“MIT.uz” Миллий интернет танлови

2015.03.03 | Танловлар

“MIT.uz” Миллий интернет танлови НИЗОМИ
I.Танловнинг асосий мақсади

Ёшлар учун мўлжалланган ижобий мазмундаги энг яхши интернет ресурсларни яратиш, кўпайтириш, мавжудларини аниқлаш ва рағбатлантириш, веб-ресурсларни яратувчилар диққат эътиборини интернет технологияларидан масъулиятли, ахборот маданияти талаблари доирасида ҳамда хавфсиз фойдаланиш муаммосини ҳал этиш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.

II.Танловни ташкил этиш ва ўтказиш
1. Танловни ўтказиш, унинг расмий номи, рамзи ва атрибутикасидан фойдаланишга оид барча ҳуқуқлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатига тегишлидир.
2. Танловнинг расмий сайти: www.mit.uz  
3. Танлов уч босқич (танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш ва номзодларни саралаш, ғолиб ва совриндорларни саралаш ҳамда тақдирлаш)да ўтказилади.
4. Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи интернет веб-сайтлар яратувчилари (жисмоний ва юридик шахслар) иштирок этади.
5. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш масъул ташкилотчиларнинг вакилларидан таркиб топган ташкилий қўмита зиммасига юклатилади. Ташкилий қўмита танловнинг эксперт гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантиради ҳамда уларнинг раҳбарини тайинлайди. Ҳакамлар ҳайъати таркибига вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, шунингдек, маданият ва санъат соҳаси вакиллари киритилиши мумкин.
6. Биринчи босқич – танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш ва номзодларни саралаш – 2014 йилнинг 25 апрелидан 15 июлгача ўтказилади.
7. Иккинчи босқич – ғолиб ва совриндорларни саралаш – 2014 йилнинг 1 июлидан 10 сентябригача ўтказилади.
8. Учинчи босқич – ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш – 2014 йилнинг сентябр ойининг охирида ўтказилади. Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимининг куни ва жойи Ташкилий қўмита қарорига асосан белгиланади ва www.mit.uz  сайтида камида 10 кун олдин эълон қилинади.
9. Иштирокчилар аризалари 2014 йилнинг 25апрелидан бошлаб 1 июлига қадар қабул қилинади.
10. Танловга www.mit.uz  сайтида жойлаштирилган намуна асосида тўлдирилган аризалар қабул қилинади. Аризаларни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳудудий Кенгашларидан олиш ва тўлдириш мумкин.
11. Танловга фаолият кўрсатаётган ёки 2014 йил 1 июнгача интернет тармоғига жойлаштирилиши режалаштирилган сайтлар тақдим этилиши мумкин. Битта иштирокчи томонидан танловга тақдим этилиши мумкин бўлган сайтлар миқдори чекланмаган. Жисмоний шахслар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлиши шарт.
12. Танловга сайтни фақат унга бевосита дахлдор бўлган жисмоний ёки юридик шахс – доменнинг (қонуний) эгаси тақдим этиши мумкин. Сайтни танловга қайта тақдим этиш ва аризани қайтариб олишга фақат сайт (домен)нинг эгаси ҳақли.
13. Танловга тақдим этилган битта сайт фақат битта асосий номинацияда (ёки битта қўшимча номинацияда) иштирок этиши мумкин.
14. Танловда иштирок этувчи жисмоний шахслар ўз аризасига қуйидаги қўшимча ҳужжатларни тақдим қилиши лозим: – иштирокчининг паспорт (ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) нусхаси; – иштирокчининг ўқиш ёки иш жойидан тавсиянома (амалга оширган ишлари, ижодий фаолияти йиллар кесимида кўрсатилган бўлиши лозим); – иштирокчининг охирги 3 ой ичидаги 4х6 ҳажмдаги 2 дона фотосурати.
15. 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган жисмоний шахслар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан биргаликда танловга тақдим этган сайтнинг доменига унинг яқин қариндошларидан бирининг (қонуний) эгалиги тўғрисидаги ваколатли ташкилотнинг маълумотномасини топшириши лозим.
16. Танловда иштирок этувчи юридик шахслар ўз аризасига қуйидаги қўшимча ҳужжатларни тақдим қилиши лозим:
– иштирокчининг паспорт (ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) нусхаси;
– иштирокчининг иш жойидан тавсиянома (амалга оширган ишлари, ижодий фаолияти йиллар кесимида кўрсатилган маълумот бўлиши лозим);
– танловга тақдим этган сайтнинг доменига унинг (қонуний) эгалиги тўғрисидаги ваколатли ташкилотнинг маълумотномаси;
– иштирокчининг охирги 3 ой ичидаги 4х6 ҳажмдаги 2 дона фотосурати.
17. Танловда ташкилий қўмита аъзолари фаолиятига алоқадор шахслар ва лойиҳалар ҳамда интернет ресурслар, шу жумладан, ижтимоий тармоқларнинг алоҳида олинган саҳифалари ёки бўлимлари иштирок этишлари мумкин эмас.
18. Танловга тақдим этилган аризалар Ташкилий қўмита тасдиқлаган Эксперт гуруҳи томонидан сараланади ва шу аснода номзодларнинг рўйхати шакллантирилади. Эксперт гуруҳи тақдимномасига асосан танловга тақдим этилган ариза Ташкилий қўмита томонидан бекор қилиниши мумкин. Номзодларнинг якуний рўйхатини Ташкилий қўмита тасдиқлайди ҳамда танловнинг расмий сайтига жойлаштиради.
19. Ташкилий қўмита танловни ўтказиш жараёнида танлов сайтини, электрон маълумотлар базасини яратади ва танлов иштирокчиларига керак бўладиган барча маълумотларни сайтга жойлаштиради.
20. Танловда иштирок этаётган сайтнинг мазмунига қуйидаги талаблар қўйилади:
 – сайтнинг контенти танлов аудиторияси (ёшлар)нинг талаб ва қизиқишларига мос келиши лозим;
– сайтнинг контенти ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга йўналтирилган бўлиши, уларнинг билим даражасини ва дунёқарашини ошириши керак;
– сайтнинг контенти интернет фойдаланувчисида ахборот олиш маданиятини ҳамда ундан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши керак;
– сайтдаги ахборотларнинг камида 80 фоизи (контент, рукн ва саҳифаларнинг ҳажмига қараб белгиланади) ёшлар учун мўлжалланиши, улар учун фойдали контент билан тўлдирилган бўлиши, доимий равишда янги материаллар билан бойитиб борилиши керак;
– сайтнинг интерфаол рукнлари (янгиликлар, воқеа-ҳодисалар) доимий равишда (ҳафтасида камида бир маротаба) янгиланиб турилиши керак;
– танловда иштирок этаётган сайтга учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, шу жумладан, муаллифлик ҳуқуқини поймол этувчи материаллар, миллий қонунчиликка зид бўлган материаллар, маънавий ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган материаллар, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилиши таъқиқланган маҳсулот ва хизматлар рекламасини жойлаштириш таъқиқланади.
21. Танловда иштирок этаётган сайтнинг фойдаланувчилар томонидан мустақил тарзда тўлдирилувчи бўлимлари (форумлар, микроблоглар, шарҳлар), уларда турли таҳқирловчи сўз ва иборалар қўлланилишининг олдини олиш мақсадида сайт администратори томонидан назорат қилиб борилиши керак.
22. Танловда иштирок этаётган сайт визуал безатишнинг замонавий талаблари (юқори сифатли графика, шрифт ва рангларнинг мутаносиблиги, сайт мазмуни ва аудиториясига мос формат ва бошқалар)га жавоб бериши лозим.
III.Ташкилий қўмита ҳамда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлар
1. Ташкилий қўмита фаолияти давомида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
– танловни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;
– танлов тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқади ва унга ўзгартишлар киритади;
– танлов бошланиши тўғрисида белгиланган муддатларда оммавий ахборот воситаларига расмий эълон беради.
– танловнинг ўтказилиш шартлари (танловни ўтказиш қоидалари, муддати, баҳолаш жараёни, мезонлари ва босқичлари)ни белгилайди;
– Эксперт гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъатининг таркиби ҳамда уларнинг раҳбарларини тайинлайди;
– тасдиқланган режага мувофиқ, ахборот ҳамкорлари билан келишилган ҳолда танловнниг ахборот компанияси доирасида турли тадбирларни ўтказади;
– танловга аризалар қабул қилиш жараёнини ташкил этади, аризаларнинг мазкур Низомда кўрсатилган талаблар асосида расмийлаштирилишини назорат қилади;
– танловни ўтказиш жараёнида Эксперт гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъатининг таркибини тасдиқлайди ва уларнинг ишини мувофиқлаштиради;
– танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросимини ташкил этади;
– танловнинг бошқа ташкилий масалаларини ҳал этади.
2. Ташкилий қўмита ўз фаолияти давомида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– танловга тақдим этилган сайт мазкур Низомда кўрсатилган талабларга жавоб бермаган тақдирда номзоднинг аризасини қайтариш;
– танлов иштирокчиси мазкур Низомда кўрсатилган талабларни бузган ҳамда танловнинг ўтказилиш талаб ва шартларига мос келмаган тақдирда уни танловдан четлаштириш;
– Эксперт гуруҳи ва (ёки) ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг ваколати доирасида тўғирлаб бўлмайдиган техник хатолар аниқланган номинациялар бўйича танлов натижаларини бекор қилиш.
3. Ташкилий қўмита қуйидаги тартибда қарор қабул қилади:
 – Ташкилий қўмита томонидан барча қарорлар фақат аъзоларнинг овоз бериш ё_ли билан ҳамда ҳал қилинаётган масаланинг муҳимлик даражасига қараб қабул қилинади.
– овоз бериш натижалари, унда Ташкилий қўмита аъзоларининг 2/3 қисмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ҳақиқий деб қабул қилинади.
4. Ташкилий қўмита танлов жараёнида қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
– танловнинг барча иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни яратиш;
– танловнинг очиқ ва ошкора тарзда ўтказилишини таъминлаш;
– танлов натижаларини келишилган муддатдан аввал эълон қилинишига йўл қўймаслик.
5. Танлов иштирокчисининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
 – танловни ўтказиш шартлари ва тартиби тўғрисида маълумот олиш;
– танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатда ариза бериш;
– Ташкилий қўмитага аризалар қабул қилиш муддати тугашидан камида 3 кун олдин мурожаат этган ҳолда ўз аризасини қайтариб олиш;
– танловга ариза тақдим этгандан тақдирда ўз сайтида “MIT.uz” миллий интернет танлови иштирокчиси” деган ёзув ва танловнинг логотипини жойлаштириш;
– танлов ғолиби деб эълон қилинганида соврин(лар)ни ўзи ёки ишончли вакили орқали қабул қилиб олиш.
6. Танлов иштирокчисининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
– аризани топширишдан олдин танлов тўғрисидаги мазкур Низом билан тўлиқ танишиш, Низомда кўрсатилган талаблар асосида аризани тўлдирилиш; – мазкур Низомда кўрсатилган қоидаларга қатъий риоя этиш.
7. Танлов иштирокчиси тақдим этган қўшимча ҳужжатлардаги нотўғри маълумотлар учун жавобгар ҳисобланади.
8. Танлов иштирокчи ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда Ташкилий қўмита томонидан тегишли тартибда танловдан четлаштирилиши мумкин. Иштирокчининг танловдан четлаштирилгани тўғрисидаги хабар унинг электрон почта манзилига (башарти унинг анкетасида электрон манзили кўрсатилган бўлса) юборилади. Танлов иштирокчиси ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганидан сўнг танловга фақат Ташкилий қўмитанинг рухсати билан иккинчи маротаба ариза топшириши мумкин.
IV.Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари
1. Сайтлар (танлов иштирокчиларининг ишлари) эксперт гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъати томонидан қуйидаги асосий мезонлар бўйича баҳоланади:
– Мазмундорлик ва интерфаоллик. Сайтнинг мазмуни бу – сайтда мавжуд барча ахборотлар. Ахборот фойдаланувчилар эътиборини тортиши ҳамда сайт мавзусига мос келиши лозим. Сайтнинг интерфаоллиги фақат гиперҳаволалар ва ўз-ўзидан пайдо бўлувчи менюларнинг мавжудлиги билан белгиланмайди, балки сайт фойдаланувчига ўзаро ахборот алмашиш учун диалог муҳитини яратиши керак.
– Дизайн ва қулайлик. Сайт ташқи кўринишининг тавсифи. Сайтнинг визуал безатилиши, юқори сифатга эга графика, шрифтлар ва рангларнинг аниқ танланганлиги ва мутаносиблиги, сайт формати ва мазмунининг аудитория ҳамда сайт олдига қўйилган вазифаларга мослигига қараб баҳоланади. Қулайлик деганда сайтдан фойдаланишдаги имкониятлар тушунилади. Сайтда ахборотдан фойдаланиш ҳамда бир бўлимдан иккинчисига ўтишдаги қулайликлар унинг таркибий тузилмаси ва навигацион функцияларига боғлиқ. Сайтдан керакли ахборотларни тезкор топишда навигацион имкониятларнинг кенглиги.
– Функционаллик, технологик имкониятлари ва хавфсизлиги. Ушбу мезон сайтнинг технологик хусусиятларини ифодалайди. Яхши функционаллик сайтнинг тез очилишини, ундаги барча ҳаволалар ишчи ҳолатда бўлишини англатади. Технологиялар эса сайт аудиториясининг талабларига жавоб бериши керак. Сайтнинг сифати имкон қадар серверлик платформаси, браузернинг тури ёки фойдаланувчи мониторига боғлиқ бўлмаслиги лозим. Сайтда ахборот ресурсларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сайтдан фойдаланишни чеклаш (аутентификация ва авторизация босқичлари) мавжуд бўлиши керак.
2. Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари эксперт гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъати томонидан махсус ишлаб чиқилган баҳолаш варақалари ёрдамида баҳоланади.
3. Танлов ғолибларини аниқлаш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
– 1 июлдан 1 августгача ҳакамлар ҳайъати аъзолари қуйидаги учта кичик ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда номзодларнинг ишларини баҳолайди:
– “Мазмундорлик ва интерфаоллик” ишчи гуруҳи таркибига журналистлар, реклама ва ПР бўйича мутахассислар киради.
– “Дизайн ва қулайлик” ишчи гуруҳи таркибига рассом, дизайнер ҳамда сайтнинг қулайлигини аниқлаш бўйича мутахассислар киради.
– “Функционаллик, технологик имконият ва хавфсизлик” ишчи гуруҳи таркибига малакали дастурчилар ва тармоқ администраторлари киради.
4. Ишчи гуруҳлар аъзолари сайт (номинант)ни фақат ўз йўналиши бўйича баҳолайди.
5. Сайтлар (иштирокчиларнинг ижодий ишлари) ҳакамлар ҳайъати томонидан 10 баллик тизимда баҳоланади.
6. Ишчи гуруҳларнинг ҳар бир аъзоси ҳар бир номзодга ўз баҳосини қўяди. Ҳар бир сайт (иштирокчининг ижодий иши)га ишчи гуруҳлар томонидан қўйилган ўртача балл келтириб чиқарилади.
7. Танловнинг асосий ва қўшимча номинациялари ғолиблари ва совриндорларини аниқлаш тартиби қуйидагича:
– танлов ғолиблари эксперт гуруҳи ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан қўйилган баҳоларга қараб аниқланади;
– танловнинг асосий номинацияси бўйича номзодларнинг якуний баллари тенг бўлиб қолганда, ўз сайтида “MIT.uz” миллий интернет танлови иштирокчиси” деган ёзувни жойлаштирган иштирокчи ғолиб деб топилади.
8. Танловнинг асосий номинацияси ғолиби қуйидаги ҳолатларда аниқланмаслиги мумкин:
– ташкилий қўмитанинг қарорига мувофиқ, муайян номинация бўйича танловга топширилган ишларнинг ҳеч бири талабга жавоб бермаган тақдирда (агарда тўпланган жами баллар миқдори 5 баллдан паст бўлса) ғолиб аниқланмайди;
– тегишли номинацияда иштирок этувчилар сони 5 тадан кам бўлса ҳамда улар орасидан биринчи ўринга муносиби топилмаса, шу номинация(лар) бўйича танлов ғолиби аниқланмайди.
V.Ғолибларни тақдирлаш
1. Танлов ғолибларини тақдирлашни ташкил этиш мақсадида Ташкилий қўмитанинг мажлиси ўтказилади ҳамда танловнинг натижалари эълон қилинади ҳамда танлов ғолиблари ва совриндорларининг рўйхати ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.
2. Танлов натижалари расман эълон қилингунга қадар ҳакамлар ҳайъати ҳамда ташкилий қўмита аъзолари бу ҳақдаги маълумотларни ошкор этишлари мумкин эмас.
3. Танлов натижалари ва ғолибларнинг рўйхати тантанали тақдирлаш маросимидан сўнг танловнинг расмий сайти ҳамда ахборот ҳамкорлари ҳисобланган оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
4. Танловнинг асосий номинациялари бўйича биринчи ўрин ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:
– “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолиби дипломи;
– планшет;
– танлов статуеткаси;
– танлов ташкилотчилари томонидан тақдим этилган бошқа қимматбаҳо совғалар.
5. Танловнинг асосий номинациялари бўйича иккинчи ўрин ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:
– “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолиби дипломи;
– ноутбук; – танлов статуеткаси;
– танлов ташкилотчилари томонидан тақдим этилган бошқа қимматбаҳо совғалар.
6. Танловнинг асосий номинациялари бўйича учинчи ўрин ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:
– “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолиби дипломи;
– телевизор;
– танлов статуеткаси;
– танлов ташкилотчилари томонидан тақдим этилган бошқа қимматбаҳо совғалар.
7. Танловнинг қўшимча номинациялари бўйича фақат биринчи ўрин ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:
– “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолиби дипломи;
– телевизор;
– танлов ташкилотчилари томонидан тақдим этилган бошқа қимматбаҳо совғалар.
8. Танловнинг асосий номинациялари ғолиблари ва совриндорлари Ташкилий қўмита қарори асосида кейинги йили ўтказиладиган танловнинг эксперт гуруҳи ёки ҳакамлар ҳайъати таркибига кириш ҳуқуқи берилиши мумкин.
9. Номинациялар ғолиб ва совриндорлари ҳомийлар томонидан (Ташкилий қўмита билан келишилган ҳолда) таъсис этилган қўшимча соврин билан тақдирланишлари мумкин.
10. Танлов натижаларига кўра ҳакамлар ҳайъати исталган иштирокчини ҳайъатнинг махсус соврини билан тақдирлаш ҳуқуқига эга.
11. Ташкилий қўмита танлов доирасида интернет ва бевосита танловнинг ривожига муносиб ҳисса қўшган ишлар ёки шахсларни тақдирлаш ҳуқуқига эгадир.
12. Ташкилий қўмита танлов ғолиблари ва совриндорларини расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали танитиш (ПР)га ёрдам бериши мумкин.
VI.Якуний қоидалар
1. Танловни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар масъул ташкилотчиларнинг маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланилади.
2. Давлат ва нодавлат ташкилотлари танловда ҳомийлик қилишлари мумкин.
Манба: www.mit.uz

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 33

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.