бўлиб, вазирлик мазкур муроажаатлар оқимини  камайтириш йўлида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Халқ таълими вазирининг 2017 йил 20 февралдаги 56-сонли буйруғи билан вазирлик тасарруфидаги барча таълим муассасаларида “Ота-оналар билан мулоқот хонаси” фаолияти ташкил этилди. Бугун Сиз Бекобод шаҳридаги 2 та таълим муассасасида ана шундай хоналар фаолияти билан яқиндан танишдингиз.

“Ота-оналар билан мулоқот хонаси”ни ташкил этишдан мақсад жойларда мактаб маъмурияти ва ота-оналар билан ўзаро мулоқотни мустакамлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал қилишдан иборат. Чунки, вазирликка келаётган мурожаатларда кўтарилган масалаларни мазмунан таҳлил қиладиган бўлсак, ундаги муаммолар жойида мактаб директори мақомида ҳал этилади. Таълим муассаларидаги “Ота-оналар билан мулоқот хонаси”да жамоатчилик вакиллари бевосита раҳбарлар билан ўз муаммосини муҳокама қилиши мумкин.

Бундан ташқари вазирликка бўладиган мурожаатлар жўғрофияси мунтазам таҳлил қилинади ва энг кўп аризалар келиб тушаётган ҳудудларда Халқ таълими вазири, вазир ўринбосарлари иштирокида “Сайёр қабул кунлари” ташкил этилади.

Қолаверса, ота-оналарнинг саволларига реал вақт бирлигида жавоб бериш, интернет фойдаланувчиларига вазирлик раҳбарияти ва мутахассислари билан мулоқот қилиш имкониятини яратиш мақсадида доимий равишда “Онлайн-мулқот”лар уюштириб келмоқда. Бу каби тадбирларда исталган фойдаланувчи ўз саволига реал вақт бирлигида жавоб олиш имкониятига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, вазирлик ҳар бир фуқаронинг таълим олиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар бир мурожаати ортида инсон тақдири турганини инобатга олган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилади. Бу борада тизимдаги барча масъул раҳбарларга жойларда жамоатчилик билан алоқаларни яхшилаш, одамларнинг дардини тинглаш вазифаси қатъий юклатилган. Бу жараёнда ҳамюртларимиздан ҳам ташаббус кўрсатишни, мурожаат қилиш маданиятига амал қилишни ва энг муҳими барчамиз мана шу муқаддас юрт фарзанди эканимизни ва  унинг тараққиётига биргаликда ҳаракат қилишиз зарурлигини унутмаслигимиз керак.

 

Ҳурматли медиа-тур иштирокчилари,

 

Бугунги тадбир давомида Сизларга Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан мана икки йилдирки амалиётга жорий этилаётган “Ёз-2017” концепцияси билан ҳам таништирдик.

Хабарингиз бор, ёзги дам олиш мавсумини тўғри ташкил этиш, оромгоҳларда болаларнинг мазмунли ва мароқли дам олишини таъминлаш масаласига ҳар йили жиддий эътибор қаратилади. Жорий йилда юртимизда 1150 та болалар ёзги дам олиш оромгоҳлари ташкил этилган бўлиб, улардан 214 таси стационар, 936 таси кундузги орогоҳлар ҳисобланади. Мазкур оромгоҳларда жами 300 мингга яқин болалар дам олдирилди.

Умумтаълим мактабларида 4,5 млн. дан ортиқ ўқуувчи таҳсил олишини инобатга оладиган бўлсак, оромгоҳга жалб қилинмаган болалар нима билан машғул бўлади деган савол кун тартибига чиқади.

Айни мақсадда Халқ таълими вазирлиги ташабуси билан оромгоҳларга қамраб олинмаган болалар учун “Ёз-2017” концепцияси ишлаб чиқилди Ушбу концепциянинг асосий мақсади ўқувчиларни бўш вақтларини фойдали меҳнатга йўналтиришдир.

Мазкур концепцияга кўра республикадаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмайдиган ҳамда кундузги оромгоҳлар ташкил этилмаган таълим муассасаларида тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Яъни,

-    Мактабларда “соғломлаштириш майдончалари”;

-    “Баркамол авлод” болалар марказларида тўгараклар;

-    Ахборот-ресурс марказларида китобхонлик машғулотлари ўтказилади.

Мазкур Концепцияга мувофиқ таълим муассасаларида маданий – маърифий ва спорт тадбирлари жорий йилнинг 15 июнидан  15 августигача ҳафтанинг душанба-жума кунлари давомида ўқувчилар ёшига мувофиқ ташкил этилади.

Муассасаларда белгиланган вақтларда ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари инобатга олинган ҳолда давра суҳбатлари, ўйинлар, викториналар, спорт мусобақалари, китобхонлик баҳслари, инглиз тили сабоқлари, мусиқа тўгараги каби турли тадбирлар ташкил этилади.

Бу даврда таълим муассасаларидаги тўгараклар, спорт майдонлари, кутубхона ва маънавият хоналарининг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу масканларда ўқувчиларнинг таътил кунларини мароқли ўтказишига барча шароит ва имкониятлар яратилган.

Мазкур Чора-тадбирлар режасига биноан ёзги таътилда асосий эътибор ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш, уларга мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб бориш, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни «оммавий маданият»нинг турли салбий таъсирларидан ишончли ҳимоя қилишга қаратилиши белгилаб қўйилган.

Юқорида қайд этилган барча турдаги таълим муассасалари учун ёз мавсуми давомида ташкил этиладиган тадбирлар бўйича алоҳида-алоҳида наъмунавий кун тартиблари ва ҳафталик дастурлар ишлаб чиқилган. Шунингдек, таълим муассасаларида мавжуд радиоузеллар ва овоз кучайтиргич ускуналари орқали ҳар куни чорлов мусиқаларининг янграб туриши белгиланган. Бунинг учун намунавий чорлов куйлари ва эрталабки гимнастика машқи учун мусиқалар рўйхати ҳам тайёрланган.

Таълим муассасаларида дастур доирасида намойиш этиладиган миллий ва жаҳон мультфильмлари, кинолар, компьютерларда ўйналадиган таълимий ва ривожлантирувчи ўйинлар рўйхатлари ҳам шакллантирилди.

Умуман вазирлик томонидан қабул қилинган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ёзги таътил даврида 3 млн.дан ортиқ ўқувчиларни маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олиш имконияти яратилади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилаётган “Ёз-2017” концепциясини амалиётга самарали жорий этилиши натижасида:

— ўқувчиларнинг дам олиши ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишнинг янгича тизимини яратишга эришилади;

— ёзги таътил даврида 3 млн.дан ортиқ ўқувчини турли йўналишдаги маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олинади;

— ўқувчиларни “оммавий маданият”нинг турли кўринишларидан ҳимоя қилиб, уларда мафкуравий иммунитетни янада мустаҳкамлаш имконияти пайдо бўлади;

— болаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш жараёнидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Хулоса қилиб айтганда, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ота-оналар билан мулоқот хоналари” ёз мавсумида ҳам тўлақонли фаолият кўрсатади ва ҳамюртларимиз бу ерга келиб ўз мурожаатларига жавоб олишлари мумкин.

Шу ўринда оммавий ахборот восиалари хоидмларига мурожаат қилмоқчи эдим. Халқ таълими вазирлиги ваколати доирасида ҳар бир фуқаро мурожаатининг қонуний ечим топишга ҳаракат қилади. Жойлардаги “Ота-оналар билан мулоқот хоналари”нинг самарали фаолият кўрсатишида эса жамоатчилик назоарти муҳим ўрин тутади. Шунинг учун, Сиз ижодкорлардан соҳа янгиликларини тезкор ёритиб бориш, аҳолимизни фаолликка чақириш, бу йўлда туркум таъсирчан мақола, лавҳа ва эшиттиришлар тайёрлашни сўраб қолади. Халқ таълими вазирлиги эса бу борада Сизлар билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр!

Марҳамат кимда қандай саволлар бўлса беришингиз мумкин.

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 34

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.