Бобомерос туйғуни асраш — бурчимиз!

2018.01.11 | Қарор ва ижро

Оилада қиз фарзанд туғилса, нафосат ва гўзаллик, ота-онасининг меҳрибон куюнчаги бўлади, деб қариндош-уруғ қувонади. Агар ўғил фарзанд дунёга келса, юрт тинчлиги ва осойишталиги ҳимоячиси туғилди, деб бутун кўнгли фахрга тўлади, қадди кўтарилади. Уларнинг жисмонан соғлом, бақувват ва эпчил бўлиб улғайиши учун ота-она алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, мардлик ва матонатни талаб этадиган касб — ҳарбий соҳага қизиқтиришни энг олий шараф деб билади.

Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да ўқув, маънавият ва маърифат хоналари, ахборот-ресурс маркази, ушбу таълим муассасаси фаолияти ҳaқида ҳикоя қилувчи фотокўргазмa билан танишарканмиз, хаёлимиздан ана шундай фикрлар ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг ватанга садоқат, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилиши инобатга олиниб, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилди. Бу воқелик ҳарбий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ҳарбий хизматчилар, педагог ва ўқувчиларни янада руҳлантирди.

— Ўқувчиларни ўз киндик қони тўкилган муқаддас ватанини юксак қадрлайдиган, жонажон халқига ғамхўр, унинг ҳимоясига ҳамиша тайёр, жасур ва қатъиятли этиб тарбиялаш жамоамизнинг муҳим вазифасидир, — дейди Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” директорининг ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик бўйича ўринбосари, подполковник Қамбарали Азизов. — Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 22 майдаги «Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Тошкентда ҳарбий-телекоммуникация, Самар¬қандда ҳарбий-қурилиш, Фарғонада ҳарбий-техник, Урганчда ҳарбий-юридик йўналишларга ихтисослаштирилган академик лицейлар ташкил этилгани мамлакатимиздаги ўрта махсус ҳарбий таълим муассасаларини ислоҳ қилишнинг дастлабки босқичи бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги фармонига мувофиқ, ҳарбий академик лицейимизга янги ном берилиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига бириктирилгани тарихий воқеа бўлди. Шунингдек, буюк бобомиз Амир Темурнинг ҳарбий-маънавий меросини ўрганишга бағишланган машғулотлар ҳажми оширилиши муносабати билан ўқув режаси ва дастурларига ўзгартиришлар киритилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Миллий гвардия қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида илм даргоҳимизнинг ўқув-моддий базаси плакатлар, кўргазмали воситалар, турли адабиётлар билан бойитилгани таълим жараёнининг самарадорлигига хизмат қилмоқда.

“Темурбеклар мактаби”га айлантирилганидан кейин ўқув маскани ва ўқитувчиларга қўйиладиган талаблар ҳам ошди. Устозлар сафига қабул қилинадиган номзодлар камида ўн йиллик педагогик тажрибага эга, ижодий изланувчан, юксак маънавиятли, соғлом турмуш тарзига амал қиладиган, энг муҳими, зиёли, ўзининг ҳарбий таълимни юксалтиришга оид мақолалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганига кўра сараланади.

“Темурбеклар мактаби” ўқув взводи ва гуруҳ командирлари лавозимига эса кадрлар шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз томонидан “Энг илғор мутахассис” кўрик-танлови ғолиблари ҳамда ҳарбий округларнинг Сержантлар тайёрлаш мактабини битирган, соҳада сафдошларига ўрнак бўлган ҳарбий хизматчилар орасидан танлаб олинади.

Муассасада таълим-тарбия олаётган ўқувчилар билан ҳафтанинг ҳар жума куни ўтказиладиган маънавият соати, қолаверса, фан ва спорт тўгараклари машғулотларида Амир Темурнинг шонли ҳаёт йўли, ҳарбий маҳорати, бунёдкорлик ишлари ҳамда теран инсоний фазилатлари кенг тарғиб этилмоқда.

Подполковник Қамбарали Азизовнинг таъкидлашича, умумтаълим мактаби ўқувчиларининг бу масканда ўқиш иштиёқи тобора ортаётгани боис, кенг жамоатчилик, айниқса ота-оналар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилмоқда. Маълумот ўрнида келтириш жоизки, Миллий гвардиянинг “Темурбеклар мактаби”га умумтаълим мактабининг 9-синфини тугатган, уч саралаш босқичидан ўтган ёшлар қабул қилинади. Дастлабки босқич яшаш жойидаги туман(шаҳар) мудофаа ишлари бўлимида ўтказилади. Иккинчиси эса вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг ҳарбий профессионал танлаш (тиббий кўрик, психофизиологик, саводхонлик даражасини (диктант) баҳолаш, жисмоний тайёргарликни аниқлаш ва якка тартибдаги суҳбат) босқичини ўз ичига олади. Сўнггиси ўзбек (рус) тили ва адабиёти, математика ва физика фанлари бўйича давлат тест синовлари бўлиб, у “Темурбеклар мактаби”да ўтказилади.

Давлат имтиҳон комиссияси қарорига мувофиқ, хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларининг фарзандлари — тегишли идора ёки вазирликнинг ёзма илтимосномасига кўра, синовнинг биринчи босқичидан ўтган ёшлар тест синовларидан озод этилиши мумкин. Шунингдек, халқаро ва республика фан олимпиадалари, Халқ таълими, Маданият вазирликлари, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ўтказган турли мусобақалар ғолиблари ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази гувоҳномасига эга бўлса, тест синовларидан озод этилади.

— Маънавий-маърифий тайёргарлик, сaфда юриш, тўсиқлар оша югуриш, автоматни бўлакларга ажратиш вa йиғиш борасидаги билимларни ўзлаштириш баробарида граната улоқтириш, турникка тортилиш, қўл жанги, арқон тортиш, ҳарбий эстафета, спортнинг яна етти тури бўйича баҳс¬ларда беллашиш имконияти мавжуд, — дейди 2-босқич ўқувчиси, қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионати совриндори Жаҳонгир Абдураимов. — Ҳар¬ йили анъанавий тарзда “Амир Темур авлодлари” ҳарбий спорт мусобақалари ўтказилади. Мактаб спорт зали, ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик майдончаларида мунтазам шуғулланамиз, лекин айни пайт¬да куч фақатгина адолат ва унинг ҳимояси йўлида ишлатилиши лозимлигини доимо ёдда сақлаймиз.

Ҳа, эр йигитга мардлик, қатъият, матонат ва жасорат ҳар қанча бўлсин, ярашади. Жасур ўғлонларга хос бу хислатлар ватанпарварлик туйғуси билан ҳамоҳанг бўлса, нур устига нур. Зеро, бу бизга авлоддан авлодга ўтиб келаётган бобомерос туйғудир. Уни ҳамиша қалб қўримизда асраймиз, номусимиз каби ҳимоя қиламиз.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони Телефон: (+99871) 239-13-43, факс:
(+99871) 239-16-30 e-mail:info@xtv.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 30

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.